• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

Коррупцияга қарши курашишда академик ҳамжамият ва нодавлат ташкилотларининг ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди


“Тараққиёт стратегияси” маркази, Ўзбекистон Республикасининг Бош прокуратураси Академияси, “Юксалиш” умуммилий ҳаракати,
БМТнинг Наркотиклар ва жиноятга қарши кураш бошқармаси, “Минтақавий мулоқот” халқаро ноҳукумат ташкилоти ҳамкорлигида “Коррупцияга қарши курашиш борасида амалий тадқиқотлар ўтказиш: академик ҳамжамият ва нодавлат ташкилотларининг ҳамкорлик масалалари” мавзусида халқаро веб-конференция ўтказилди.

Тадбирда катта тажрибага эга хорижлик ва маҳаллий экспертлар, шунингдек фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирок этди.

Халқаро веб-конференцияни ўтказишдан кўзланган мақсад, соҳада катта тажриба тўплаган мутахассисларнинг фикрларини ўрганиш, биргаликда амалий мақсадларга йўналтирилган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат бўлди.

Тадбир аввалида коррупциянинг давлат ва жамиятга етказадиган салбий таъсири ҳақида сўз юритилди, Ўзбекистонда мазкур иллатга қарши курашиш тизими такомиллаштирилаётгани, бу борада коррупцияга қарши курашиш учун алоҳида орган ташкил этилгани алоҳида қайд этилди.

 Конференцияда “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков сўз олиб, бугунги кунда коррупцияга қарши курашишда фақатгина давлат ташкилотларининг ҳаракатлари билан муваффақиятга эришиб бўлмаслигини, бунинг учун фуқаролик жамияти институтлари, шу жумладан оммавий ахборот воситалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, олим ва мутахассисларнинг биргаликдаги фаолияти орқали бутун жамиятда коррупцияга тоқатсизлик муҳитини яратиш, барча соҳаларда шаффофликни таъминлаш билан ижобий натижага эришиш мумкинлигини таъкидлади.

 Тадбирда коррупцияга қарши курашишда амалий тадқиқотларнинг ўрни ҳақида фикр юритилиб, бу борада академик ҳамжамият ва фуқаролик жамияти институтларидан бири бўлмиш нодавлат ташкилотларнинг ҳамкорлиги муҳим аҳамият касб этаётгани алоҳида қайд этилди.

Веб-конференцияда иштирок этган халқаро экспертлар ўз мамлакатларида мазкур иллатга қарши курашиш борасида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар ва эришилган натижалар билан ўртоқлашишди.

Тадбир сўнгида томонлар мазкур масалада ўзаро ҳамкорликни янада кучайтириш, амалий мақсадларга йўналтирилган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишга келишиб олишди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати