• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
ЁШЛАР БИЛАН ИШЛАШ – УСТУВОР ЙЎНАЛИШ БЎЛИБ ҚОЛАВЕРАДИ
5693 | 29 Дек. 2020 й.

Мамлакатимизда биринчи бор ўтказилган Ўзбекистон ёшлари форумида Президент Шавкат Мирзиёевнинг шахсан ўзи иштирок этиб, эртанги кунимиз эгалари билан дилдан, самимий мулоқот қилишининг таг замирида жуда катта мазмун-моҳият мужассам. Форумда сўзланган нутқ барча ёшларимизга мотивация берди, уларни келажакка ва ўзига бўлган ишончини яна бир карра оширди, чунки мазкур дастуриламал маърузада ҳеч бир жиҳат эътибордан четда қолмади.
 

Президент яна бир бор Учинчи Ренессанс ҳақида, буюк аждодларимизга муносиб авлод бўлиш ҳақида фикр билдирар экан, “Биз оила, мактабгача таълим, мактаб ва олий таълимни ҳамда илмий-маданий даргоҳларни бўлғуси Ренессанснинг энг муҳим бўғинлари деб ҳисоблаймиз”, деди.

Дарҳақиқат, буюк аждодларимиз тарихда иккита Ренессансга асос солиб, илм-фан соҳасида улкан кашфиётлар қилишган. Улуғ мутафаккирларимиз асарларидан асрлар давомида Ғарбнинг нуфузли ўқув даргоҳларида ўқув қўлланмаси сифатида фойдаланилган, бугун ҳам фойдаланиб келинмоқда. Мазкур  асарлар  Европада кўплаб фанлар ривожига  хизмат қилган, кейинчалик йирик кашфиётларга ҳам асос бўлган.

Президент шунинг учун ҳам ёшларимизни руҳлантириб, уларни аждодларимизга муносиб авлод бўлишларини, чет эллик тенгқурларидан ҳеч бир жабҳада ортда ортда қолмасликларини, илм-фан чўққиларини забт этиб, билим ва салоҳиятларини юртимиз тараққиёти йўлида сафарбар этишни, Учинчи Ренессансга асос солиб, пировардида мамлакатимизни дунёнинг ривожланган давлатлари сафидан ўрин эгаллашини эртанги кунимиз ворисларидан сўрамоқда. Бу йўлда нима керак бўлса, қандай шарт-шароит ва имкониятлар зарур бўлса, зиёди билан муҳайё этиб берилишини таъкидламоқда.

Дарҳақиқат, мамлакатимизда ёшлар масаласида кўплаб хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Буни нималарда кўряпмиз? Энг аввало, Ҳаракатлар стратегияси асосида ҳар йили қабул қилинаётган Давлат дастурларида ёшлар манфаатларини таъминлаш, улар учун муносиб шарт-шароитларни яратиш, таълим сифатини оширишга қаратилган кўплаб чора-тадбирларнинг илгари сурилаётгани ҳамда уларнинг ижроси изчил таъминланаётганини мисол қилиш мумкин.
Давлат раҳбари ташаббуси билан жорий йилда Ёшлар ишлари агентлиги фаолиятининг йўлга қўйилгани ёшларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги иштирокини кенгайтирибгина қолмай, уларни ҳаётда ўз ўринларини топишларида янги имкониятлар эшигини очмоқда. Қолаверса, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда Сенати ҳузурида ёшлар парламентининг ташкил этилгани, ёш парламентарийлар ўзлари истиқомат қиладиган ҳудуд ёшларига тегишли муаммоларни ўрганиб, сабабларини аниқлаш, долзарб масалаларни тенгдошлари ўртасида муҳокама қилиш, уларнинг ҳуқуқ-манфаатларини ҳимоялаш, ҳаётий муаммоларини парламент минбарига олиб чиқиш, қонун ижодкорлигида ёшларнинг иштирокини таъминлаш, бўлғуси парламент азоларини ҳамда сиёсатчиларни тайёрлаш, ўғил-қизларни улкан мақсад ва аниқ лойиҳаларга йўналтириб боришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Агар таълим тизимида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар ҳақида гапирадиган бўлсак, соҳада мутлақо янги тизим — Президент ва ижод мактаблари, математика, химия, биология фанлари бўйича махсус мактаблар ташкил этилганини алоҳида қайд этиб ўтиш жоиз. Шунингдек, ёшларимизга “IT” технологияларни чуқур ўргатадиган таълим масканларининг сони кун сайин кўпайиб бормоқда. Бундай илм даргоҳларини ташкил этишдан мақсад — ёшларни замонавий талаблар, илғор хорижий тажрибалар асосида ўқитиш, шу орқали рақобатбардош кадрларни етиштиришдан иборат.  

Ўрни келганда таъкидлаш жоизки, “Тараққиёт стратегияси” маркази ҳам Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган мақсад-вазифалардан келиб чиқиб, айни жараёнларда фаол бўлишга интилмоқда, ҳар йилги Давлат дастурларига ёшлар масаласи, таълим соҳасини ислоҳ этишга оид таклифларни илгари суриб келяпти. Давлат дастурларининг бошқа барча йўналишлари қатори, мазкур йўналишда белгиланган вазифалар қандай бажарилаётганини мониторинг қилиб борилмоқда. Қолаверса, Марказ томонидан илғор хорижий олий таълим муассасалари, таълим соҳаси мутахассислари, фаол ёшлар иштирокида турли халқаро анжуманлар ташкил этилмоқда. Уларда ўзаро фикр алмашилиб, илғор хорижий тажриба ўрганилмоқда, улардан келиб чиқиб, таклиф-тавсиялар ишлаб чиқилиб, тегишли идораларга тақдим этиб борилмоқда.

Бир сўз билан айтганда, бундан буён ҳам ёшлар билан ишлаш фаолиятимизнинг энг асосий устувор йўналиши бўлиб қолаверади.

Элдор ТУЛЯКОВ,
“Тараққиёт стратегияси” маркази
ижрочи директори.

 


6
Похожие новости