• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ДАВЛАТ ВА ФУҚАРОЛИК ЖАМИЯТИ ТАШКИЛОТЛАРИНИНГ МУСТАҲКАМ ҲАМКОРЛИГИ – ҲУҚУҚИЙ ИСЛОҲОТЛАР САМАРАДОРЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ ЙЎЛИДА


Жорий йилнинг 21-22 май кунлари Тошкент шаҳрида «Тараққиёт стратегияси» маркази, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва AҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ҳамкорлигида “Ҳуқуқий ислоҳотларни амалга оширишда давлат ва фуқаролик жамияти ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорлик” мавзусида миллий конференция бўлиб ўтди.

Ўзбекистонда давлат ва жамият бошқарувида, қонун устуворлигини таъминлашда ҳукумат ва фуқаролик жамияти ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш бўйича тажриба алмашиш ва тавсиялар ишлаб чиқишга қаратилган мазкур тадбирда парламент, давлат бошқаруви органлари ва фуқаролик жамияти институтларининг эксперт-мутахассислари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Конференцияни бошқариб борган “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков ушбу анжуманнинг долзарб аҳамияти ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди.

— Мазкур тадбир мамлакатда фуқаролик жамиятини ривожлантириш, нодавлат сектор фаолияти самарадорлигини ошириш, фуқаролик жамияти институтлари сафини кенгайтириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда бу институтнинг қонун ижодкорлиги ҳамда давлат ва жамият бошқаруви жараёнидаги иштирокини фаоллаштиришга қаратилган миллий қонунчилик ва қонунчилик ташаббусларини муҳокама қилишда муҳим платформа сифатида хизмат қилади, — деди жумладан Элдор Туляков. — Шунингдек, ушбу икки кунлик тадбирда биз фуқаролик жамияти ташкилотларининг ижтимоий шериклик, жамоатчилик назорати ва волонтёрлик соҳаларида янада кенг қатнашишига қаратилган ёндашувларни ҳамкорликда ишлаб чиқишни устувор мақсад сифатида белгилаганмиз.

Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, Ўзбекистонда эркин фуқаролик жамияти барпо этишнинг, давлат ва жамоат ташкилотлари ўртасидаги самарали ҳамкорликни таъминлашнинг, шунингдек, ислоҳотлар натижадорлигини оширишнинг муҳим воситаси сифатида “Жамият – ислоҳотлар ташаббускори” деган янги ғоя асосида давлат, фуқаролар, фуқаролик жамияти институтларининг тизимли мулоқотини йўлга қўйиш масалаларига устувор аҳамият қаратиб келинмоқда.

Бу борада, айниқса, «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» Давлат дастурининг 16-банди ижроси доирасида Президент Фармони билан тасдиқланган “2021 — 2025 йилларда Фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси” муҳим ўрин тутади. Мазкур Концепцияга биноан, фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг ҳуқуқий асосларини ҳамда уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмини янада такомиллаштириш, давлат ва жамият бошқарувида фуқаролик жамияти институтларининг фаол иштирок этиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, давлат ижтимоий лойиҳаларини амалга оширишда фуқаролик жамияти институтларининг иштирокини янада кенгайтириш, улар фаолиятининг очиқлигини таъминлаш борасида қатор амалий саъй-ҳаракатларни ҳаётга жорий этиш назарда тутилган.

Бугунги анжуманимиздан кўзланган устувор мақсад ҳам Ўзбекистонда эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш, инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини, демократик қадриятларни ҳимоя қилиш, аҳолининг сиёсий маданияти ва ҳуқуқий онгини ошириш, давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасида ижтимоий шериклик муносабатларини ҳамда долзарб масалаларни ҳал этишдаги ҳамкорлигини кучайтириш, республикада барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларда нодавлат нотижорат ташкилотларининг ташаббускорлиги ва фаоллигини ошириш ҳисобланади.

Анжуманнинг очилиш маросимида, шунингдек, USAIDнинг Ўзбекистондаги офиси масъули Дэйна Биган, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси Шуҳрат Бафаев, Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси аъзоси Манзура Салимова ва бошқалар ҳам иштирок этиб, Ўзбекистонда фуқаролик жамияти институтларининг ислоҳотлар жараёнидаги ўрни ва роли, хусусан, уларнинг қонун ижодкорлигида иштирок этиш имкониятлари, қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқишда давлат ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорликни ўрнатиш ва бошқа масалалар бўйича ўз мулоҳазаларини баён этишди.

Конференциянинг иккинчи кунида Ишчи гуруҳ томонидан ишлаб чиқилган тавсияларининг тақдимоти ўтказилди. Хусусан, “Фуқаролик жамиятининг ҳуқуқ ижодкорлиги жараёнидаги иштирокини ошириш”, “Фуқаролик жамияти институтларининг жамоат назорати ва фуқаролик жамияти фаолиятини мониторинг қилишда иштирок этиш воситалари ва механизмлари”, “Ижтимоий шерикликни кенгайтиришда фуқаролик жамияти институтларининг самарадорлигини ошириш”, “Қонун устуворлигини қўллаб-қувватлаш фаолиятини кенгайтиришда кўнгиллиларни муҳим ресурс сифатида жалб қилишдаги фуқаролик жамияти институтларининг ўрни” мавзуларидаги тақдимотлар қизғин баҳс-мунозараларга бой тарзда ўтди.

Анжуман якунида муҳокама этилган масалалар юзасидан таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилиб, тегишли идораларга юбориш тўғрисида келишиб олинди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати