• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

Марказий ва Жанубий Осиёда минтақавий ҳамкорлик ва барқарорлик истиқболлари муҳокама қилинди


Жорий йилнинг 31 июль куни “Тараққиёт стратегияси” марказининг Туркиядаги ҳамкори, Европа ва Осиё минтақаси билан боғлиқ ижтимоий-сиёсий йўналишлардаги долзарб муаммоларни таҳлил қилиб, уларнинг ечими юзасидан таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш билан шуғилланиб келувчи Инқироз ва сиёсат масалалари бўйича тадқиқотлар маркази – ANKASAM ташаббуси билан Марказий ва Жанубий Осиёда минтақавий ҳамкорлик ва барқарорлик истиқболларига бағишланган халқаро конференция ташкил этилди.

Осиё, Европа ва АҚШнинг етакчи илмий-таҳлилий марказлари ва университетларидан экспертлар ва профессорлар, сиёсатчилар, парламент аъзолари иштирок этган халқаро конференцияда “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков ҳам маъруза билан қатнашди.

Халқаро конференция кун тартиби Кашмирдаги вазиятни ҳал қилиш билан боғлиқ 10 та секцияларга бўлиниб, жаҳоннинг халқаро муносабатлар ва хавфсизлик йўналишларидаги хорижлик номдор экспертлари томонидан таҳлил этилиб таклиф ва тавсиялар берилди.

Жумладан, “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков ўз маърузасида Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари ўртасида ўзаро ишонч ва манфаатдорликка асосланган ҳамкорлик шаклланаётганлиги, бу ўз навбатида тинчлик, дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлади.

Шунингдек, тадбир иштирокчиларига яқинда 15-16 июль кунлари Тошкентда бўлиб ўтган юқори даражадаги “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги халқаро конференциясининг якунлари, аҳамияти ва минтақавий ҳамкорлик ва барқарорликка қўшган ҳиссаси ҳақида маълумот бериб ўтди.

Хусусан, Марказ ижрочи директори Э.Туляков Тошкент мезбонлик қилган халқаро конференцияда Ўзбекистон Президенти томонидан илгари сурилган ташаббусларга тўҳталиб, мазкур ташаббуслар ва минтақалараро йирик лойиҳаларни амалга ошириш учун Марказий ва Жанубий Осиёда тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, (жумладан, Афғонистон ва Кашмир каби ҳудудлардаги) мавжуд низоларни эса фақат тинч ва дипломатик йўл билан бартараф этиш муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади. Шу ўринда, мамлакатнинг ташқи сиёсий тамойилларидан келиб чиқиб конференция иштирокчиларига халқаро майдонда барча қарама-қаршиликлар ва низоларни Ўзбекистон фақат тинч йўллар билан ҳал қилиш тарафдори эканлиги эътироф этилди.

Бундан ташқари, “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков модераторлиги остида бўлиб ўтган секция йиғилишида АҚШнинг етакчи илмий-таҳлилий марказларидан Ариел Коен (“The Atlantic Council”) ва Майкл Кугелман (“The Wilson Center”)лар иштирок этиб, Марказий ва Жанубий Осиёда минтақавий хавфсизлик ва барқарорлик масалалари юзасидан ўз фикр мулоҳазаларини билдиришди. Жумладан, бошқа иштирокчилар қатори америкалик мутахассис Ариел Коен 15-16 июль кунлари Тошкентда бўлиб ўтган Марказий ва Жанубий Осиё минтақавий боғлиқлигига бағишланган халқаро конференцияни юқори савияда ташкил этилганлиги ҳамда унинг аҳамиятини юқори баҳолади. Экспертнинг таъкидлашича, Ўзбекистон илгари сураётган Марказий ва Жанубий Осиёни боғловчи “Транс-Афғон” темир йўлининг қурилиши Афғонистон ва Кашмирдаги тинчлик ва барқарорликни таъминланиши билан боғлиқ бўлиб, истиқболда Ҳиндистонга ҳам мазкур ташаббус катта имкониятлар эшигини очади ҳамда глобал хавфсизликка ижобий таъсир кўрсатади.

Таъкидлаш жоизки, АНКАСАМ томонидан ташкил этилган мазкур халқаро анжуман ва ундаги “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директорининг иштироки яқинда “Тараққиёт стратегияси” маркази делегациясининг Туркия Республикасига амалга оширган ишчи ташрифи доирасида марказ раҳбарлари Элдор Туляков ва Меҳмет Сейфеттин Эрол томонидан имзоланган ўзаро ҳамкорлик Меморандумининг амалий натижаларининг бошланишидир.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати