• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

АХБОРОТ ХАВФСИЗЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ – МДҲ ЭКСПЕРТЛАРИ НИГОҲИДА


Жорий йилнинг 29 июнь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти томонидан Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда МДҲ Ижроия қўмитаси кўмагида Ахборот хавфсизлиги бўйича МДҲ халқаро эксперт форуми бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Ҳамдўстлик давлатлари раҳбарларининг 2019 ва 2020 йиллардаги саммитларида илгари сурилган ташаббуслар доирасида ташкил этилган мазкур анжуманда МДҲ давлатларидан 50 нафардан зиёд экспертлар, халқаро ташкилотлар ва МДҲ мамлакатларининг етакчи таҳлилий марказлари вакиллари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирок этишди. Шунингдек, гибрид форматда ўтказиладиган тадбирда хорижий иштирокчилар ҳам онлайн шаклда қатнашишди.

Форум доирасида иштирокчилар томонидан рақамли иқтисодиётни ривожлантириш шароитида ахборот хавфсизлигини таъминлаш, ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда жиноятларга қарши курашиш, ахборот инфратузилмаси объектларини техник ҳимоя қилиш ва кибержиноятларни тергов қилиш ҳамда ахборот муҳитида инсон ҳуқуқ ва еркинликларини ҳимоя қилиш каби мавзулар муҳокама қилинди.

Элдор Туляков,

“Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори:

— Бугун бутун дунё рақамли технологиялар инқилоби шарофати билан ахборот энг кучли қуролга айланган мураккаб бир шароитда яшамоқда. Бу омил, ўз навбатида, ҳар бир давлатдан ахборот хавфсизлигини таъминлаш ва улардан фойдаланувчиларни мавжуд кибер таҳдидлардан ҳимоя қилувчи механизмларни шакллантиришни талаб этади. Зеро, ҳозирги жадал глобаллашув замони ахборотлашган жамият қуриш жараёнида бу масаланинг ниҳоятда долзарб аҳамият касб этаётганидан далолат бериб турибди.

Чунки, бугун ахборот майдони чек-чегарасиз, ҳудуд ва масофа билмайди. Яъни, хорижий давлат ҳудудида туриб ҳам бошқа мамлакатнинг ахборот маконида қонун бузилишини, жиноят ёки ҳуқуқбузарликни содир этиш мумкин. Шу боис, ахборот хавфсизлигини таъминлашда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, бу соҳада давлатлар биргаликда саъй-ҳаракатларни амалга ошириб боришлари жуда муҳим.

Шунингдек, ахборот соҳасида турли мамлакатлар тегишли давлат органларининг инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоялаш, шахсга оид маълумотларни муҳофазалаш юзасидан қонунчиликни уйғунлаштирган ҳолда қўллаб бориш амалиётини йўлга қўйиш алоҳида аҳамиятга эга эканини таъкидлаш лозим.

Бугунги анжуманда юқоридаги каби долзарб масалалар ва юзага келаётган муаммолар МДҲга аъзо давлатларнинг 50 нафардан ортиқ нуфузли халқаро экспертлари томонидан қизғин муҳокама қилинди ҳамда таклиф-тавсиялар ишлаб чиқилди.

Ўз навбатида, “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан МДҲ мамлакатларининг қатор етакчи таҳлилий марказлари мутасаддилари билан музокаралар олиб борилиб, келгусида ахборот хавфсизлиги соҳасида ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш ва биргаликда қўшма лойиҳалар, тадқиқотларни амалга оширишга келишиб олинди.
 

Форум якунида Ахборот хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича халқаро МДҲ эксперт форумининг якуний ҳужжати қабул қилинди. Мазкур ҳужжат Ҳамдўстлик доирасида ахборот хавфсизлиги соҳасидаги ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий асослари ва институционал механизмларини такомиллаштириш бўйича тавсияларни ўз ичига олади.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати