• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ДАВЛАТ ДАСТУРИ АМАЛДА: ҚИЙНОҚҚА СОЛИШ ҲОЛАТЛАРИГА БАРҲАМ БЕРИШ ЧОРАЛАРИ КЎРИЛАДИ


Сўнгги йилларда мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини янада кучайтириш, жумладан, қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларига йўл қўймаслик мақсадида изчил саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, Ҳаракатлар стратегияси доирасида ҳар йили қабул қилиб келинаётган Давлат дастурлари ижроси доирасида қийноққа солишнинг барвақт олдини олиш, бу билан боғлиқ мурожаатларни тезкор равишда холисона кўриб чиқиш, ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга мониторинг ташрифларини мунтазам амалга ошириш бўйича самарали ҳуқуқий механизмларни яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, 2021 йил — Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили Давлат дастурининг 23-бандида қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш борасида қатор устувор вазифалар белгиланган эди.

Жорий йилнинг 26 июнь куни имзоланган “Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори билан мазкур банднинг ижроси таъминланди.

Қарорда белгилаб берилган чора-тадбирларнинг ҳаётга тадбиқ этилиши натижасида қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизими эндиликда халқаро ҳуқуқнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги умумэътироф этилган принциплари ва нормаларига мувофиқлаштирилади. Ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар томонидан инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларга юборилган мурожаатларнинг муассаса маъмурияти томонидан кўздан кечирилмаслигини ҳамда қабул қилувчига зудлик билан юборилиши қатъий таъминланади.

Шунингдек, қийноққа солиш ҳолатлари тўғрисидаги мурожаатларнинг тезкор ва холисона кўриб чиқилиши ҳамда айбдор шахсларнинг муқаррар жавобгарликка тортилиши, қийноққа солишдан жабрланганларга ижтимоий, ҳуқуқий, психологик ва тиббий ёрдам кўрсатилишини ҳамда уларга етказилган зарарнинг компенсация қилиниш механизмлари такомиллаштирилади.

Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш фаолиятига фуқаролик жамияти институтлари кенг жалб қилинади. Уларнинг давлат органлари билан самарали ҳамкорлиги таъминланади. Қийноққа солишнинг олдини олиш борасида халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатларнинг миллий институтлари билан яқин ҳамкорлик йўлга қўйилади.

Шу билан бирга, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили – Омбудсман ҳузуридаги эксперт гуруҳи негизида Омбудсман ҳузуридаги Қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича жамоатчилик гуруҳлари ташкил этилади. Уларнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланмоқда:

– гауптвахта, махсус қабулхона, вақтинча сақлаш ҳибсхонаси, тергов ҳибсхонаси, жазони ижро этиш муассасаси, интизомий қисм, мажбурий даволаш муассасаларида қийноққа солишнинг олдини олиш бўйича мониторинг ташрифларини мунтазам равишда амалга ошириш;

– ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда сақлаш шарт-шароитларини ўрганиш ва улар юзасидан ахборотларни жамоатчиликка эълон қилиб бориш;

– қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ҳамда уларни тезкор бартараф этиш бўйича талабномаларни тегишли давлат органига тақдим қилиш;

– қийноққа солиш ҳолатлари тўғрисидаги мурожаатларни кўриб чиқишда иштирок этиш;

– қийноққа солиш ҳолатларини экспертлик баҳолаш масалалари бўйича услубий тавсиялар ишлаб чиқиш;

– қийноққа солишдан жабрланганларга ижтимоий, ҳуқуқий, психологик ва тиббий ёрдам кўрсатилишида иштирок этиш;

– қийноққа солиш хавфининг олдини олиш ҳамда бу соҳада илғор хорижий тажрибани жорий қилиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш.

Шунингдек, 2021 йил 1 октябрдан бошлаб Ички ишлар вазирлиги ва Бош прокуратура билан биргаликда тезкор-қидирув, терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов фаолиятини амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасалари ходимлари учун қийноққа солишга қарши курашиш бўйича ўқув курслари ташкил этилади.

Бош прокуратура, Омбудсман, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ томонидан 2021 йил 1 декабрга қадар Жиноят кодексида қийноққа солиш учун жавобгарлик белгиловчи нормаларни БМТнинг “Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашга қарши Конвенцияси” (Нью-Йорк, 1984 йил 10 декабрь) талабларига мувофиқлаштириш мақсадида қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчаларни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади.

Хулоса ўрнида айтганда, қарорда белгилаб берилган чора-тадбиларнинг амалиётга жорий қилиниши, гауптвахта, махсус қабулхона, вақтинча сақлаш ҳибсхонаси, тергов ҳибсхонаси, жазони ижро этиш муассасаси, интизомий қисм ҳамда мажбурий даволаш муассасаларидаги шахслар томонидан қилинган қийноққа солиш ҳолатлари тўғрисидаги мурожаатларнинг тезкор ва холисона кўриб чиқилиши ва айбдор шахсларнинг ўз вақтида муқаррар жавобгарликка тортилишини таъминлайди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази

Ахборот хизмати