• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

Марказда Қатар Миллий ахборот агентлиги журналистлари билан учрашув бўлиб ўтди

2023 йилнинг 22 май куни “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков Ўзбекистонда амалий ташриф билан бўлиб турган Қатар Миллий ахборот агентлиги делегацияси аъзолари Юсуф Ахмад ас-Саййид ва Мухаммад ал-Ҳодий бин Абдурахмон Кармуслар билан учрашув ўтказди.

Учрашув аввалида, Элдор Туляков қатарлик журналистларни Марказ фаолияти, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар, жумладан сўз эркинлиги, очиқлик сиёсатини амалга ошириш борасида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар ва эришилган натижалар билан таништириб ўтди.

— Мамлакатда 2017-2021 йилларда амалга оширилган Ҳаракатлар стратегияси давомида Ўзбекистоннинг Араб давлатлари билан ҳамкорлиги янги босқичга чиқди, буни олий ва юқори даражадаги ташрифлар алмашинуви, ўзаро савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликнинг ривожланганлигида ҳам кўриш мумкин. Хусусан, бугунги кунда Ўзбекистон ва Қатар ўртасида энергетика, урбанизация, қурилиш, логистика ва туризм каби соҳаларда жадал ҳамкорлик қилиб келинмоқда, – деди Э.Туляков.

– Шу билан бирга, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегисида ҳам ушбу ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтиришга оид бир қатор мақсадлар белгиланган. Жумладан, анъанавий ҳамкорлар билан муносабатларни янада ривожлантириш, ташқи алоқалар географиясини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилган. Бунда БАА, Саудия Арабистони, Қувайт, Қатар, Миср каби араб давлатлари билан иқтисодий дипломатия, маданий-гуманитар ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ўз навбатида, қатарлик журналистлар Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар билан танишиб бориш уларда ижобий таассурот қолдираётганлигини, айниқса Тараққиёт стратегиясида белгиланган мақсад ва вазифалар катта қизиқиш уйғотганлигини қайд этиб ўтишди.

Шунингдек, мулоқот якунида томонлар ҳамкорликда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларга оид мақола ва маълумотлар билан Араб давлатлари фуқаролари ва жамоатчилигини мунтазам таништириб бориш юзасидан ҳам ўзаро фикр алмашишди.

 

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати