• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ДАВЛАТ СОЛИҚ ҚЎМИТАСИДА СТРАТЕГИЯ ВА ДАВЛАТ ДАСТУРИ МУҲОКАМАСИГА ОИД ТАДБИР ЎТКАЗИЛДИ

Хабар бериб бораётганимиздек, “Тараққиёт стратегияси” маркази иштирокида  қатор вазирлик, идора ва ташкилотларда “Ўзбекистон – 2030” стратегияси ва 2024-йилги Давлат дастури муҳокамасига оид тадбирлар ўтказилмоқда. Шу мазмундаги навбатдаги учрашувлардан бири Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасида ҳам ташкил этилди.

Тадбирда “Тараққиёт стратегияси”  маркази бўлим бошлиғи Авазбек Халбеков “Ўзбекистон – 2030” стратегияси, унда белгиланган устувор йўналиш ва мақсадларнинг мазмун-моҳияти ҳақида иштирокчиларга тақдимот қилди. 2030 йилгача ижроси таъминланиши кўзда тутилган вазифалар, ҳар бир жабҳада амалга ошириладиган чора-тадбирлар юзасидан тушунтиришлар берди.

Жумладан, Марказ эксперти “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида солиқ соҳасига оид белгиланган вазифаларга алоҳида тўхталиб ўтди. Хусусан, ҳужжатга кўра, “Яширин иқтисодиёт”ни қисқартириш орқали солиқ базасини қўшимча кенгайтириш имкониятидан фойдаланиш, маркировкалаш ва рақамлаштириш тизими самарасини ошириш ва кенгайтириш орқали солиқ маъмурчилиги тизимининг самарадорлигини янада ошириш, солиқ тизимининг барқарорлигини таъминлаш мақсадида бизнес учун қўшилган қиймат ва фойда солиқ ставкалари уч йил давомида оширилмаслигини кафолатлаш, шунингдек, солиқ тизимини тўлиқ рақамлаштириш, соддалаштириш ва барча тадбиркорлар учун тенг имкониятлар яратиш, расмий сектор – нолегал фаолиятдан афзал ва манфаатли бўлиши учун барча зарур шароитларни таъминлаш каби аниқ вазифалар ижроси назарда тутилганлиги таъкидланди.

Тадбир давомида ушбу вазифалар ижроси устидан олиб борилаётган мониторинг натижалари таҳлил қилиниб, белгиланган чора-тадбирлар режаси муҳокама қилинди.

Шунингдек, Стратегияга мувофиқ жорий йилда амалга ошириладиган ислоҳотларда давлат идоралари билан бир қаторда кенг жамоатчиликнинг фаол иштироки зарур эканлиги қайд этилиб, мақсад ва вазифаларни аҳолига ўз вақтида тушунтириб бориш хусусида фикр алмашилди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати