• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ЎЗБЕКИСТОН– БЕЛЬГИЯ: МАРКАЗ РАҲБАРИ ЕВРОПА КОМИССИЯСИ АЪЗОСИ ЛЮК ДЕВИН БИЛАН УЧРАШДИ

“Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, давлат ва жамиятни жадал ривожлантириш, барча соҳани модернизация қилиш ва эркинлаштириш борасидаги амалий сайъ-ҳаракатлар натижалари ҳамда уларнинг мазмун-моҳиятини очиб берувчи турли мавзуларда таҳлилий материаллар, шарҳлар, рисола, тўплам, бюллетень ва бошқа тарқатма материаллар тайёрланиб келинмоқда. Мазкур тарқатма материаллар мамлакатимиздаги изчил ислоҳотлар билан аҳолининг кенг қатлами ва халқаро жамоатчиликни мунтазам равишда хабардор қилишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Шунингдек, хорижий давлатларга уюштирилган турли даражадаги учрашув ва ташрифлар доирасида ҳам Марказ экспертлари томонидан Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижалари бўйича тақдимот ва мулоқотлар ташкил этилиб, ўзаро фикр алмашиб келинмоқда.

Жумладан, ўтган ҳафтада Ўзбекистон делегацияси аъзоларининг Бельгияга ташрифи доирасида бўлиб ўтган қатор учрашувларда ҳам мамлакатда рўй бераётган ўзгаришлар юзасидан маъруза ва тақдимотлар ўтказилиб, 2017–2021 йилларда Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилган ислоҳотларнинг энг муҳим кўрсаткичлари акс эттирилган рисола ва бюллетенлар ҳамда 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегиясининг устувор йўналиш ва мақсадлари акс эттирилган тўпламлар Европа парламенти депутатлари, Европа комиссияси, Европа кенгаши, Европа Ташқи ҳаракатлар хизмати вакиллари эътиборига ҳавола қилинди.

Хусусан, “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков ташриф асносида Европа комиссия аъзоси, Европа ташқи алоқалар хизмати Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича бошқарувчи директори ўринбосари Люк Девин билан учрашиб, Ўзбекистон ва Европа давлатлари ўртасидаги серқирра ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқалари, шериклик муносабатларининг ривожланиши, сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодий, инвестициявий соҳалардаги алоқаларни кенгайтириш борасида ўзаро фикр алмашишди.

Шунингдек, Марказ раҳбари яқинда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан  “Дўстлик” ордени билан мукофотлангани Люк Девинни самимий муборакбод этди ҳамда мамлакатда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар ва улкан демократик ўзгаришлар, Ўзбекистон илгари сураётган глобал ва минтақавий ташаббусларни фаол қўллаб-қувватлаётганлиги учун миннатдорчилик билдирди. Суҳбат якунида Л.Девинга Марказ томонидан тайёрланган тарқатма материаллар тўпламлари тақдим этилди.
 

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати