• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ОСИЁ ХОТИН-ҚИЗЛАРИ ФОРУМИДА БАРҚАРОР РИВОЖЛАНИШ МАҚСАДЛАРИГА ЭРИШИШДА АЁЛЛАР ИШТИРОКИНИ ОШИРИШ МАСАЛАСИГА ЭЪТИБОР ҚАРАТИЛДИ

Жорий йилнинг 13-14 май кунлари Самарқанд шаҳрида “Хотин-қизларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий ҳуқуқ ҳамда имкониятларини кенгайтириш масалаларига минтақавий ёндашув” мавзусига бағишланган Осиё хотин-қизлари форуми бўлиб ўтмоқда. 

Форумда 30 дан ортиқ хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлардан нуфузли меҳмонлар – Шарқий Осиё, Жануби-Шарқий Осиё, Жанубий Осиё ва Марказий Осиё мамлакатлари парламентларининг аёл аъзолари, ҳукуматлари раҳбарлари, 40 нафардан ортиқ хорижий давлатларнинг мамлакатимиздаги ваколатхоналари ҳамда хорижий ташкилотлар вакиллари, шунингдек, маҳаллий давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, раҳбар ва ишбилармон аёллар, сиёсатшунослар, ижтимоий соҳа фаоллари, олимлар, иқтисодиёт тармоқлари ва турли соҳаларнинг жами 400 га яқин вакиллари ҳамда фаол хотин-қизлар иштирок этмоқда.

8 та сессия доирасида ўз ишини давом эттираётган форумнинг “Осиё минтақасидаги демографиянинг ҳозирги ҳолати ва унинг инклюзив иқтисодий ўсишни таъминлаш ва Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишга таъсири” мавзусига бағишланган сессияси “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков ҳамда “БМТ-Аёллар” тузилмасининг Ўзбекистон бўйича вакили Жерен Гувен Гурес хоним модераторлигида бўлиб ўтди.

Сессияда 2030 йилга қадар Глобал кун тартибини амалга оширишда хотин қизлар иштирокини ошириш, пандемиядан кейинги даврда COVID-19 оқибатларини, қуролли можаролар ва иқлим билан боғлиқ ўзгаришларнинг хотин-қизларга таъсирининг олдини олиш, болалар ўртасида никоҳ, эрта ва мажбурий никоҳ каби барча зарарли амалиёт турларига барҳам бериш, аёлларнинг ҳақ тўланмайдиган меҳнатини тартибга солиш, раҳбарлик лавозимларида аёллар сонини ошириш масалаларига эътибор қаратилди.

Иштирокчилар минтақадаги демографиянинг ҳозирги ҳолати ҳамда гендер тенглиги ва жаҳон иқтисодиётига таъсирини муҳокама қилдилар. Меҳнатга лаёқатли аҳолининг кўпайишига, урбанизация даражасини оширишга ва инклюзив иқтисодиётни ривожлантиришга ёрдам берадиган демография соҳасидаги ютуқлар кўриб чиқилди.

Шунингдек, сессия давомида Осиё қитъаси мамлакатлари БМТнинг Аёллар ҳолати бўйича комиссиясининг 68-сессияси қарорларини тўлиқ амалга ошириши, хусусан, хотин-қизларга нисбатан инсон ҳуқуқлари бузилишининг олдини олиш, аёллар орасида камбағалликни бартараф этиш, гендер муаммоларни ҳисобга олган ҳолда молиялаштиришни ошириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Сессия якунида иштирокчилар томонидан бир қатор таклиф ва тавсиялар билдирилди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати