• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ЎЗБЕКИСТОН ДЕЛЕГАЦИЯСИНИНГ ГЕРМАНИЯГА ХИЗМАТ САФАРИ ДАВОМ ЭТМОҚДА

Аввал хабар қилганимиздек, айни кунларда “Тараққиёт стратегияси” маркази вакилларидан иборат Ўзбекистон делегацияси хизмат сафари билан Германия Федератив Республикаси(ГФР)да бўлиб турибди.

У ерда  федерал ва маҳаллий вакиллик ҳамда ижроия органлари вакиллари билан учрашувлар ўтказилиб, маҳаллий бошқарув бўйича илғор немис тажрибаси ўрганилмоқда.

Ана шундай учрашувлардан бири 7 ноябрь куни Берлин шаҳрида ГФР Бундестагининг “Германия – Марказий Осиё” парламент гуруҳи раиси Ойген Шмидт ва унинг ҳамкасблари иштирокида ўтказилди.

Учрашув аввалида Ўзбекистон делегацияси томонидан мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, хусусан, умумхалқ референдумида қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституция ҳақида маълумот берилди. Мулоқотда янгиланган Конституциядаги демократик ўзгаришлар, жумладан, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолатланиши, сиёсий плюрализм, маҳаллий ҳокимият органлари фаолиятини такомиллаштириш, сайлов тизимига мажоритар ва пропорционал сайлов механизмларини жорий қилишга доир ўзгаришлар, умуман олганда мамлакатда номарказлаштириш бўйича кўрилаётган чоралар ҳақида фикр алмашилди.

Шу куннинг ўзида “Тараққиёт стратегияси” маркази вакиллари Берлин федерал ери Уй-жой фонди, қурилиш ва шаҳарсозлик тараққиёти вазирлигининг Уй-жой лойиҳалари Департаменти раҳбари Ларс Лобнер билан ҳам учрашди.

Мулоқот давомида немис томони Берлин шаҳрининг бошқарув тизими ҳақида маълумот бериб, жумладан, шаҳарга доир қарорларнинг қабул қилинишида вакиллик органининг роли, федерал қонунчилик ҳамда Европа Иттифоқи директиваларининг ўрнига тўхталиб ўтди. Бундан ташқари, учрашув давомида Берлин шаҳрини келгуси йилларда ривожлантиришга бағишланган тақдимот ҳам намойиш этилди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази вакилларининг Германияга сафари ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори кўмагида ташкил этилмоқда.

 

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати