• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
ШҲТ ҒОЯЛАРИ КЎП ТОМОНЛАМА ҲАМКОРЛИКНИ КЕНГАЙТИРИШГА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ
2219 | 14 Сен. 2022 й.

Ўзбекистон Республикаси ШҲТ доирасида конструктив мулоқот ва ҳар бир томоннинг манфаатларини ҳисобга олишган ҳолда кўп томонлама ҳамкорлик масалаларига катта эътибор бериб, ўзининг саъй-ҳаракатларини кўп тармоқли ҳамкорликни ривожлантиришга қаратмоқда.

Давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев ўзининг «Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити: ўзаро боғлиқликдаги дунёда мулоқот ва ҳамкорлик» номли мақоласида ШҲТнинг нафақат таркибий кенгайиши, балки бошқа долзарб масалалар билан бир қаторда экологик хавфсизлик, рақамли трансформация ва яшил иқтисодиёт каби янги стратегик йўналишларни очиб бериш орқали трансформация ҳамда ривожланиш борасидаги кенг истиқболлар ва имкониятларга эътибор қаратди.

Ушбу соҳаларнинг долзарблиги шундаки, унда экологик хавфсизлик соҳасида саноат корхоналарининг атроф-муҳитга салбий таъсири, тупроқнинг турли хил саноат ва маиший чиқиндилар билан ифлосланиши, атмосфера ҳавосига заҳарли газлар ташламасининг ортаётгани билан боғлиқ муаммоларнинг мавжудлигидир. Бундан ташқари, сўнгги йилларда иқтисодий ва молиявий барқарорлик доимий мониторинг, қайта кўриб чиқиш ва енгиб ўтишни талаб қиладиган кўплаб қийинчиликларга дуч келмоқда. Хусусан, аҳолининг ўсиши муқаррар равишда антропоген юкнинг ошишига олиб келади. Ҳолбуки, ҳозирги босқичда «яшил» иқтисодиётга ўтиш табиий ресурсларни тежаш ва атроф-муҳитга антропоген юкни камайтиришга қаратилган иқтисодий сиёсатнинг муҳим устувор йўналиши ҳисобланади.

Шу билан бирга, янги технологияларни ривожлантириш, энергия ишлаб чиқариш ва табиий ресурслардан самарали фойдаланиш иқтисодий ўсишнинг самарали омилидир. Рақамли технологияларни жорий этиш «яшил» иқтисодиётни турли йўллар билан кучайтириши мумкин (жумладан, ишлаб чиқаришнинг атроф-муҳитга бевосита таъсири, энергия сарфини камайтириш ва бошқалар). Бундан ташқари, рақамли ва «яшил» иқтисодиётнинг интеграцияси асосида технологик тартиб имкониятларини изчил амалга ошириш инфратузилма ва ишлаб чиқариш тармоқларида маҳсулдорликни сезиларли даражада ошириш имкониятини яратади. Экологик инновациялар, рақамли ва яшил иқтисодиётнинг интеграцияси иқтисодий ривожланиш учун жуда муҳимдир.

Экологик хавфсизликни таъминлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш мақсадида Ўзбекистон 2019 йилда 2019-2030 йилларда «яшил» иқтисодиётга ўтиш стратегиясини тасдиқлади.

Стратегиянинг асосий мақсади мамлакатда амалга оширилаётган тузилмавий ислоҳотларга «яшил» иқтисодиёт тамойилларини интеграция қилиш орқали ижтимоий ривожланиш, иссиқхона газларининг ажратмалари даражасини пасайтириш, иқлим ва экологик барқарорликка имкон берувчи мустаҳкам иқтисодий тараққиётга эришишдан иборат.

Шуни таъкидлаш керакки, экологик хавфсизликни таъминлаш ва «яшил» иқтисодиётга ўтишнинг асосий шартлари орасида халқаро ҳамкорлик ва саъй-ҳаракатларни бирлаштириш муҳим саналади. Бунда, глобал экологик муаммоларни ҳал қилиш учун ҳуқуқий ва институционал асосларни яратадиган кўп томонлама экологик шартномалар иқтисодиётни экологиялаштиришда муҳим роль ўйнаши мумкин.

Эътироф этиш керакки, ушбу йўналишда илгари сурилган ташаббус халқаро ҳамкорликни кенгайтиришда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Ушбу масалаларнинг ШҲТ иштирокчилари томонидан маъқулланиши экологик хавфсизликни таъминлаш ва дунё аҳолисининг деярли ярми яшайдиган минтақада «яшил» иқтисодиёт бўйича лойиҳаларни амалга оширишга хизмат қилади.

Юқорида таъкидлаб ўтилганидек, Ўзбекистон ШҲТ фаолиятини янги мазмун билан бойитиш учун доимо улкан саъй-ҳаракатларни амалга ошириб келмоқда. ШҲТ саммитларида Ўзбекистон Президенти Ш.М.Мирзиёев томонидан 54 та ташаббус илгари сурилди. Шулардан 37 таси амалга оширилди, 17 таси эса, амалга оширилмоқда. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, илгари сурилган ва амалга оширилаётган ташаббуслар сони бўйича Ўзбекистон ШҲТда етакчи ўринни эгаллаб турибди.

Ўзбекистоннинг янги ташаббуслари ҳамкорликни ривожлантиришга кучли туртки бериб, ШҲТ доирасида ҳамкорликнинг янги форматларини ишга тушириш, амалий натижаларга эришишга ҳамда янги мезонларни белгилашга имкон беради.

Ўзбекистон томонидан ШҲТ Самарқанд саммитида илгари сурилган таклифлар ўзаро конструктив ҳамкорлик тамойилларига асосланган ўзига хос мулоқотни йўлга қўйиш йўлидаги янги қадам бўлади.

 

Авазбек ХОЛБЕКОВ
«Тараққиёт стратегияси» маркази эксперти


7
Похожие новости