"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ДАВЛАТ ДАСТУРИ ИЖРОСИ: “ЯШИРИН ИҚТИСОДИЁТ” УЛУШИ ҚИСҚАРАДИ


Жорий йилги “Илм, фан ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” Давлат дастурининг 71
-бандида «Яширин иқтисодиёт»нинг улушини қисқартириш бўйича бажариладиган устувор чоралар белгиланган эди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 июндаги “Ўзбекистон Республикасида “Яширин иқтисодиёт” улушини қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан мазкур банд ижроси таъминланди.

Ушбу қарор билан “Яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш чора-тадбирларини амалга ошириш бўйича 23 та банддан иборат “Йўл харитаси” тасдиқланиб, унда қатор амалий саъй-ҳаракатларни амалга ошириш назарда тутилди.

Жумладан, қуйидаги устувор вазифалар ҳаётга жорий этилади:

  • иқтисодиётда хуфиёна айланмани қисқартиришга қаратилган таркибий ўзгаришларни амалга ошириш;
  • иқтисодиёт соҳалари ва тармоқларида рақамли технологияларни кенг жорий этиш ва маркировкалаш;
  • иқтисодиётда нақд пулсиз ҳисоб-китоблар ҳажмини ошириш;
  • банк хизматларининг оммабоплигини ошириш;
  • «яширин иқтисодиёт» субъектларини аниқлаш механизмларини такомиллаштириш;
  • ташқи савдода «яширин иқтисодиёт» улушини қисқартириш бўйича самарали тизимни жорий этиш;
  • «яширин иқтисодиёт» улушини қисқартириш бўйича кенг тарғибот-ташвиқот ишларини ташкил қилиш.

Шунингдек, йил охирига қадар «яширин иқтисодиёт»ни қисқартиришга қаратилган қуйидаги чора-тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилмоқда:

  • Давлат солиқ қўмитаси ва унинг ҳудудий бўлинмаларида жисмоний шахсларнинг даромадларини деклaрация асосида солиққа тортиш бўлими, электрон савдони солиққа тортиш бўлими, «яширин иқтисодиёт»ни қисқартириш ва халқаро иқтисодий интеграция бўлими ташкил этилади;
  • Халқаро ташкилотлар (Жаҳон банки, Халқаро валюта жамғармаси ва бошқалар) экспертларини жалб қилган ҳолда, Ўзбекистон Республикасининг иқтисодиётида «яширин иқтисодиёт»ни баҳолаш ва ҳисоблаш бўйича тавсиявий услубий қўлланма ишлаб чиқилади;
  • Баҳолаш якунлари бўйича 2021 — 2023 йилларда «яширин иқтисодиёт» улушини қисқартириш ва унга қарши курашишнинг таъсирчан чораларини назарда тутувчи комплекс дастур ишлаб чиқилади;
  • Барча кадастр ҳужжатлари рақамлаштирилади, миллий геоахборот тизимини жорий этилади;
  • Ягона электрон билет тизими жорий этилади;
  • Аҳоли учун истеъмол кредитлари ажратиш тартиби янада соддалаштирилади ва такомиллаштирилади;
  • Барча кадастр ҳужжатлари рақамлаштирилади;
  • “Humo” ва “Uzcard” тўлов тизимларини интеграциялаштирилади;
  • "QR" код орқали амалга ошириладиган тўловларнинг оммабоплиги оширилади ва кўлами кенгайтирилади;
  • Молиявий хизматлар кўрсатувчи муқобил ташкилотлар ривожлантирилади, “Нобанк кредит ташкилотлари тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати