• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

НАВОИЙ ВИЛОЯТИДА “ЎЗБЕКИСТОН– 2030” СТРАТЕГИЯСИ ВА ДАВЛАТ ДАСТУРИ ИЖРОСИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ

Жорий йилнинг 25-27 июль кунлари “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан Навоий вилоятида “Ўзбекистон– 2030” стратегияси ва 2024 йилги Давлат дастури ижроси устидан жамоатчилик мониторингини ташкил этиш, уларда белгиланган устувор йўналиш ва вазифаларни аҳолига етказиш мақсадида тадбирлар ўтказилмоқда.

Вилоят ҳокимлигида бўлиб ўтган учрашувда Ўзбекистон Республикаси Парламенти аъзолари, “Тараққиёт стратегияси” маркази экспертлари, Навоий вилояти ҳокимлиги мутасаддилари, вилоятдаги мавжуд давлат ва нодавлат ташкилотлар раҳбарияти, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, оммавий ахборот воситалари ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Тадбирда “Тараққиёт стратегияси” маркази экспертлари томонидан “Ўзбекистон — 2030” стратегияси ва 2024 йилга мўлжалланган Давлат дастурининг мазмун-моҳияти кенг жамоатчиликка етказилди.

Таъкидландики, Стратегиянинг устувор йўналишларида барча фуқароларнинг ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун имкониятлар яратиш, соғлом ва билимли авлодни тарбиялаш, кучли иқтисодиётни шакллантириш ҳамда адолат, қонун устуворлиги ва хавфсизликни кафолатлаш мақсадлари мужассам. Асосий мақсад мамлакат тараққиёти ва амалга оширилаётган ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган.

- Янги Ўзбекистонни ривожлантириш стратегиясини амалга ошириш жараёнида тўпланган тажриба ва жамоатчилик муҳокамаси натижалари асосида ишлаб чиқилган мазкур ҳужжат ижросида ҳам фаол фуқаролик позицияси – жамоатчилик назорати жуда муҳим. Бу ўз навбатида Стратегияда белгиланган вазифалар ижросини таъминланишига масъул ташкилот ва муассасалар, давлат ҳокимияти бошқарув идоралари, шаҳар ва туманлар ҳокимликларининг масъулиятини оширишга хизмат қилади, – дея таъкидлади ўз нутқида Марказ бўлим бошлиғи Авазбек Халбеков.

Тадбир давомида аҳоли “Ўзбекистон - 2030” стратегияси ҳамда ҳар йили Стратегия асосида қабул қилинадиган Давлат дастурларининг ижросини мунтазам кузатиб, ўз фикр, таклиф ва муносабатларини билдириб бориш имкониятига эга бўлган “uzbekistan2030.uz” онлайн портали тақдимоти ўтказилиб, унинг асосий вазифа ва имкониятлари ҳақида йиғилганларга маълумот берилди.

Шунингдек, ҳудудий дастурларда белгиланган вазифалар ва уларнинг бажарилиши ҳолати ҳамда “Ўзбекистон — 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг ижро ҳолати кўриб чиқилиб, муҳокама қилинди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати