• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

МАРКАЗ РАҲБАРИ ЭЛДОР ТУЛЯКОВ ЖАҲОН ТИЛЛАРИ УНИВЕРСИТЕТИДА ИСЛОҲОТЛАР НАТИЖАСИ БЎЙИЧА ТАҚДИМОТ ЎТКАЗДИ


Айни кунларда “Тараққиёт стратегияси” маркази экспертлари томонидан мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган нуфузли олийгоҳлар талабаларини 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришга қаратилган Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти билан яқиндан хабардор қилиш мақсадида тақдимотлар ўтказиб келинмоқда.

Жумладан, “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков томонидан жорий йилнинг 12-13 октябрь кунлари Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари университети жамоаси учун тақдимот ўтказди. Тақдимотда университет  профессор-ўқитувчилари ҳамда талабалар иштирок этишди.

Тақдимотда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида Ўзбекистонда изчил амалга оширилаётган ислоҳотлар ўз самарасини кўрсатиб, эришилаётган натижаларни халқимиз билан бирга жаҳон ҳамжамияти ҳам эътироф этаётганлиги, Ҳаракатлар стратегияси бугунги глобаллашув шароитида ер юзида туб ўзгаришлар кечаётган мураккаб бир вазиятда, Ўзбекистон учун сиёсий, ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий ислоҳотларнинг энг муҳим беш устувор йўналишини амалга оширишнинг яқин истиқболга мўлжалланган муҳим миллий стратегик ҳужжати эканлиги айтиб ўтилди.

Шунингдек, ушбу стратегик ҳужжатда белгилаб берилган вазифаларни ўз вақтида ҳаётга татбиқ этишда “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан ҳар йилги қабул қилиниб келинаётган Давлат дастурларининг қандай амалга оширилаётгани ва ижроси қай тарзда таъминланаётгани ҳақида доимий равишда жамоатчилик назорати олиб борилаётганлиги таъкидланди.

Тақдимот якунида олийгоҳ жамоаси томонидан Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ўз вақтида ва самарали амалга оширилишида ҳамда аҳолини бевосида хабардор бўлиб боришида “Тараққиёт стратегияси” марказининг алоҳида ўрни борлиги эътироф этилиб, Марказ жамоасига миннатдорлик билдирилди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази

Ахборот хизмати