• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

"ҚАШШОҚЛИКДАН ХАЛОС БЎЛИШ” КИТОБИНИНГ ЎЗБEК ТИЛИДАГИ ИЛК НАШРИ ТАҚДИМОТИ ЎТКАЗИЛДИ

Жорий йилнинг 17 ноябрь куни Тошкент шаҳрида Хитой Халқ Республикаси (ХХР) раисининг ўзбек тилида чоп этилган “Қашшоқликдан халос бўлиш” китоби тақдимотига бағишланган халқаро тадбир ўтказилди.

Мазкур тадбир “Тараққиёт стратегияси” маркази, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда ХХРнинг Ўзбекистондаги элчихонаси, ХХР Давлат кенгаши матбуот хизмати, Хитой хорижий тиллардаги адабиётларни нашр этиш ва тарқатиш Бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилди.

Тадбирда мамлакатимизда расмий ташриф билан бўлиб турган Хитой хорижий тиллардаги адабиётларни нашр этиш ва тарқатиш Бошқармаси директори Ду Чжаньюань бошчилигидаги ХХР делегацияси ва Ўзбекистон Парламенти аъзолари, шунингдек, қатор вазирлик, идора ва ташкилотлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди. 

Тақдимотда “Қашшоқликдан халос бўлиш”  китобининг мазмун-моҳияти кенг жамоатчиликка етказилди. Шунингдек, “Ўзбекистон ва Хитой давлат бошқаруви” ва “камбағалликни қисқартириш” мавзуларида ўзаро фикр алмашинилиб, иштирокчилар китоб ҳақидаги таассуротлари билан бўлишди.

Тадбирда таъкидланганидек, Хитой давлати 40 йил аввал бошланган очиқлик ва ислоҳотлар сиёсати ҳамда инсон ресурсларидан самарали фойдаланиш натижасида бугунги кунда глобал даражада энг йирик ишлаб чиқарувчи ва экспортчи мамлакатга, юқори технологияларга асосланган “дунё фабрикаси”га айланган.

ХХР раиси 2021 йил 24 февраль куни бўлиб ўтган мамлакатнинг қашшоқликни бартараф этишдаги ютуқларига бағишланган йиғилишда Хитой мутлақ қашшоқлик устидан тўлиқ ғалабага эришганини маълум қилган.

Унга кўра, 98,99 миллион қишлоқ аҳолиси қашшоқлик чегарасини кесиб ўтиб, 832 ҳудудий бирлик ва 128 минг қишлоқ қашшоқ ҳудудлар мақомидан олиб чиқилди, бунинг учун тахминан 246 миллиард доллар сармоя киритилган бўлиб, Хитой БМТнинг 2030 йилгача қашшоқликни тугатиш бўйича мақсадларини 10 йил аввал уддалади.

Мазкур муваффақиятининг тўлиқ тавсифи, қашшоқлик муаммосига бағишланган тадқиқот асари ҳисобланган “Қашшоқликдан халос бўлиш” китобида келтирилган.

Китобда Хитойнинг қашшоқликка қарши курашдаги эришган натижаси замирида, муҳтожларга шунчаки пул тарқатиш эмас, балки муаммога тизимли ёндашув билан эришилгани, давлатнинг қашшоқликдан халос бўлиш тарихи, аҳоли турмуш даражасини ошириш бўйича ҳукумат дастурлари ҳамда қашшоқликдан муваффақиятли халос бўлишга ёрдам берувчи омиллар ҳақида сўз боради.

Жумладан, муаллиф қишлоқ жойларда ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва инфратузилмани ривожлантириш учун шарт-шароит яратишга қаратилган фаол ҳукумат сиёсати муҳимлигини таъкидлайди ҳамда турли дастур ва лойиҳалар орқали қашшоқликни камайтириш ва миллионлаб инсонларнинг турмуш даражасини яхшилаш мумкинлигига тўхталади.

Шунингдек, китобда ижтимоий адолат ва тенглик масалалари, хусусан, даромадлар тенгсизлиги, таълим ва соғлиқни сақлашдан фойдаланиш имкониятлари ёритилган. Умуман олганда, “Қашшоқликдан халос бўлиш” китоби Хитойдаги қашшоқлик муаммоси ва уни бартараф этиш механизмларини яхшироқ тушуниш имконини берувчи қимматли тадқиқот материалидир.

Муаллиф нафақат мавжуд вазият таҳлилини, балки ушбу соҳадаги вазиятни яхшилаш бўйича конструктив таклифларни ҳам тақдим этмоқда. Китоб ижтимоий сиёсат соҳасидаги мутахассислар учун ҳам, жамият тараққиётининг замонавий муаммолари ва истиқболлари билан қизиққан кенг китобхонлар учун ҳам фойдали бўлади.

Маълумки, мамлакатимизда “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида “2026 йилга қадар камбағалликни 2022 йилга нисбатан 2 баробарга, 2030 йилга қадар эса кескин қисқартириш” бўйича амалий саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. Ўз навбатида, камбағалликни қисқартириш бўйича муваффақиятли Хитой тажрибасини акс эттирган мазкур китоб мамлакатимизда ушбу йўналишдаги ишларни самарали ташкил қилишга хизмат қилади, деб умид қиламиз.

 

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати