• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
Жамоатчилик назоратини янада кучайтириш, давлат ва жамият ўртасида ўзаро яқин ҳамкорликни ўрнатиш бўйича амалга оширилган ишлар тизимли давом эттирилмоқда
4918 | 30 Дек. 2020 й.

Ф.Ишанкулов,
“Тараққиёт стратегияси” маркази
лойиҳа раҳбари


Сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар жараёни ижтимоий ҳаётимизнинг барча соҳаларини қамраб олди. Айниқса, қонун, қарор ва фармонлар қабул қилинишидан аввал кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилиб, аҳолининг хоҳиш-истаклари инобатга олинаётгани давлат органлари устидан жамоатчилик назорати ўрнатилишида муҳим аҳамият каб этмоқда.

Хусусан, давлат органилари томонидан илгари сурилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар Адлия вазирлиги тасарруфидаги Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилмоқда. Ўтган давр мобайнида мазкур порталга 8000 га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжат, жумладан, 557 та қонун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 242 та фармон, 681 та қарори лойиҳалари, Вазирлар Маҳкамасининг 2380 та қарори лойиҳалари муҳокамага қўйилган бўлса, уларга 35 000 га яқин таклифлар билдирилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев 2017 йил 22 декабрь куни Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида қонунлар муҳокамасига кенг халқ оммасини жалб қилиш, бунинг учун замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, жумладан, Интернет тармоғида махсус “майдон”лар яратиши зарурлигини таъкидлаган эди.

Шу асосда, “Mening fikrim” махсус веб-портали ташкил қилиниб, у орқали Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига электрон жамоавий мурожаат қилиш тартиби жорий этилди. Ҳозирда ҳар бир фуқаро ўзининг конституциявий ҳуқуқидан фойдаланган ҳолда, мамлакат қонунчилик тизимини ривожлантириш борасида ўз фикрини эркин билдирмоқда. Бугунги кунга қадар мазкур веб-портал орқали 440 та петиция эълон қилинди.

Дарҳақиқат, жамоатчилик назорати фуқаролик жамияти ривожининг муҳим омили бўлиб, бугунги кунда унинг мустаҳкам ҳуқуқий асослари яратилган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эгалиги белгиланган. Шунингдек, 2018 йилда қабул қилинган “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Ушбу қонуннинг мақсади давлат органлари ва муассасалари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ташкил этиш ҳамда амалга ошириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Давлат ҳокимияти органларининг парламент ҳамда маҳаллий Кенгашларга ҳисобдорлигининг йўлга қўйилиши ва “Электрон ҳукумат”нинг жорий этилиши жамоатчилик назоратини янада кучайтириш, давлат ва жамият ўртасида ўзаро яқин ҳамкорликни ўрнатиш бўйича амалга оширилаётган ишларни янада кучайтиришга хизмат қилмоқда. Ўз навбатида, давлат бошқаруви органларининг халқ вакиллари олдидаги ҳисобдорлиги қилинаётган ишларнинг очиқ-ошкоралиги, энг муҳими, уларнинг масъулиятли бўлишини таъминлаяпти.

Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, «Жамият — ислоҳотлар ташаббускори» деган янги ғояни амалда рўёбга чиқариш, аҳолининг давлат ва жамият ишларини бошқаришдаги иштироки кўламини кенгайтириш, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш, фуқаролар, жамият ва давлатнинг ўзаро яқин ҳамкорлигини ўрнатиш, шунингдек давлат органлари ва муассасалари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Жамоатчилик палатасини ташкил этиш тўғрисда”ги ПФ 5982-сонли фармони қабул қилинди.

Мазкур фармон билан қуйидагилар белгиланди:

• Жамоатчилик палатаси жамоатчилик асосида ишлайдиган 50 нафар аъзодан иборат таркибда шакллантирилади;

• Жамоатчилик палатаси ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига фуқаролик жамиятининг ҳолати ва ривожланиш тенденциялари тўғрисида йиллик миллий маърузаларни тақдим этади;

• Жамоатчилик палатаси ва ҳудудий жамоатчилик палаталари аъзолари ҳар бир давлат органининг очиқ ҳайъат мажлисида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг мажлисларида, «Ҳукумат соати» да, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) Кенгашлари мажлисларида иштирок этишга ҳақли;

• Жамоатчилик палатаси ва ҳудудий жамоатчилик палаталари давлат органлари ва ташкилотларига қонунларнинг, турли соҳалардаги давлат дастурларининг ижроси ҳамда уларнинг ваколатларига кирадиган бошқа муҳим масалалар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш ёки нуқтаи назарини баён этиш талаби билан Жамоатчилик палатаси сўровини юбориш ҳуқуқига эга. Бунда давлат органлари ва ташкилотлари сўровга жавобни, агар бошқа муддат белгиланган бўлмаса, у олинган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай юбориши лозим.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Конституциямизнинг 28 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон халқига йўллаган байрам табригида ҳам  Конституция ва қонунларимизни янада такомиллаштириш, ушбу вазифаларни бажаришда сиёсий партиялар ва фуқаролик жамияти институтлари янада фаол бўлиши лозимлиги, сўз ва матбуот эркинлиги, оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш, давлат ҳокимияти идоралари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ўрнатишга қаратилган ишларимизнинг таъсирчанлигини янада оширишга қаратилган вазифаларни амалга ошириш лозимлиги таъкидланди.

Бир сўз билан айтганда, давлат органлари мансабдор шахсларининг халқимизга ўз фаолиятлари юзасидан оммавий ахборат воситалари орқали мунтазам ҳисобот бериш тизими яратилгани, давлат хизматчиларининг энг чекка ҳудудларгача бориб, уйма-уй юриб аҳоли муаммоларини ўрганаётгани, “электрон ҳукумат” шаклланаётгани, жамоатчилик назоратини самарали амалга ошириш бўйича қонунчиликнинг тизимли такомиллаштирилаётгани давлат идоралари ва халқимизнинг мамлакатимиз тараққиётига биргаликда ҳисса қўшишига хизмат қилмоқда.

Бу борада 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси давлат ва жамият қурилишини такомиллаштиришга йўналтирилган демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатни модернизация қилишда, айниқса, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ролини кучайтиришда, энг асосийси, жамоатчилик назорати самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этиб келаётганини алоҳида эътироф этиш зарур.

 


0
Похожие новости