• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

“ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ” МАРКАЗИДА ГЕРМАНИЯЛИК ДЕПУТАТЛАР БИЛАН УЧРАШУВ БЎЛИБ ЎТДИ


Жорий йилнинг 20 октябрь куни “Тараққиёт стратегияси” марказида Ўзбекистонда амалий ташриф билан бўлиб турган германиялик депутатлар билан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков меҳмонларни Марказ фаолияти ва унинг олдида турган устувор вазифалар билан яқиндан таништирди. Шунингдек, уларга Ўзбекистонда Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёни, эришилаётган натижалар, истиқболдаги вазифалар, бу борада айниқса фуқаролик жамиятининг ўрни ҳақида батафсил маълумот бериб ўтди.

Депутатлар ўз сўзларини германиялик бир қатор сиёсатчилар ва ҳукумат аъзоларининг Ўзбекистонлик ҳамкасбларига саломини етказиш билан бошладилар.

Шунингдек, икки мамлакат раҳбарлари ўртасида доимий мулоқотнинг йўлга қўйилганлиги, хусусан, икки йил аввал Берлин шаҳрида ўтган олий даражадаги учрашувларда эришилган келишувларнинг биргаликда амалга оширилаётгани, икки томонлама муносабатларнинг барқарор суръатлар билан ривожланишини таъминлашда парламентлараро алоқаларнинг йўлга қўйилиши ҳам катта аҳамият касб этгани таъкидланди.

Ўз навбатида, германиялик депутатлар томонидан икки давлатнинг ўзаро муносабатлари, тобора мустаҳкамланиб бораётгани, ҳамкорлик алоқалари Ўзбекистонда амалга оширилаётган барча соҳаларда, жумладан, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, энергетика ва иқлим муаммоларини ҳал этиш каби йўналишларда яққол кўзга ташланаётганлиги таъкидланди. Шу билан бирга, Президент Шавкат Мирзиёевнинг фаол ташқи сиёсатини Германия томони ҳар доим қўллаб-қувватлаши, айниқса минтақа муаммоларини ҳал этишдаги ташаббуслар алоҳида таҳсинга сазоворлиги айтиб ўтилди.

Германиялик депутатлар Ўзбекистон аҳоли сони тез суръатларда ўсиб бораётган мамлакат эканлиги, аҳолисининг 50 фоизидан ортиғини ёшлар ташкил этиши ҳамда халқ билан мулоқот қилишнинг самарали тизими йўлга қўйилиб, ушбу жараёнлар изчиллик билан давом эттирилаётганлигига алоҳида эътибор қаратдилар.

Шунингдек, меҳмонлар томонидан ислоҳотларда фуқаролик жамиятининг иштироки, Ҳукумат билан фуқаролар ўртасида ўрнатилган ишонч ва қайта алоқа масалалари, Ўзбекистонда амалга оширилиши бошлаб юборилган “Рақамли Ўзбекистон — 2030” стратегияси, яшил иқтисодиётни ривожлантириш, муқобил энергетика манбаларидан самарали фойдаланиш ҳамда шамол, қуёш фотоэлектр станциялари, Ўзбекистонда ривожланиб бораётган транспорт соҳасидаги ўзгаришлар юзасидан билдирилган саволларга марказ раҳбари Элдор Туляков томонидан атрофлича жавоб берилди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати