• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ПОКИСТОН МИЛЛИЙ МУДОФАА УНИВЕРСИТЕТИ ДЕЛЕГАЦИЯСИ “ЎЗБЕКИСТОН – 2030” СТРАТЕГИЯCИНИНГ МАЗМУНИ БИЛАН ТАНИШТИРИЛДИ

2024 йилнинг 10 май куни “Тараққиёт стратегияси” марказида Ўзбекистонда амалий ташриф билан бўлиб турган Покистон Ислом Республикаси Миллий мудофаа университети делегацияси аъзолари учун “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг мазмун-моҳиятига бағишланган тақдимот ўтказилди.

Тақдимотда “Тараққиёт стратегияси” маркази бўлими бошлиғи Фаррух Ҳакимов келгуси етти йилда мамлакатни ривожлантиришга қаратилган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг устувор йўналишлари, хусусан, Стратегиянинг бешинчи — “Хавфсиз ва тинчликсевар давлат” тамойилига асосланган сиёсатни изчил давом эттириш йўналиши доирасида амалга ошириладиган муҳим мақсад ва вазифалар ҳақида маълумот берди.

Таъкидланганидек, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида Янги Ўзбекистон ташқи сиёсатини халқ ва давлатнинг манфаатларидан келиб чиққан ҳолда изчил амалга ошириш, Марказий Осиёдаги барча давлатлар билан яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини жадал ривожлантириш, анъанавий стратегик ҳамкорлар, шунингдек Жанубий Осиё минтақасидаги мамлакатлар билан мавжуд алоқаларни янада кенгайтириш, янги ва истиқболли йўналишларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш, кенг минтақаларни боғловчи ва Ўзбекистонни жаҳон бозорига чиқишига имкон яратувчи транспорт-логистика йўлакларини шакллантириш, қолаверса, Қуролли Кучларнинг қудрати, мамлакатнинг мудофаа қобилияти ва ҳарбий салоҳиятини янада оширишга қаратилган аниқ мақсадларни амалга ошириш кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, тадбирда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг ижроси ҳамда бу жараёнда Марказ томонидан олиб борилган жамоатчилик назоратининг ўрни ва аҳамиятига тўхталиб ўтилди.

Тақдимот якунида Ўзбекистон ва Покистон Ислом Республикаси ўртасидаги дўстона алоқалар ривожи ҳақида сўз борди. Ўз навбатида, Покистон Ислом Республикаси Миллий мудофаа университети вакиллари “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг мамлакат ривожи ва истиқболи учун муҳим ҳужжат эканлигини таъкидлашди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати