• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
ХАВФСИЗЛИК, МИЛЛАТЛАРАРО ТОТУВЛИК ВА ДИНИЙ БАҒРИКЕНГЛИКНИ ТАЪМИНЛАШ ҲАМДА ЧУҚУР ЎЙЛАНГАН, ЎЗАРО МАНФААТЛИ ВА АМАЛИЙ ТАШҚИ СИЁСАТНИ АМАЛГА ОШИРИШ СОҲАСИДАГИ УСТУВОР ЙЎНАЛИШЛАР
3904 | 17 Авг. 2020 й.

II. Ташқи сиёсат соҳасида:

2.1. Хорижий мамлакатлар билан ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш.

2020 йилнинг биринчи ярим йиллигида Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсий фаолиятида ҳам бир қатор самарали чора-тадбирлар ва саъй-ҳаракатлар амалга оширилди.

Жумладан, жорий йилнинг 19-20 февраль кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг таклифига биноан, расмий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлди. Ташриф доирасида икки давлат раҳбарлари ўртасида тор доирада музокара бўлиб ўтди. Унда сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва савдо-инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Шунингдек, Президентлар раислигида Олий даражадаги стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди. Стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилиши натижалари тўғрисида қўшма баёнот, шунингдек, иқтисодиёт, савдо, технологиялар соҳасига оид ҳужжатлар имзоланди.

Бундан ташқари, 2020 йилнинг 23 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Ш.Мирзиёев Иккинчи жаҳон урушида эришилган ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан бўлиб ўтган ғалаба парадида иштирок этиш учун Россия Федерацияси пойтахти Москва шаҳрига ташриф буюрди. Ташриф доирасида Президент Ш.Мирзиёев Россия Федерацияси Президенти В.Путин билан учрашув ўтказди. Учрашув давомида сиёсий, иқтисодий, хавфсизлик ва маданий соҳаларда биргаликда олиб борилаётган ишларга тўхталинилиб, ушбу соҳаларда бугунги кунга қадар эришилган ютуқлар таъкидлаб ўтилди. Шунингдек, Президент В.Путин ўзбек халқининг Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабага қўшган улкан ҳиссасини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Марказий Осиё мамлакатлари билан қўшничилик алоқаларини ҳамда барча соҳалардаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш соҳасида ҳам самарали саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан “Марказий Осиё мамлакатлари билан минтақавий ҳамкорлик доирасида туризмнинг ҳар хил турларини ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар дастури” тасдиқланди.

Қолаверса, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида хорижий меҳмонларнинг 10 та қабули амалга оширилди. Пандемия шароитида 20 дан ортиқ олий даражадаги онлайн-мулоқот ташкиллаштирилди (Марказий Осиё мамлакатлари, Россия, Хитой, Туркия, Корея Республикаси, Афғонистон, Абу Даби Амирлиги, Эрон давлатлари раҳбарлари ҳамда Венгрия бош вазири, Европа Кенгаши Президенти, Беларусь Президенти билан мулоқотлар).

Ўзбекистон манфаатларини илгари суришга қаратилган 80 дан ортиқ юқори даражадаги ҳамда идоралараро ташриф ва учрашувлар, онлайн-мулоқотлар ташкиллаштирилди. Уларда халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар, кўп қиррали ҳамкорлик, аввало, савдо-иқтисодий, инвестиция, энергетика, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар соҳалар, таълим ва бошқа устувор йўналишлардаги ҳамкорлик масалалари муҳокама этилди.

Мамлакат ташқи сиёсатига оид муҳим вазифаларни ҳал қилишда парламент дипломатиясининг роли ҳамда халқаро ва минтақавий ташкилотлар билан ҳамкорлик кучайтирилди. Ҳисобот даврида парламентлар ҳамда халқаро ташкилотлар даражасидаги жами  48 та ташриф ва учрашувлар, онлайн-мулоқотлар ташкиллаштирилди.

Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ва тегишли Давлат дастурида белгиланган вазифаларни бажариш мақсадида Ўзбекистон ҳукумати расмийлари ва ташкилотлари делегацияларининг 48 та хорижий давлатга ташрифи ташкиллаштирилди. Улар доирасида хамда Ўзбекистон ваколатхоналарининг кундалик фаолияти мобайнида тегишли савдо-сотиқ, иқтисодий идоралар раҳбарлари ва вакиллари билан 252 дан зиёд учрашув ва махсус аҳамиятга эга бўлган сармоявий тадбирлар, бизнес-форумлар, Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳияти тақдимотлари уюштирилди.

Шунингдек, вазирлик даражасидаги делегацияларнинг 15 дан ортиқ хорижий давлатнинг иқтисодий ва савдо вазирлик ҳамда мутасадди ташкилотлари вакиллари билан учрашувлари уюштирилди.

Хорижий давлатлар билан сиёсий, иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида бугунга қадар 130 дан ортиқ “Йўл харитаси” тасдиқланиб, амалга оширилмоқда. Қишлоқ хўжалиги, саноат, коммунал хизматлар, қурилиш, тиббиёт, фармацевтика, таълим, маданият ва бошқа соҳаларда 635 та инвестицион лойиҳа бўйича 945,4 млн. АҚШ доллари миқдорида сармоялар ўзлаштирилди.

Коронавирус пандемиясига қарши кураш, унинг мамлакатимиз ҳудудида кенг тарқалишини олдини олиш ҳамда унинг мамлакат иқтисодиётига салбий таъсирини камайтириш мақсадида 57 та лойиҳа асосида Ўзбекистонга Буюк Британия, Германия, Италия, ХХР, Сингапур, Украина каби мамлакатлардан асбоб-ускуналар келтирилди. Келтирилган юклар таркибида юқори технологияли тиббиёт жиҳозлари, замонавий шприцли насослар, антисептик воситалар, автомат механизмли тиббий каравот ва кўп функцияли кўрпалар, ИВЛ аппарати, тиббий ниқоблар, ҳимоя халатлари ва ҳимоя кўзойнаги, дори-дармонлар ҳамда ПЦР диагностика тест тизимлари мавжуд.

Шу билан бирга, 9 та мамлакатга Ўзбекистоннинг гуманитар юклари етказилди (Озарбайжон, Беларусь, РФ, ХХР, Эрон, Венгрия, Қирғизистон, Тожикистон, Афғонистон). Ўзбекистондан бошқа мамлакатларга юборилган юклар тиббий воситалар ва озиқ-овқат маҳсулотларидан иборат бўлиб, уларнинг орасида мобиль тиббий контейнерлар, ҳимоя комбинезонлари, тиббий ниқоблар, тиббий дока, кўзойнаклар, суюқ натрий гипохлорид, респиратор, стерил тиббий қўлқоплар, пирометрлар, ҳамда ун, турли хил озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқа маҳсулотлар мавжуд.

Халқаро нуфузли рейтингларда мамлакатнинг ўрнини яхшилаш, унинг халқаро майдондаги имижини юқори даражаларга кўтариш ҳамда мамлакатни хорижий инвесторлар учун жозибадор сармоявий маконга айлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнини яхшилаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотларида улар билан тизимли ишлашнинг янги механизмини жорий қилиш тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.
 

2.2. Нуфузли халқаро ташкилотлар доирасида кўп томонлама ҳамкорликни жадаллаштириш.

Европа Иттифоқи билан алоқаларни ривожлантириш ва ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш мақсадида Марказий Осиё бўйича Европа Иттифоқининг янгиланган Стратегиясини амалга оширишда Ўзбекистоннинг фаол иштирокини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик шартномасининг савдо қисмини муҳокама қилиш бўйича навбатдаги музокаралар даврасини ташкил этиш масаласини тезлаштириш юзасидан чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

2020 йилнинг 11 май куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Сенатининг тўртинчи ялпи мажлисида Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқида кузатувчи давлат мақомида иштирок этиш таклифи мақулланди ҳамда мазкур масала бўйича Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди. Агарда Ўзбекистон Иттифоққа кузатувчи сифатида қўшилса унда иттифоқ органлари йиғилишларида иштирок этиш ва қабул қилинган қарорлар билан танишиш ҳуқуқига эга бўлади. Таъкидлаш жоизки ушбу ташкилот билан ҳамкорлик ташқи савдо ҳажмининг ўсиши, мамлакатимизда йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, ҳудудий кластерлар, саноат ва савдо зоналарини ташкил этишда минтақалараро алоқаларни ривожлантириш имкониятларини янада кенгайтиради.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан мамлакат ўз тарихида биринчи марта 2020 йилда Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги раислигини қабул қилди. Кўп томонлама ҳамкорликни изчил кенгайтириш ва самарадорлигини ошириш раисликнинг асосий устувор йўналиши сифатида белгиланди.

Шу муносабат билан, 12 май куни Ўзбекистон Республикаси ташаббуси билан видеоконференцалоқа режимида МДҲ иштирокчи давлатлари Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисда транспорт, таълим, туризм, жисмоний тарбия ва спорт соҳаларидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган ҳужжатлар кўриб чиқилди ва маъқулланди.

2020 йилнинг 3 апрель куни Ўзбекистон Республикасининг Женевадаги БМТ ваколатхонаси ва бошқа халқаро ташкилотлардаги доимий ваколатхоналари Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) вакиллари билан Ўзбекистоннинг ушбу ташкилотга кириш масалаларини муҳокама қилиш учун видеоконференция ўтказди. Видеоконференция чоғида ЖСТ котибияти билан ўзаро ҳамкорлик масалалари ҳамда Ўзбекистоннинг ЖСТга кириши бўйича ишчи гуруҳининг навбатдаги йиғилишига тайёргарлик жараёни муҳокама қилинди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 28 майдаги «Жаҳон савдо ташкилоти билан ишлаш бўйича идоралараро комиссия тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги 339-сонли қарори қабул қилинди. Қарор билан Жаҳон савдо ташкилоти билан ишлаш бўйича Идоралараро комиссия тузилди.

Мазкур комиссия Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича ишларни мувофиқлаштирувчи ва йўналишларни белгилайдиган коллегиал орган ҳисобланади. Низом билан Идоралараро комиссиянинг вазифалари ва функциялари, таркиби, фаолиятини ташкил этиш ва ишлаш тартиби белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги давлатлари Саноат хавфсизлиги кенгашининг тўлақонли аъзосига айланди. МДҲ давлатларининг саноат хавфсизлиги кенгаши тармоқлараро ҳамкорлик органи бўлиб, хавфли ишлаб чиқариш объектларида содир бўлиши мумкин бўлган авария ҳамда бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш ҳаракатларини мувофиқлаштиришни амалга оширади.

Ўзбекистон Халқаро хусусий ҳуқуқ бўйича Ҳаага конференцияси Уставини ратификация қилди. Халқаро хусусий ҳуқуқ бўйича Ҳаага конференцияси халқаро ҳукуматлараро ташкилот бўлиб, 1893 йилда ташкил этилган. Ҳаага конференциясига аъзолик Ўзбекистонда қабул қилинаётган қонунларни халқаро қонунларга унификация қилишга ёрдам беради. Шунингдек, мамлакатнинг халқаро майдондаги имижини яхшилаш, жаҳон ҳамжамиятига интеграциялашувда муҳим аҳамият касб этади.

Ўзбекистон ЮНEСКОнинг Маданий ифодаларнинг турли хил шаклларини муҳофаза қилиш ва қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги конвенцияси иштирокчисига айланди. Конвенциянинг асосий мақсади – маданий ўзини ифодалашнинг турли хил шаклларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш, ушбу соҳада халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўли билан турли маданиятларнинг ўзаро эркин алоқа қилиши ва ривожланиши учун шарт-шароитлар яратишдан иборат.
 

2.3. Давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш масалаларини ҳал этиш.

Ҳаракатлар стратегиясининг бешинчи йўналишида назарда тутилган давлат чегарасини қўшни давлатлар билан ҳамкорликда муваффақиятли делимитация ва демаркация қилишда ҳам жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида самарали чора-тадбирлар амалга оширилди. Жумладан, 2020 йилнинг 7 январь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси ва Тожикистон Республикаси Қўшма демаркация комиссиясининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда Ўзбекистон - Тожикистон давлат чегарасини демаркация қилиш учун асос бўладиган норматив-ҳуқуқий ва техник ҳужжатлар тасдиқланди.

17-21 февраль кунлари эса Олмаота шаҳрида Қўшма демаркация комиссиясида Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси ҳукуматлари делегацияларининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда Ўзбекистон Республикасининг Навоий вилояти ва Қозоғистон Республикасининг Қизилўрда ва Туркистон вилоятлари чегаралари туташган участкада давлатлараро чегарани демаркация қилишнинг якуний ҳужжатлари лойиҳалари тайёрланди.


1
Похожие новости