• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ХАЛҚАРО ҲАМКОРЛИК ТАШАББУСЛАРИ ҲАФТАЛИГИ ДОИРАСИДА ИНСОН ХУҚУҚЛАРИНИ ТАЪМИНЛАШ БОРАСИДАГИ ИСЛОҲОТЛАР МУХОКАМА ҚИЛИНДИ

2024 йилнинг 17-25 октябрь кунлари Тошкентда Халқаро ҳамкорлик ташаббуслари ҳафталиги бўлиб ўтмоқда. Ҳафталик доирасида ўтказилаётган тадбирларнинг дастлабкиси “Сайловлар демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва янгиланган Конституцияни амалда татбиқ этишнинг янги босқичи сифатида” мавзусига бағишланди.

Икки сессияда ўтказилган анжуманда давлат органлари масъуллари, хорижий ва миллий экспертлар, тажрибали ҳуқуқшунослар Ўзбекистондаги демократик ислоҳотларнинг янги босқичи доирасида сайловларнинг аҳамияти, сайлов қонунчилигидаги янгиликлар ва уларнинг амалдаги самарадорлигини муҳокама қилишди.

Таъкидлаш керакки, сессиялар давомида АҚШ, Польша, Ирландия, Финляндия, Швеция, Жанубий Корея, Туркия ва Қозоғистон каби давлатлардан ташриф буюрган халқаро экспертлар Ўзбекистонда сайлов қонунчилиги ва ҳуқуқ соҳасида амалга оширилган ишлар, илғор тажрибалар ва амалий ечимларни эътироф этди.

Конференциянинг “Ўзбекистондаги демократик ислоҳотларда вакиллик органларининг модернизацияси ва инсон ҳуқуқларининг таъминланиши” мавзусига бағишланган сессиясида “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков иштирок этиб, Ўзбекистонда мазкур йўналишда сўнгги йилларда амалга оширилган ҳуқуқий ислоҳотлар, эришилган натижалар, шунингдек, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган аниқ мақсадлар ҳақида гапирди.

Жумладан, Марказ раҳбари “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида барча учун сифатли таълим олиш имкониятини таъминлаш, ижтимоий ҳимоя қилиш тизими билан муҳтожларни тўлиқ қамраб олинишига эришиш, гендер тенгликни таъминлаш сиёсатини давом эттириш, жамиятда болалар ва хотин-қизларга тазйиқ ва зўравонликка нисбатан муросасизлик муҳитини яратиш, хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича белгиланган вазифаларга тўхталиб ўтди.

Сессияда, шунингдек, Ўзбекистондаги демократик ўзгаришлар бўйича халқаро экспертларнинг таҳлиллари тақдим этилиб, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди.

Эслатиб ўтамиз, ҳафталик доирасида тадқиқот ва таҳлилий марказлар, бизнес ҳамжамият, вазирлик ва идоралар томонидан 300 дан ортиқ хорижий ҳамкорлар билан биргаликда 50 дан зиёд конференция, давра суҳбатлари ва амалий мулоқотлар ўтказилади. Хорижий мамлакатлар ва халқаро ташкилотлар билан қўшма лойиҳаларни амалга ошириш борасида қарорлар қабул қилиш ҳамда тегишли битимларни имзолаш режалаштирилган.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати