• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
Кибержиноятчиликка қарши қандай курашиш керак?
13038 | 03 Дек. 2020 й.

Мушоҳада

Давримизнинг фан ва техника соҳасидаги ютуқлари кундалик ижтимоий ҳаётимизга янада қулай имкониятларни тақдим этмоқда. Бироқ ана шу афзалликлар билан бир қаторда, айрим салбий ҳолатлар ҳам юзага келмоқдаки, бундан ҳам кўз юмиб бўлмайди.

Шулардан бири кибержиноятчиликдир. Кибержиноятчилик — бу компьютер, компьютер тармоғи ёки тармоқ қурилмасидан суиистеъмол қилишга қаратилган жиноий фаолият ҳисобланади. Уларнинг аксарияти кибержиноятчилар ёки хакерлар томонидан ундан ноқонуний даромад орттириш мақсадида содир этилади.

Бугун технологиялар тобора ривожланиб боргани сари жиноятчилар ҳам улардан фойдаланиб, ноқонуний хатти-ҳаракатларни содир этаётир. Хусусан, одамлар карточкаларидан пулни ўмариш сезиларли даражада ошди. Табиийки, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан бу жиноятчилар аниқланиб, тегишли жазо чоралари кўрилмоқда ва жарбланувчиларга зарар ундириб берилмоқда.

2020 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонда фирибгарлик жиноятлари сони бир йил олдингига қараганда икки баробарга кўпайиб, олти ойда 3 минг 881 тани ташкил этгани биз учун хавотирлидир. Боз устига технология ривож топгани сари фирибгарликнинг янгидан янги турлари пайдо бўлмоқда.

Улардан энг кўп тарқалгани банк пластик карталари билан боғлиқ. Улар орқали тўловни амалга ошириш энг қулай усул сифатида тан олинган ва амалиётда кенг қўлланилади.  Пластик карта йўқолиб қолган тақдирда ҳам ундан ҳеч кимса  фойдалана олмаслиги маблағ ҳимояси кафолатидир.  

Юртимизда ҳам бу тизимни такомиллаштириш, хавфсизлик чораларини кўриш бўйича ваколатли ҳуқуқ-тартибот ҳамда банк идоралари билан ҳамкорликда муайян чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. Биламизки, интернет тармоғида шубҳали манбалар орқали маълумот олиш, норасмий иловаларни юклаб олиш, эълон ва электрон манзилларга жавоб бериш имконияти чеклаб қўйилган.  

Жумладан, шубҳали ва  ишончсиз манбалар билан боғланиш натижасида нафақат маълумотингиз тарқалиб кетиши, балки пулларингиздан айрилиб қолиш хавфи борлигини доимо ёдда тутиш зарур.  Сир эмаски, ҳозирги кунда фуқароларнинг банк пластик карталаридаги пул маблағларини ўғирлаш ҳолатлари тез-тез учраб турибди.

Бу йўналишда ҳозирги кунга қадар ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда содир этилган 600 дан ортиқ жиноятларни аниқлашга эришилди.

Мисол учун, Тошкент шаҳар, Юнусобод туманида доимий рўйхатда турувчи, “Next” савдо мажмуасида сотувчи бўлиб ишловчи Жаҳонгир ариза билан мурожаат қилиб, 10 май куни ўзига тегишли бўлган банк пластик картасидан 2.020.000 сўм миқдоридаги пулни номаълум шахс “Telegram” ижтимоий тармоғидаги “Click va UzCard rasmiy Dilleri” номли аккаунти орқали номаълум йўллар билан ечиб олганлигини маълум қилган.

Ушбу ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ Тезкор-қидирув бўлими ва Юнусобод тумани ИИО ФМБ Жиноят қидирув бўлими ходимлари билан ҳамкорликда олиб борилган тезкор суриштирув ишлари натижасида айбдор  Фарғона вилояти, Бешариқ туманида доимий рўйхатда турувчи, Фарғона давлат университети талабаси бўлиш баробарида мактабгача таълим муассасасида инглиз тили ўқитувчиси бўлиб ишловчи Пиримқул Ж. эканлиги аниқланди ва ушланди. Ҳолат юзасидан у билан олиб борилган суриштирув натижасида жиноий ҳаракатларини амалга ошириш мақсадида май ойининг бошларида “Samsung J” русумли телефон аппарати ва интернет тармоғи орқали АҚШда рўйхатга олинган +1(747)251-5148 SIP телефон рақамига “Telegram” ижтимоий тармоғида “Click va UzCard rasmiy Dilleri” номли аккаунт рўйхатга олингани аниқланди. У Click ва UzCard ташкилотлари номидан “Telegram” ижтимоий тармоғида гуруҳ обуначиларининг ишончига кириб, алдов йўли билан уларга тегишли бўлган банк пластик карталарининг барча маблағини интернет тармоғи орқали Р2Р халқаро пул ўтказмалар тизимига уланиб ечиб олган. Жиноий йўл билан топилган жами 8.000.000 сўм миқдоридаги маблағни интернет тармоғи орқали легаллаштириб, отаси номига Миллий банк томонидан расмийлаштирилган Виртуал банк пластик картасига ўтказиб юборганлигини маълум қилди. Фуқаро Пиримқул Ж.нинг “Samsung J” русумли телефон аппарати кўздан кечирилганда, “Click va UzCard rasmiy Dilleri” номли аккаунти, “ClickВОТ” аккаунтида виртуал банк пластик картаси борлиги аниқланиб, виртуал банк пластик картасида 19.283.000 сўм миқдорида маблағ мавжудлиги аниқланди. Ҳозирда ушбу  жиноятга алоқадор фактлар атрофлича текширилмоқда.

Бу каби ҳолатлар Олий Мажлис Сенати аъзоларига фуқароларимиз томонидан йўлланган мурожаатларда ҳам кузатиляпти. Шу боис юқори палатанинг тегишли қўмитаси томонидан бу борада ҳам тушунтириш ва тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Демак, фуқароларимизнинг шунга ўхшаш фирибгарлик ҳамда ўғрилик ҳолатларига дучор бўлмасликлари учун ўзларининг сир сақланиши лозим бўлган пластик карталари рақамини ошкор этмаслиги, бировга расмга тушириб бермаслиги ёки оғзаки тарзда маълум қилмасликлари мақсадга мувофиқ.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, бугунги кунда ҳукуқни муҳофаза қилувчи органлар замонавий техника воситалари билан таъминланган. Бу эса кибержиноятчиликка қарши курашишда қўл келмоқда.

Қутбиддин БУРҲОНОВ,
Олий Мажлис Сенати
Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси.


24
Похожие новости