• Ўзбек
"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ДАВЛАТ ДАСТУРИ ИЖРОСИ: ГЕОЛОГИЯ СОҲАСИДА ЕТУК МУТАХАССИСЛАР ТАЙЁРЛАШ ТИЗИМИ ЯРАТИЛМОҚДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 январда Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида иқтисодиётнинг қатор муҳим тармоқлари, жумладан, кимё, нефть ва газ, энергетика, электротехника, қурилиш материаллари, заргарлик саноатини хомашё билан таъминлаш учун, аввало, геология-қидирув соҳасини тубдан ривожлантириш лозимлиги қайд этилиб, Давлат геология қўмитаси олдига шу йилда янги истиқболли майдонлар ва конларни аниқлашни 35 фоизга, келгуси йилда эса 40 фоизга ошириш вазифасини қўйилган эди.

Табиийки, соҳада фойдали қазилмалар захираларини кўпайтириш ва улардан оқилона фойдаланишни таъминлаш, ҳудудларда замонавий саноат ишлаб чиқаришини ташкил этишда етарли хомашё базасини яратиш, бир сўз билан айтганда, мазкур вазифани сифатли бажариш учун, энг аввало, геология илм-фани ва таълимини ривожлантириш зарур. Чунки, ҳар қандай соҳа малакали ва тажрибали мутахассисларнинг салоҳияти ва меҳнати эвазига ривожланади. Мазкур долзарб вазифани амалга ошириш 2020 йилги Давлат дастурининг 181-бандида белгиланган.

Давлат раҳбарининг жорий йил 8 июнь куни имзолаган “Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси тизимида Геология фанлари университети фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан соҳадаги кадрлар тайёрлаш ва малакасини ошириш билан боғлиқ мавжуд муаммолар ҳал этиладиган бўлди.

Қарорга кўра, геология соҳасида таълим, илмий-тадқиқот ва амалиёт интеграциясига ихтисослашган, Давлат геология қўмитаси таъсисчилигида Геология фанлари университети ташкил этилади.

Университетнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари:

- юқори малакали ва замонавий фикрловчи олий маълумотли кадрларни халқаро таълим стандартларига мувофиқ тайёрлаш;

- замонавий таълим дастурлари ва шаклларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш, ўқув жараёнига илғор педагогика ва ахборот технологияларини ҳамда фан ва техниканинг энг янги ютуқларини қўллаш;

- фан ва таълимнинг узвийлиги ва узлуксизлиги тамойили асосида, мутахассислар ва илмий-педагог кадрларни тайёрлаш сифатини ошириш;

- фундаментал, амалий ва инновацион лойиҳаларга иқтидорли талабаларни кенг жалб қилиш, уларни самарали рағбатлантириш механизмларини жорий этиш;

- ер ҳақидаги фанлар соҳасидаги илмий ишланмаларни тижоратлаштиришнинг аниқ мезонлари ва самарали механизмларини ишлаб чиқиш, уларнинг натижаларини геология соҳаси амалиётига кенг жорий қилиш;

- хорижий давлатларнинг етакчи таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари, бизнес-ҳамжамиятлари ва халқаро геологик жамиятлар билан узоқ муддатли ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда мустаҳкамлаш;

- геология соҳаси ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ва бошқалар.

Университет Давлат геология қўмитаси, тоғ-кон саноати корхоналари ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқлари учун геология йўналишидаги малакали кадрлар тайёрлаш ҳамда илмий-тадқиқот ишларини бажариш бўйича республиканинг ихтисослашган олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаси ҳисобланади;

Ҳ.М.Абдуллаев номидаги Геология ва геофизика институти, Минерал ресурслар институти, Гидрогеология ва муҳандислик геологияси институти, Нефть-газ конлари геологияси ва қидируви институти, Геология соҳаси кадрлари малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институти ҳамда Давлат геология музейи Университет таркибига киради;

Университетга талабалар Давлат геология қўмитаси буюртмаларига асосан шакллантириладиган ва ҳар йили тасдиқланадиган республика олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш параметрларидан келиб чиққан ҳолда давлат буюртмаси ҳамда тўлов-контракт асосида қабул қилинади;

Абитуриентлар 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб мазкур Университетга белгиланган тартибда ҳужжат топширишлари мумкин.

Таълим даргохида талабалар Ўзбекистон Республикасининг давлат таълим стандартлари асосида геология ва кончилик йўналишидаги етакчи хорижий олий таълим муассасалари, шу жумладан, Санкт-Петербург кончилик университетининг (Россия Федерацияси) қўшма таълим дастурлари бўйича, улар билан эришиладиган келишувларга мувофиқ ўқитилади;

Қарор билан Геология фанлари университетининг Геоинновацион технологиялар маркази ҳам ташкил этилди.

Марказда соҳада тадқиқотлар ва ишланмаларни янада ривожлантириш учун илғор илмий-техник база яратилади, малакали кадрларнинг янги авлоди тарбияланади, ихтирочилик ғоялари ва лойиҳалари шаклланиши учун ноёб тадқиқот майдончаси, изланувчанлик ва ихтирочилик муҳити яратилади.

Университет ҳузурида етакчи геология ва кончилик йўналишидаги хорижий олий таълим муассасаларининг, шу жумладан, Санкт-Петербург кончилик университетининг махсус умумтаълим ва базавий техник фанларини ўқитишга ихтисослашган Бошланғич муҳандислик тайёрлаш маркази ҳам ташкил этилади.

Ушбу олий таълим муассасаси ҳузуридаги Бошланғич муҳандислик тайёрлаш маркази битирувчилари ўз ўқишларини мутахассислиги бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Давлат геология қўмитасининг нуфузли таълим муассасалари билан келишувига асосан хорижий олий таълим муассасаларида, шу жумладан, Санкт-Петербург кончилик университетида ёки мазкур Университетда давом эттиришлари мумкин.

Шунингдек, қарор билан Геология фанлари университетини ташкил этиш ва унда фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини йўлга қўйиш бўйича “йўл харитаси”, Геология фанлари университетида саноат корхоналаридаги геология соҳасига оид муаммолар ечимига қаратилган илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга оширишнинг мақсадли дастури ҳамда Васийлик кенгаши таркиби тасдиқланди.

Ҳулоса ўрнида айтиш мумкинки, мазкур ҳужжатнинг қабул қилиниши, ер қаърини геологик жиҳатдан ўрганиш, ундан оқилона фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш соҳасида малакали етук кадрлар тайёрлаш тизимини замон талаблари даражасида такомиллаштириш орқали мамлакатимизда геология-қидирув соҳасини тубдан ривожланишига хизмат қилади.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати