• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ПАНДЕМИЯ ШАРОИТИДА ХОТИН-ҚИЗЛАР ТАДБИРКОРЛИГИНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ – ДОЛЗАРБ МАСАЛА


Жорий йилнинг 7 октябрь куни “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори, Ўзбекистон Республикаси Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси аъзоси Элдор Туляков АҚШнинг Вашингтон шаҳрида жойлашган “Каспий сиёсати маркази” (“Caspian Policy Center”) томонидан ташкил этилган “Хотин-қизларни иқтисодий имкониятларини кенгайтириш ва тадбиркорлигини ривожлантириш” мавзуидаги халқаро вебинарда асосий маърузачи сифатида иштирок этди.

Видеоконференция шаклида уюштирилган тадбирда АҚШ Халқаро тараққиётни молиялаштириш корпорацияси (DFC), Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID), Европа тикланиш ва тараққиёт банки (EBRD) ҳамда Грузия, Озарбайжон, Қозоғистон ва Ўзбекистон Парламентларидан вакиллар, шунингдек, гендер тенглик ва хотин-қизлар ҳуқуқлари бўйича етакчи мутахассислар маъруза ва тақдимотлар билан иштирок этишди.

Халқаро экспертлар Жанубий Кавказ, Каспий бўйи ва Марказий Осиё минтақаларидаги давлатлар томонидан сўнгги йилларда, айниқса, пандемия даврида хотин-қизларни ижтимоий, иқтисодий ва маънавий қўллаб қувватлаш, уларнинг тадбиркорлик фаолиятларини ривожлантириш орқали иқтисодий имкониятларини ошириш бўйича олиб борилаётган чора-тадбирларнинг долзарб масалаларини муҳокама қилишди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков ўз чиқишида Ўзбекистонда гендер тенглик ва хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш, айниқса, глобал пандемия даврида тадбиркорлик билан шуғулланувчи аёлларни иқтисодий-ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш, уларга давлат томонидан яратилаётган имкониятлар ва имтиёзлар ҳақида ўз мулоҳазаларини баён этди.

–– Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида Хотин-қизлар тадбиркорлик марказлари ташкил этилди, –– деди Элдор Туляков ўз сўзида. –– Бугунги мураккаб пандемия шароитида мазкур марказлар томонидан 28 мингга яқин аёлга тадбиркорлик, ҳунармандлик, касбга қайта тайёрлаш, бандликни таъминлаш юзасидан амалий ёрдам кўрсатиб келинмоқда. Шунингдек, 21 минг 500 нафар ёш қиз қисқа муддатли касб-ҳунар курсларида ўқитилди. Бундан ташқари, хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантиришга комплекс ёндашувни ишлаб чиқиш, аёллар томонидан бошқариладиган корхоналарни қўллаб-қувватлаш дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, уларга ахборот, бозор, таълим ва молиявий ресурслардан фойдаланиш имкониятини бериш ва бизнес фаолиятини аёллар орасида фаол оммалаштириш мақсадида Хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича мувофиқлаштирувчи Кенгаш фаолиятининг йўлга қўйилгани ҳам алоҳида аҳамиятга молик.

Кенгаш томонидан жорий йилда «Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик тўғрисида»ги қонун лойиҳасини тайёрлаш жараёнида «Аёллар тадбиркорлиги» тушунчасини қонунчиликда мустаҳкамлаш, ЕТТБ дастурининг Ўзбекистонда гендер ёндашувларини ҳисобга олган ҳолда, инвестицион муҳитни таҳлил қилиш бўйича базавий тадқиқотни ўтказиш тўғрисидаги таклифини кўриб чиқиш ва Хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича Миллий Дастурни ишлаб чиқишни режалаштирган.

Яна бир муҳим жиҳат – Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг “Тадбиркор аёл” дастури доирасида ажратаётган 10 млн. АҚШ долларлик кредит маблағи ҳам Ўзбекистонда аёллар раҳбарлигидаги кичик ва ўрта корхоналарни қўллаб-қувватлаш мақсадларига йўналтирилгани диққатга сазовордир.

Юқоридаги каби кўрилаётган чора-тадбирлар самараси ўлароқ, Ўзбекистонда ўтган йилнинг ўзида хотин-қизлар учун 170 мингга яқин иш ўрни яратилди. Тижорат банклари ва Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағлари ҳисобидан 172 мингдан ортиқ аёлга 4,9 триллион сўм кредитлар ажратилди. Тадбиркор аёллар сони бир йилда қарийб 45 минг нафарга кўпайиб, улар томонидан минглаб янги иш ўринлари барпо этилмоқда.

Мазкур масала “Тараққиёт стратегияси” маркази фаолиятида ҳам доимий диққат марказида турибди. Биз миллий ва халқаро ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда тадбиркорлик соҳасида хотин-қизларнинг билим ва кўникмаларини ошириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ишбилармон аёлларнинг ҳуқуқ-манфаатларини ҳимоя қилиш ва бу борадаги муаммоларни ҳал этишга қаратилган тадбирлар, тарғибот-ташвиқот ишларини мунтазам равишда олиб бормоқдамиз. Шу билан бирга, ўтказилаётган мониторинглар, амалга оширилаётган лойиҳа ва тадқиқотларимиз натижаларидан келиб чиқиб, бу соҳадаги ҳолатни янада яхшилашга қаратилган таклиф-тавсияларимизни тегишли давлат ҳокимияти органларига тақдим қиляпмиз.

Халқаро вебинарда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раиси Дилором Файзиева ҳам сўз олиб, глобал пандемиянинг салбий оқибатларини бартараф этиш ҳамда пандемиядан кейинги иқтисодий тикланишни жадаллаштиришда Ўзбекистонда хотин-қизларнинг иқтисодий имкониятлари ва тадбиркорлигини ривожлантиришга қаратилаётган эътибор, бу борада қонун ҳужжатларини такомиллаштириш ва мустаҳкам ҳуқуқий кафолатларни яратиш борасидаги ишларга тўхталиб ўтди.

Тадбирда сўз олган АҚШ Халқаро тараққиётни молиялаштириш корпорацияси (DFC) Аёлларнинг глобал муаммолари бўйича бошқарув директори Чарити Валлас АҚШ ҳукумати томонидан минтақа давлатларига хотин-қизлар ҳуқуқлари ва гендер тенгликни таъминлаш йўналишларида кўрсатилаётган моддий ёрдамларнинг қисқа муддатларда ижобий натижалар беришига ишонч билдириб, хотин-қизларни маънавий қўллаб-қувватлаш билан бир қаторда, уларнинг иқтисодий имкониятларини оширишга кўпроқ инвестициялар киритилиши лозимлигини таъкидлади.

АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID)нинг Европа ва Евросиё бюроси таълим ва ёшлар бўйича маслаҳатчиси Любовь Файфер ўз чиқишида гендер тенглик ва хотин-қизларнинг иқтисодий имкониятларини оширишга қаратилган саъй-ҳаракатлар АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги кўмагининг тамал тоши эканини этироф этди.

Шунингдек, видео анжуманда Озарбайжон, Грузия, Қозоғистон ва бошқа минтақа давлатлари вакиллари ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, хотин-қизларнинг ҳуқуқ-манфаатларини таъминлаш бўйича ўз мамлакатлари тажрибаси билан ўртоқлашдилар.

Муҳокамаларда аёллар бандлиги, гендер тенглик ва хотин-қизлар ҳуқуқлари масалалари, айниқса, ҳозирги глобал пандемия шароитида аёлларни ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий ва маънавий қўллаб қувватлаш, уларнинг тадбиркорлик фаолиятларини ривожлантириш орқали иқтисодий имкониятларини ошириш ва бандлигига эришиш муаммоларига устувор аҳамият қаратилди.

Халқаро вебинар якунида минтақа давлатлари вакиллари хотин-қизларни иқтисодий имкониятларини кенгайтириш ва аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш борасида ўзаро тажриба алмашиб бориш ва изчил ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ҳақида келишиб олишди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати.