• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ФУҚАРОЛИК ЖАМИЯТИ ИНСТИТУТЛАРИ ТОМОНИДАН ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ ЛОЙИҲАСИ БЎЙИЧА МУҲИМ ТАКЛИФЛАР БИЛДИРИЛДИ


2022 йилнинг 13 январь куни «Тараққиёт стратегияси» маркази, Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг маблағларини бошқариш бўйича парламент комиссияси, Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фонди ҳамда ЎзННТМА ҳамкорлигида «Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси лойиҳаси – халқчил ва инсонпарвар давлат пойдевори» мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Олий Мажлис Сенати аъзолари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, «Тараққиёт стратегияси» маркази экспертлари, Республикада фаолият юритаётган жамоат, давлат ва нодавлат ташкилотлари ҳамда давлат гранти ва ижтимоий буюртмаларни амалга ошираётган фаол ННТларнинг 700 нафардан ортиқ вакиллари онлай ва офлайн шаклда иштирок этган тадбирда Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси ва уни 2022 йилда амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси»ни тасдиқлашга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони лойиҳаси атрофлича муҳокама қилинди.

Дастлаб «Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори Элдор Туляков томонидан Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси лойиҳасининг мазмун-моҳияти ва унда белгилаб берилган еттита йўналиш ва юзга яқин мақсадларнинг бандларида келтириб ўтилган устувор вазифаларни такомиллаштириш, унинг ижросини таъминлашда ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларининг фаол иштироки юзасидан атрофлича маълумот бериб ўтилди.

Хусусан, инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш, камбағалликни қисқартириш, янги иш ўринларини яратиш, эҳтиёжманд аҳолини касбга ўргатиш каби соҳаларда ижтимоий фойдали лойиҳаларни амалга ошириш ва бу жараёнда лойиҳалар мақсади ва кўзланган натижадан келиб чиққан ҳолда белгилаб қўйилган бир йиллик муддатни икки йилга узайтириш, иқтисодий ажратмаларни кўпайтириш, ННТлар фаолиятини тартибга солувчи қонунларни ягона кодекс ҳолатида бирлаштириш каби таклиф ва ташаббуслар ўртага ташланиб, соҳа мутахассислари томонидан атрофлича таҳлил қилинди.

Шу билан бирга, фуқаролик жамияти институтлари ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичлари паст бўлган шаҳар ва туманларни ривожлантириш, аҳолининг эҳтиёжманд қисми, ногиронлар, хотин-қизлар, ёшларни касб-ҳунарга ўқитиш ва бандлигига кўмаклашиш, жойларда аҳолига турли ижтимоий-маиший, маънавий-маърифий хизматлар кўрсатиш каби соҳа ва йўналишларда аниқ мақсадли чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича ўз ташаббусларини билдирди.

Давра суҳбати якунида иштирокчилар томонидан билдирилган таклиф ва ташаббуслар умумлаштирилди ҳамда Фармон лойиҳасининг тегишли бандларида акс эттирилиши учун «Тараққиёт стратегияси» марказига тақдим этилди.

«Тараққиёт стратегияси» маркази
Ахборот хизмати