• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ХАЛҚАРО ҲАМКОРЛИК АЛОҚАЛАРИ МУСТАҲКАМЛАНМОҚДА

2022 йилнинг 16 ноябрь куни «Тараққиёт стратегияси» марказида, Марказ ижрочи директори Элдор Туляков ҳамда Швециянинг Ўзбекистондаги элчиси Томас Данестад билан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашув аввалида, Э.Туляков элчи Т.Данестадни Ўзбекистонда амалга оширилаётган ички ва ташқи сиёсатнинг мазмун-моҳияти, Тараққиёт стратегияси доирасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг дастлабки натижалари, шунингдек ушбу жараёнда “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан олиб борилаётган жамоатчилик назоратининг ўрни ва аҳамияти билан яқиндан таништириб ўтди.

Ўз навбатида, элчи Т.Данестад Ўзбекистонда 2017–2021 йилларда Ҳаракатар стратегияси доирасида бошланган ислоҳотларни мантиқий давоми сифатида 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбкистоннинг тараққиёт стратегиясининг қабул қилинишини ижобий баҳолаб, мазкур ҳужжат кўламли ва узоқ муддатли стратегияларни ўз ичига олгани боис, унинг ижросини тизимли мониторинг қилиб бориш муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлаб ўтди.

Шунингдек, Т.Данестад Марказ фаолияти билан танишиб, “Тараққиёт стратегияси” марказининг иш фаолияти Швеция учун ўзига хос янгилик эканлигини, бугунги кунда ислоҳотлар жараёнида мамлакат фуқароларининг ижтимоий фаоллиги, бунда бевосита Марказ ходимларининг алоҳида роли борлигини қайд этди.

Суҳбат давомида Т.Данестад Ўзбекистонда жамоатчилик бошқаруви тизимида ўзига хос услубга эга бўлган маҳалла институти фаолиятига ҳам қизиқиш билдирди. Э.Туляков томонидан маҳалла институтининг Ўзбекистонда тутган ўрни, ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этишда ҳамда фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш жараёнидаги аҳамияти ҳақида маълумот бериб ўтди.

Шу билан бирга, Тараққиёт стратегиясида маҳалла институти фаолиятининг самарадорлигини ошириш, уни жамоатчилик бошқаруви ва назоратининг таянч бўғинига айлантиришга қаратилган алоҳида мақсад ва чора-тадбирлар белгиланганлигини эътироф этди.

Учрашув давомида томонлар 2022 йилнинг 31 октябрь куни Швециянинг Стокгольм шаҳрида бўлиб ўтган учрашув давомида белгилаб олинган Ўзбекистон ва Швеция ўртасидаги сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодий, инвестиция, ижтимоий ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш масалаларини яна бир бор муҳокама қилиб, биргаликда ҳамкорликнинг янги қирраларидан самарали фойдаланишга келишиб олишди.

 

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати