
Марко МАНТОВАНЕЛЛИ, Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари:
Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга йўллаган йиллик Мурожаатида кўплаб муҳим мавзуларга тўхталиб ўтди. Мен унда алоҳида эътиборга лойиқ бўлган фикрларни таъкидламоқчиман.
Биринчидан, Президент ўз нутқининг муҳим қисмини инсон капиталига сармоя киритиш ва аҳолини сифатли тиббий ва таълим хизматлари билан таъминлашнинг аҳамиятига бағишлади. Ушбу чора-тадбирлар фуқароларнинг соғлиғига ва уй хўжаликларининг ижтимоий-иқтисодий аҳволига салбий таъсир кўрсатадиган COVID-19 пандемияси пайтида айниқса муҳимдир. Инсон капиталига сармоялар иқтисодий ислоҳотлар самарадорлиги, инқироздан кейинги тикланиш ва тезлаштирилган иқтисодий ўсиш учун жуда муҳимдир.
Халқаро молия корпорацияси, Жаҳон банки гуруҳининг хусусий секторни қўллаб-қувватлаш ташкилоти яқинда Ўзбекистондаги биринчи давлат-хусусий шериклиги асосидаги соғлиқни сақлаш лойиҳасини бошлашга кўмаклашди. Мазкур лойиҳа ихтисослашган ёрдамни олишда қийналаётган, хусусан, мамлакатнинг чекка ҳудудларидаги беморларга жаҳон даражасидаги диализ хизматларини кўрсатишда ёрдам беради. Шунингдек, Жаҳон банки шошилинч тиббий ёрдамни такомиллаштириш ва соғлиқни сақлаш тизимини пандемияга қарши самарали чоралар кўришга тайёрлаш учун молиявий кўмак кўрсатмоқда.
Бундан ташқари, Жаҳон банки Ҳукуматга мактабгача, мактаб ва олий таълим тизимларида сифатли хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш бўйича режаларини амалга оширишда кўмак кўрсатишга тайёр. Биз биламизки, инсон капиталига сармоя киритиш нафақат фуқароларнинг ўзига, балки бутун жамиятга катта иқтисодий даромад келтиради.
Президент камбағалликни қисқартиришда комплекс ёндашув зарурлигини таъкидлаб ўтди. Мазкур ёндашув камбағаллар манфаатини эътиборга оладиган иқтисодий ўсиш, самарали иш билан таъминлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш дастурларини ўз ичига қамраб олади. Жаҳон банки камбағалликни қисқартириш ва турмуш даражасини яхшилаш мақсадида Ўзбекистон Президенти томонидан 2021 йилда устувор вазифалар сифатида белгиланган йўналишларда кўмак кўрсатмоқда.
Иккинчидан, Президент COVID-19 пандемияси келтириб чиқарган барча қийинчиликларга қарамай, мамлакат учун қийин, аммо жуда зарур иқтисодий ислоҳотларни давом эттиришда ўзининг кучли сиёсий иродасини тасдиқлаб ўтди. Ҳукумат барча фуқароларга тенг имкониятлар яратиш учун ислоҳотларни давом эттириш ва иқтисодиётни модернизация қилиш ниятида эканлигини эшитиш ҳам ўзбекистонликлар, ҳам халқаро ҳамжамият учун муҳим эди, деб ҳисоблайман.
Жаҳон банки мамлакатга очиқ, рақобатбардош ва янада инклюзив бозор иқтисодиётига ўтишда ёрдам беради. Шунинг учун биз Президент ҳукуматга инқироздан кейинги иқтисодий тикланишни жадаллаштириш ва унинг муҳим тармоқларини ислоҳ қилиш бўйича 2021 йилда амалга ошириш юзасидан берилган топшириқларни мамнуният билан қабул қиламиз.
Биз ҳукуматнинг Ўзбекистондаги бозор ислоҳотлари муваффақиятининг муҳим шарти бўлган йирик давлат корхоналари ва банкларини ўзгартириш ва ислоҳ қилиш бўйича режаларини тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз.
Биз Президент томонидан давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини камайтириш ва хусусий секторнинг янада ўсишини таъминлаш юзасидан таъкидлаб ўтилган режаларини мамнуният билан қабул қиламиз. Масалан, ҳукуматнинг Жаҳон банки гуруҳи билан энергетика соҳасидаги яқин ҳамкорлиги рақобат асосида танланган хусусий хорижий инвестор иштирокида Ўзбекистондаги биринчи қуёш электр станциясини қуриш учун тегишли шароитларни яратди.
Камбағалликни қисқартириш ва қишлоқ аҳолисининг даромадларини ошириш учун қишлоқ хўжалиги маҳсулдорлиги ва самарадорлигини кескин ошириш лозим, деган Президентнинг фикрига қўшиламиз. Жаҳон банки Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги модернизацияси, ирригация ҳамда қишлоқ тадбиркорлигини ривожлантириш соҳаларида йирик лойиҳаларни молиялаштиради. Уларни амалга ошириш қишлоқ хўжалигида замонавий илмий ишланмалар ва инновацион ечимларни жорий этишга имкон беради. Улар қишлоқ жойларда маҳсулдорлик ва даромадларни оширишга ёрдам беради.
Учинчидан, Президент ислоҳотларни амалга ошириш учун давлат бошқаруви тизими самарадорлигини ошириш, коррупцияга қарши курашиш ва барча давлат органларида қарорлар қабул қилиш жараёнларида шаффофликни таъминлаш зарурлигини таъкидлади. Ушбу соҳаларда амалга оширилиши режалаштирилган тадбирларни мамнуният билан қайд этдик.
Хулоса қилиб, Жаҳон банки гуруҳи ҳукуматга 2021 йилда ёшларни манзилли қўллаб-қувватлашда кўмаклашишга тайёрлигини билдирмоқчиман. Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллиги йилида ёшлар ривожланишига сармоя — ўтмишга ҳурмат кўрсатиш ва мамлакатда келажакдаги тараққиёт учун мустаҳкам пойдевор яратишнинг энг яхши усулидир.