• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

Жаҳон банки билан ҳамкорликда гендер баҳолаш натижалари таҳлил қилинди

2023 йилнинг 13 апрель куни Тошкент шаҳридаги “Hyatt Regency Tashkent” меҳмонхонасида “Тараққиёт стратегияси” маркази, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси ҳамда Жаҳон банки ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикасининг гендер баҳолаш натижаларига бағишланган тадбир ташкил этилди.

Олий Мажлис Сенати аъзолари, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги вакиллари, “Тараққиёт стратегияси” маркази экспертлари, Жаҳон банки иқтисодчи ва мутахассислари иштирок этган тадбирда мамлакатда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, давлат бошқарувидаги иштирокини кенгайтириш, улар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар ҳамда Жаҳон банки тадқиқоти натижалари таҳлил қилинди.

Тадбирни кириш сўзи билан очган Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раиси Озода Парпибоева ўз нутқида гендер тенгликни таъминлаш борасида қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қабул қилинаётганлиги, хусусан миллий қонунчиликка “гендерга оид аудит” тушунчаси киритилганлигини эътироф этди.

Таъкидлаш жоизки, куни кеча Президент томонидан аёллар ва вояга етмаганларни зўравонликдан ҳимоя қилишни таъминлашга қаратилган Қонун имзоланди.

Қонун бугунги кунда хотин-қизлар ҳамда вояга етмаганларга нисбатан содир этилаётган турли хил зўравонлик ҳолатларига нисбатан қатъий жазо чораларини белгилаш билан бир қаторда, бундай салбий ҳолатларнинг олдини олишга қаратилганлиги билан ҳам аҳамиятлидир.

Бугунги кунда давлат хизмати соҳасида хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш йўналишида ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Натижада, қарорлар қабул қилиш жараёнида хотин-қизларнинг иштироки сезиларли даражада ортди. Уларнинг бошқарув лавозимидаги улуши 33 фоиз, тадбиркорлик соҳасида 37 фоиз, сиёсий партияларда 46 фоиз, олий таълимда 48 фоизга етди. Ташаббускор ва фаол аёллардан 2 минг нафарга яқини давлат ва жамоат ташкилотларида раҳбарлик лавозимларида хизмат қилмоқда.

Энг муҳими, қонунчиликка киритилган бу каби ўзгартиришлар, айни кунларда умумхалқ референдуми учун эълон қилинган янги таҳрирдаги Конституцияда ҳам муҳрлаб қўйилмоқда. Жумладан, янгиланаётган Конституциянинг 58-моддасида хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлидирлар. Давлат хотин-қизлар ва эркакларга жамият ҳамда давлат ишларини бошқаришда, шунингдек жамият ва давлат ҳаётининг бошқа соҳаларида тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлаши қатъий белгилаб қўйилмоқда.

Шунингдек, 42-моддада ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, ишдан бўшатиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш тақиқланади дея белгиланмоқда.

Тадбир якунида маҳаллий мутахассислар ҳамда халқаро эскпертлар иштирокида бу каби тадқиқот ишларини изчил давом эттириш, тўпланган маълумотлар асосида миллий қонунчиликни янада такомиллаштириб боришга келишиб олинди.

 

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати