• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
ДАВЛАТ ДАСТУРИ ИЖРОСИ: ИҚТИСОДИЁТНИ РИВОЖЛАНТИРИШ УСТУВОР ЙЎНАЛИШЛАРИ БЎЙИЧА ЯРИМ ЙИЛЛИК САРҲИСОБ
1816 | 11 Авг. 2020 й.

I. Макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш ва нарх-навонинг барқарорлигини ва инфляция даражаси прогноз кўрсаткичларидан ошмаслигини таъминлаш бўйича:

I. Макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш ва нарх-наво барқарорлигини ва инфляция даражаси прогноз кўрсаткичларидан ошмаслигини таъминлаш бўйича

1.1. Макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш ва умумиқтисодий чора-тадбирлар.

Глобал пандемия жорий йилнинг март ойидан бошлаб дунё мамлакатлари иқтисодиётига, шу жумладан, бошқа Марказий Осиё давлатлари қатори Ўзбекистонга ҳам салбий таъсир кўрсата бошлади. Шу сабабдан, Ўзбекистонда мана шу таъсирларни камайтириш ва иқтисодий инқирозни юмшатишга қаратилган тезкор чоралар кўрилди, 20 га яқин фармон ва қарорлар имзоланди. Инқирознинг салбий оқибатларини юмшатиш мақсадида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга қаратилган иқтисодий чораларнинг дастлабки ва иккинчи тўпламлари жами қиймати 32,3 трлн. сўмдан ортиқни ташкил этди.

Жумладан, Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ташкил этилиб, мазкур маблағлар коронавирус инфекциясига қарши кураш бўйича тадбирларга йўналтирилди.

Жорий йилнинг 17 июль ҳолатига мазкур жамғарманинг даромадлари 7,44 трлн.сўмни ташкил этди. Шундан, 7,32 трлн.сўм халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобига, 123,5 млрд.сўм эса, давлат бюджети ҳисобига шакллантирилиб, жами сарфланган харажатлар миқдори 6,4 трлн.сўмни ташкил этди.

Жумладан, ижтимоий соҳага 2,2 трлн.сўм, иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш учун 2,0 трлн.сўм, коронавирус бўйича тадбирларни молиялаштириш учун 907,0 млрд.сўм, шифохона ва карантин мажмуаларини қуриш ва жиҳозлаш учун 684,0 млрд.сўм, сув таъминоти ва ирригация тармоқлари билан боғлиқ ҳаражатлар учун 602,0 млрд.сўм сарфланди.

Шу билан бирга, Иқтисодий фаолликнинг сезиларли пасайиши Давлат бюджети барқарорлигига хавф туғдиришини инобатга олиб, Давлат бюджетининг 2020 йилдаги параметрларини мақбуллаштириш чоралари кўрилди. Муҳимлик даражасидан келиб чиққан ҳолда долзарб ҳисобланмаган лойиҳа ва харажатлар кейинги даврларга кўчирилди.

Шунингдек, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, иқтисодий фаолликни оширишга ва молиявий барқарорликни қўллаб-қувватлашга, иқтисодий ўсиш ва инвестициявий фаолликни рағбатлантириш, ишлаб чиқариш суръатларини тиклаш бўйича кенг кўламли чоралар кўрилди.

Жумладан, тадбиркорлик субъектларига карантин тадбирлари давомида солиқ имтиёзлари, кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш, жарималарни қўлламаслик чоралари кўрилди.

Натижада, 2020 йилнинг биринчи ярим йиллигида, дунё бўуйича саноқли давлатлар қаторида, Ўзбекистонда иқтисодий ўсиш қайд этилиб, бу кўрсаткич 0,2 фоизни ташкил этди.

Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, Жаҳон банкининг июнь ойида эълон қилинган ҳисоботига кўра, Ўзбекистон Европа ва Марказий Осиё минтақасида 2020 йилда иқтисодиёти ўсиши кутилаётган ягона мамлакат бўлиб қолмоқда. Унга кўра, ЯИМнинг реал ўсиши 2020 йилда 1,5 фоизни ва 2021 йилда эса 6,6 фоизни ташкил этиши кутилмоқда.

Мазкур даврда, шунингдек, асосий тармоқлар, яъни саноат ишлаб чиқаришининг умумий ўсиш суръати бироз пасайиб 98,1 фоизни ташкил этган бўлса, қурилиш ишлари ҳажмида эса, аксинча ўсиш қайд этилиб 107,3 фоизни, қишлоқ хўжалиги тармоғида ҳам 102,8 фоизни ташкил этган.
 

Иқтисодий фаоллик.

Жорий йил март-апрель ойларида иқтисодий фаолликнинг пасайишидан сўнг май-июнь ойларида қатор иқтисодий ривожланиш кўрсаткичлари бўйича босқичма-босқич тикланиш тенденцияси кузатилди.

Июнь ойида банк тўлов тизими орқали амалга оширилган транзакцияларнинг умумий ҳажми март ва апрель ойларига нисбатан мос равишда 39 ва 30 фоизга ошди. Савдо ва пуллик хизматлар соҳаларида ҳам пул тушумлари ҳажми ўсиш динамикасининг яхшиланиши кузатилди. Хусусан, апрель ойидаги ўтган ойга нисбатан 34,8 фоизлик (11,4 трлн. сўмдан 7,5 трлн. сўмгача) кескин пасайишдан сўнг савдо тушуми ва бошқа даромадлар кўринишидаги пул тушумлари ҳажми май ойида 33,8 фоизга, июнь ойида 25,3 фоизга ошди ва 12,6 трлн. сўмга етди.
 

Нақд пул муомаласи.

Жорий йил март ойининг иккинчи ярмидан эълон қилинган карантин талабларининг май ойига келиб бироз юмшатилиши натижасида иқтисодиёт субъектларининг фаоллашуви банклар кассалари орқали нақд пуллар айланмаси динамикасига ҳам ўзининг ижобий таъсирини кўрсатди.

2020 йил апрель ойида банклар кассаларига нақд пул тушумининг март ойига нисбатан қарийб 41 фоизга камайиши кузатилган бўлса, июнь ойида апрел ойига нисбатан 85 фоизга кўпайиб, 14,6 трлн. сўмни ташкил этди. Бироқ, июнь ойидаги кўрсаткич карантин шароитидан олдинги даврдаги ҳолатдан (жорий йил январда – 15,8 трлн. сўм) бироз камлигича қолмоқда. Шунингдек, бу кўрсаткич эпидемиологик ҳолатнинг яхшиланиши ва карантин талабларининг юмшатилиши ортидан кейинги ойларда ижобий томонга ўзгаришини кутиш мумкин.
 

Ички валюта бозори.

Январь-июнь ойларида ички валюта бозоридаги ҳолат хорижий валютага бўлган талаб ҳажмининг ўсиши ҳамда таклиф ҳажмининг нисбатан камайиши шароитида шаклланди. Жорий йилнинг I ярим йиллигида ички валюта бозоридаги операцияларнинг умумий ҳажми 8,2 млрд. АҚШ долларини ташкил этиб, 2018 ва 2019 йилларнинг тегишли даврларига нисбатан мос равишда 1,8 ва 1,2 баробарга ўсди.
 

Тўлов балансининг жорий операциялар ҳисоби.

Тўлов балансининг жорий операциялар ҳисоби дефицити 2019 йилнинг I ярим йиллигига нисбатан 14 фоизга ортиб, 2 млрд. АҚШ долларини ташкил қилди.            

Жаҳон бозорларида энергия ресурслари нархининг тушиши, шунингдек каронавирус пандемияси ортидан жаҳон иқтисодиёти ўсиш суръатларининг секинлашиши товарлар ва хизматлар экспорти ҳажмига ўз таъсирини кўрсатди. Натижада 2019 йилнинг мос даврига (7,8 млрд. доллар) нисбатан 1,8 млрд. долларга қисқариб, 6,0 млрд. долларга тенг бўлди.
 

Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари.

Ўзбекистон расмий захира активлари ҳажми 1 июль ҳолатига 32,331 млрд.долларни ташкил этмоқда (1 январда — 29,172 млрд.доллар бўлган эди). Ўзбекистоннинг «хавфсизлик ёстиғи» ҳисобланадиган олтин-валюта захираси тахминан 20 ой давомида импортни молиялаштиришга етарли бўлиб, Халқаро Валюта Фонди ва бошқа халқаро ташкилотлар томонидан тавсия этилган кўрсаткичдан кўпни ташкил қилади.
 

1.2. Нарх-наво барқарорлигини ва инфляция даражаси ошмаслигини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар.

Давлат пул-кредит сиёсатини такомиллаштириш доирасида инфляцион таргетлаш тизимига ўтиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадида “2020 йилда инфляция даражасини жиловлаш бўйича Чора-тадбирлар комплекси” ишлаб чиқилди. Унда инфляцион таргетлаш ўтиш босқичида пул-кредит, солиқ-бюджет, ишлаб чиқариш ва ички бозорни тўйинтириш, тариф сиёсати, таннархни пасайтириш ва инвестицион лойиҳалар соҳасида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб берилди (Давлат дастурининг 61-банди).

Марказий банк асосий ставкасини апрель ойида 1 фоизга туширди, июль ойида эса ўзгаришсиз қолдирди. Ушбу қарор иқтисодиётда бир вақтнинг ўзида инфляцияни оширувчи хатарлар ва пасайтирувчи омилларнинг мавжудлиги шароитида ижобий реал фоиз ставкаларни таъминлашга қаратилган пул-кредит сиёсати жорий йўналишини сақлаб қолиш мақсадида қабул қилинди.

Фоиз ставкалари карантин даврига қарамасдан I ярим йиллик якунлари бўйича ижобий иқтисодий ўсиш кўрсаткичларига эришиш учун шароит яратди. Жорий йилнинг июнь-июль ойларида нархларнинг нисбатан секинроқ пасайиши ва инфляция прогнозидан бироз оғиши кузатилди.

Жорий йилнинг I чорагида йиллик инфляция даражаси мақсадли кўрсаткичлар траекториясидан пастроқ бўлган бўлса, II чоракдан бошлаб инфляция даражаси ўтган чоракка нисбатан бироз кўтарилди ва июнь ойи якунлари бўйича 14,2 фоизни ташкил этди.

Жорий йил иккинчи чорагида нархларнинг ўсишига озиқ-овқат маҳсулотлари ва қурилиш материалларига бўлган юқори талаб ҳамда июнь ойида мева ва сабзавотлар нархининг мавсумий пасайишининг кутилганидан кўра секинроқ бўлиши каби омиллар оширувчи босим кўрсатди.

Марказий банк йил якуни бўйича инфляцияни 11-12,5 фоиз даражасида прогноз қилмоқда ва унга эришиш учун Марказий банк томонидан барча зарурий чоралар кўриб борилмоқда.
 

1.3. Ўзбекистоннинг Барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари бўйича эришилган натижалар.

2030 йилгача Ўзбекистонда барқарор ривожланиш мақсадлари(БРМ)га эришиш борасида Миллий ихтиёрий ҳисоботи Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош офисига юборилди (Давлат дастурининг 64-банди).

Ўзбекистонда БРМнинг амалга оширилиши 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида кенг кўламли ислоҳотларга тўла мос келиши алоҳида таъкидлаш лозим.

Миллий БРМларни умуммиллий, тармоқлараро ва минтақавий ривожланиш стратегиялари ва дастурлари, шу жумладан, ишлаб чиқилаётган Ўзбекистон Республикасини 2030 йилгача комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш концепцияси ва Камбағалликни қисқартириш стратегияси билан интеграциясини таъминлаш ишлари олиб борилмоқда.

Ҳукумат томонидан ислоҳотларнинг натижадорлиги 23 та глобал рейтинг (индекс)лари, шу жумладан, Ўзбекистон ҳозирда 162 давлат орасида 52-ўринни эгаллаган БРМ глобал рейтинги орқали мониторинг қилиб борилмоқда.

Ўзбекистоннинг Барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари бўйича эришган ютуқлари орасида қуйидагиларни эътироф этиш мумкин:

  • камбағал аҳоли улуши 2015 йилдаги 12,8%дан 2018 йилда 11,4%гача камайган;
  • болаларни мактабгача таълим тизими билан қамров даражаси 2017 йилдаги 27,7%дан 2019 йилда 52%га ошган;
  • World Justice Project халқаро ташкилоти томонидан тузилган қонун устуворлиги индексига кўра, 2020 йилда Ўзбекистон 128 мамлакат орасида 92-ўринни эгаллаган. Бир йил ичида республика ўз позициясини тўрт поғонага яхшилади;
  • Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги ҳамда “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги гендер тенгликка йўналтирилган Қонунлари қабул қилинган;
  • бошқарув лавозимларида аёлларнинг улуши 33,0%ни ва банд аҳолининг 45%ни ташкил этмоқда;
  • қишлоқ жойларда электр энергиясидан фойдаланиш даражаси 74 %дан 78 %га, табиий газ билан таъминланиш 62% дан 67% га, ичимлик суви билан 62,6% дан 64,1% га ошди;
  • Ўзбекистон бизнес юритиш бўйича «Doing business» глобал рейтингида ўз мавқеини 2015 йилдаги 141-ўриндан 2019 йилда 76 ўринга, 2020 йилда эса 69 ўринга яхшилаган;
  • БМТ электрон ҳукуматни ривожлантириш индексида 2014 йилдаги 100-ўриндан 2018 йилда 81-ўринга кўтарилган;
  • 2017-2018 йилларда ялпи инвестицияларнинг ўртача йиллик ўсиш суръатлари 12,0% га ошган.

0
Похожие новости