• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

Ҳаракатлар стратегияси: ижтимоий йўналишдаги вазифалар ижроси қай даражада таъминланмоқда?


Жорий йилнинг 16 декабрь куни “Тараққиёт стратегияси” маркази ҳамда Халқаро пресс-клуб ҳамкорлигида 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг “Ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишлари”га бағишланган давра суҳбати ўтказилди.

Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда Сенати аъзолари, Бандлик ва меҳнат муносабатлари, Соғлиқни сақлаш, Қурилиш, Халқ таълими, Мактабгача таълим вазирликлари, Ёшлар ишлари агентлиги, “Тараққиёт стратегияси” маркази мутасаддилари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Даставвал Халқаро пресс-клуб Жамоатчилик кенгаши раиси, Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев ҳамда Халқаро пресс-клуб раиси Шерзодхон Қудратхўжа мазкур тадбирнинг мазмун-моҳияти ҳамда аҳамияти ҳақида қисқача маълумот беришди.

 “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков Ҳаракатлар стратегиясининг аҳамияти ҳақида сўз юритар экан, Марказ ҳар йили қабул қилинаётган Давлат дастурларига таклифлар бераётгани, белгиланган вазифалар ижросини мониторинг қилаётгани, уларнинг қайси йўналишларида ишлар сустроқ бажарилаётгани бўйича маълумотларни тегишли йўналишлар комиссияларига тақдим этиб бораётганини, бу эса ўз самарасини бераётганини таъкидлади.

Давра суҳбатида сўз олган вазирлик мутасаддилари Ҳаракатлар стратегияси доирасида, хусусан, жорий йилги Давлат дастури ижроси бўйича амалга оширилган ишларга тўхталиб ўтишди.

Тадбирда Соғлиқни сақлаш вазири Абдуҳаким Хожибоев сўз олиб, даставвал Ҳаракатлар стратегияси асосида сўнгги йилларда тиббиёт соҳасида олиб борилган ишлар ҳақида маълумот берди, жорий йилнинг коронавирус пандемияси туфайли бутун дунёда бўлгани каби мамлакатимиз учун ҳам синовли келганини, “тождор” вирус билан курашиш борасида мамлакатимизда амалга оширилган саъй-ҳаракатлар, эришилган натижалар ва келгусида бажарилиши лозим бўлган масалаларга тўхталди.

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов халқ таълими тизимида бажарилган ишлар ҳақида маълумот берар экан, бу йил пандемия туфайли мактабларда таълим бериш ҳам анъанавий, ҳам масофавий тарзда ташкил этилганини, бу бир томондан тизимнинг янги шароитга мослашишига, онлайн дарслар сифатининг ошишига, бу борада тажриба ва кўникмаларнинг шаклланишига хизмат қилганини қайд этди.

Давра суҳбатида сўз олган бошқа вазирлик мутасаддилари аҳоли бандлиги ва реал даромадларини босқичма-босқич ошириш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, арзон уй-жойлар қуриш бўйича мақсадли дастурларни амалга ошириш, аҳолининг ҳаёт шароитлари яхшиланишини таъминловчи йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш ҳамда ёшларга оид давлат сиёсатини такомиллаштириш йўналишлари бўйича бажарилган ишлар ҳақида атрофлича маълумот беришди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати