• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

«ЭЛ-ЮРТ УМИДИ» ЖАМҒАРМАСИ СТИПЕНДИАТЛАРИ УЧУН ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИНИНГ МАЗМУН-МОҲИЯТИГА БАҒИШЛАНГАН ТАҚДИМОТ ЎТКАЗИЛДИ

2023 йилнинг 25 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида “Эл-юрт умиди” жамғармасининг 2023 йилги 1-очиқ стипендия танлови ғолиблари учун ташкил этилган «Ёшларни ватанга садоқат, ўзбек миллий қадриятларига ҳурмат, ғоявий-сиёсий ва ватанпарварлик руҳида тарбиялашнинг устувор масалалари» номли махсус ўқув-семинарда “Тараққиёт стратегияси” маркази бўлим бошлиғи Анваржон Миркомилов “Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев – Ўзбекистонни 2022–2026 йилларга ривожлантиришнинг Тараққиёт стратегияси ва мамлакатни жадал ислоҳ этишнинг бош меъмори” мавзусида маъруза қилди. Унда хорижий давлатлардаги нуфузли университетлар ва илмий марказларда бакалавриат, магистратура ва докторантурада таълим олиш учун ғолибликни қўлга киритган 150 нафардан зиёд жамғарма стипендиатлари иштирок этдилар.

Тақдимотда 2022 – 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясида етти йўналиш бўйича белгиланган устувор вазифаларнинг мазмун-моҳияти, Давлат раҳбарининг мамлакатни жадал ислоҳ этишдаги беқиёс роли ва ўрни очиб берилди.

Семинарда А. Миркомилов “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан тайёрланган рисола, тўплам ва нашрларнинг ўзбек, рус ва инглиз тилларидаги электрон нусхалари марказнинг strategy.uz веб-саҳифасига жойлаштирилганлиги ва улардан хорижий давлатларда таҳсил олиш жараёнида фойдаланиши мумкин эканлиги алоҳида урғу берди. Шунингдек, эксперт “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендия танлови ғолиблари ўзларининг фикр-мулоҳазаларини Давлат дастурлари лойиҳаси бўйича ташкил этиладиган кенг жамоатчилик муҳокамасида билдиришлари мақсадга мувофиқ эканини таъкидлаб, Марказ улар билан ҳамкорлик учун доим очиқлигини қайд этди.

Ўқув-семинар самимий, очиқ мулоқот тарзида ўтиб, қатнашчиларнинг барча саволларига эксперт томонидан батафсил жавоб қайтарилди.

 

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати