• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

“ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ” МАРКАЗИ ХОДИМИ ХАЛҚАРО АНЖУМАНДА ЎЗ ИЛМИЙ-ТАДҚИҚОТ ЛОЙИҲАСИНИНГ ТАҚДИМОТИНИ ЎТКАЗДИ


Жорий йилнинг 4 март куни Осиё тараққиёт банкининг “Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлик институти” томонидан “COVID-19 ва Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорликка аъзо мамлакатларнинг иқтисодий тикланиш салоҳияти” мавзусида халқаро илмий тадқиқотлар анжумани ташкил этилди.

Нуфузли анжуманда етакчи халқаро мутахассислар глобал пандемиядан сўнг Осиё, хусусан, Марказий Осиё мамлакатларининг иқтисодий-ижтимоий барқарорликка эришиши ва тикланиши, минтақавий ҳамкорлик ва интеграция, савдо ва туризм масалаларида илмий тадқиқот ишларини муҳокама қилишди.

Таъкидлаш жоизки, Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлик институти бугунги кунда 10 та давлат — Афғонистон, Мўғилистон, Озарбайжон, Покистон, ХХР, Тожикистон, Қозоғистон, Туркманистон, Қирғизистон, Ўзбекистон билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйган. Мазкур институт Осиё тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Халқаро валюта жамғармаси, Ислом тараққиёт банки, БМТ Тараққиёт дастури, Жаҳон Банки томонидан қўллаб-қувватланади.

Мазкур институтнинг фаолияти транспорт, савдо-сотиқ, энергетика ресурслари ва бошқа йўналишларда ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш орқали минтақанинг ижтимоий-иқтисодий тараққий этишига кўмаклашишга қаратилган.       

Халқаро конференцияда “Тараққиёт стратегияси” маркази бўлим бошлиғи Фаррух Ҳакимов “Марказий Осиёда рақамли трансформация: глобал пандемиядан олинган сабоқлар” деб номланган илмий-тадқиқот лойиҳаси билан иштирок этди.

Тақдимотда Марказий Осиё давлатларининг рақамлаштириш ва ахборотлаштириш сиёсати, рақамлаштириш бўйича миллий тараққиёт стратегиялари ҳамда соҳадаги муаммолар ва истиқболли лойиҳалар таҳлил қилинди.

Шунингдек, халқаро конференция иштирокчиларига Ўзбекистонда рақамлаштириш ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, хусусан, “Рақамли Ўзбекистон – 2030” миллий cтратегияси ҳақида ҳам маълумот берилди.

Халқаро анжуман ўз ишини 5 март куни давом эттиради.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати.