• Ўзбек
"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

МЕДИА КАМПАНИЯНИНГ 2-КУНИ ИҚТИСОДИЁТНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ВА ИНВЕСТИЦИЯЛАРНИ ФАОЛ ЖАЛБ ҚИЛИШ ЙЎНАЛИШИГА БАҒИШЛАНДИ


“Тараққиёт стратегияси” маркази ташаббуси билан эълон қилинган “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” Давлат дастури тарғиботига бағишланган медиа-кампаниянинг иккинчи куни иқтисодиётни ривожлантириш ва инвестицияларни фаол жалб қилиш йўналишига бағишланди.

Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Жаҳон банки ҳамкорлигида ташкил этилди.

Тадбирнинг асосий мақсади – 2020 йилги Давлат дастурида назарда тутилган чора-тадбирларни ахборот-таҳлилий жиҳатдан муҳокама қилиш орқали:

- белгиланган мақсад-вазифаларнинг ижроси, қабул қилиниши режалаштирилаётган қонунлар ва бошқа номатив-ҳуқуқий ҳужжатлар, амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг бориши ҳақида кенг жамоатчилик, жумладан халқаро ҳамжамиятни кенг хабардор этиш;

- маҳаллий ва хорижий экспертлар, мутахассислар, ННТлар, жамоатчилик вакилларининг таклиф-мулоҳазаларини ўрганиш;

-  илғор хорижий тажриба, халқаро стандартлар, халқаро ташкилотлар ва экспертларнинг баҳолари, фикр-мулоҳазаларини олиш;

- белгиланган вазифаларнинг сифатли ва ўз вақтида бажарилишини таъминлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар юзасидан таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш ва ўз навбатида, тегишли давлат бошқаруви идораларига тақдим этишдан иборатдир.

“Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков халқаро видеомулоқотни очиб берар экан, 284 та банддан иборат 2020 йилги Давлат дастурининг салмоқли қисми, яъни 96 та банди Иқтисодиётни ривожлантириш ва инвестицияларни фаол жалб қилиш устувор йўналишига тааллуқли экани ва ўтган 6 ойда мазкур йўналишга оид жами 15 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинганини қайд этди.

- Дунё ҳамжамияти 2020 йилда  COVID-19 пандемияси туфайли глобал иқтисодий инқирозга юз тутиб, барча давлатлар мазкур инқироз ва унинг таъсирини юмшатишга қаратилган чораларни кўришга мажбур бўлди. Ўзбекистонда ҳам шу мақсадда март ойидан шу кунга қадар Давлат раҳбарининг 20 га яқин қарор ва фармонлари қабул қилинди. Мазкур ҳужжатларда мамлакатда иқтисодий фаолликни ошириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, бюджет харажатларини мақбуллаштириш ва энг катта таъсирга учраган соҳаларни жонлантиришга қаратилган қатор чоралар амалга оширилмоқда.

Тадбирда шунингдек, Молия вазири ўринбосари Одилбек Исаков, Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Марко Мантованелли ҳам сўз олиб, Давлат дастури доирасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, кўрилаётган чоралар нақадар ҳаётийлиги ва улар кундалик ҳаётда самарали қўлланаётганини алоҳида таъкидлашди.

Видеомулоқотда 2020 йилги Давлат дастури ижроси ҳақида маълумот берилар экан, “2020–2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг банк тизимини ислоҳ қилиш стратегияси тўғрисида”ги Президент Фармони билан давлат улуши бўлмаган банклар активлари ҳиссасини жорий 15 фоиздан 60 фоизгача ошириш, хусусий сектор олдидаги мажбуриятлар ҳиссасини жорий 28 фоиздан 70 фоизгача ошириш, давлат улуши мавжуд камида учта банк капиталига зарур тажриба, билим ва нуфузга эга камида учта стратегик хорижий инвесторларни жалб қилиш каби мақсадлар кўзлангани тараққиётнинг муҳим омили экани эътироф этилди.

Давлат дастури доирасида қабул қилинган “Экспорт фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорига мувофиқ эса, экспорт қилувчи корхоналарга маҳсулотларни экспорт қилишда автомобиль, ҳаво ва темир йўл транспортида ташиш харажатларини қисман компенсация қилиш учун субсидиялар тақдим этилди. Шунингдек, экспорт қилувчилар гаров сифатида суғурта хизматларидан фойдаланганда суғурта мукофотини қоплашга Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан компенсациялар тақдим этилиши белгиланди.

“Рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида” Президент қарори қабул қилиниб, 2023 йилга келиб рақамли иқтисодиётнинг мамлакат ялпи ички маҳсулотидаги улушини 2 бараварга кўпайтириш, шунингдек, 2022 йилга қадар электрон давлат хизматлари улушини 60 фоизгача етказишни назарда тутган ҳолда электрон ҳукумат тизимини ривожлантириш вазифаси қўйилди.

Видеомулоқотнинг ўзаро тажриба алмашиш қисмида эса, халқаро эксперт сифатида таклиф этилган, Жаҳон банкининг инвестицион муҳит бўйича гуруҳи Вена бўлими раҳбари ва инвестицион муҳит бўйича глобал раҳбарлар гуруҳи аъзоси Вим Доу (Wim Douw)нинг “Иқтисодий ўсиш ва ўтиш даврида тўғридан-тўғри инвестицияларнинг роли: сиёсий ва стратегик истиқболлар” мавзусидаги маърузаси тингланди.

Тадбирда, шунингдек, Ҳаракатлар стратегиясининг учинчи устувор йўналишига алоқадор тегишли давлат органлари экспертлари ҳам ўз маърузалари билан иштирок этдилар. Уларда асосий эътибор маҳаллий ва халаро экспертлар билан биргаликда мамлакатда иқтисодиётни ривожлантириш ва инвестицияларни фаол жалб этиш юзасидан белгиланган ислоҳотлар самарасини оширишга қаратилган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишга қаратилди.

Медиа-кампания ўз ишини давом эттирмоқда.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати