• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ЎЗБЕКИСТОНДА СЎЗ ЭРКИНЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ БОРАСИДАГИ ИСЛОҲОТЛАР МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ

Тошкент шаҳрида бўлиб ўтаётган Халқаро ҳамкорлик ташаббуслари ҳафталиги доирасида “Ўзбекистонда сўз эркинлиги ва ОАВ, ижтимоий тармоқларнинг кенг ривожланиши – демократик қадриятларни кенгайтириш йўлида” мавзусида халқаро Форум ташкил этилди. Унда турли соҳа масъуллари, шу жумладан, ахборот соҳасининг хорижий ва маҳаллий экспертлари, фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Форум аввалида кейинги йилларда Ўзбекистонда сўз ва матбуот эркинлигини ривожлантириш, халқимизнинг ахборот соҳасидаги конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш, давлат ва жамият бошқарувида очиқлик ва ошкоралик тамойилларини мустаҳкамлаш йўлида амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз борди.

Икки сессиядан иборат халқаро анжуманнинг “Ўзбекистонда сўз эркинлигини таъминлашнинг бугунги ҳолати: ислоҳотлар ва уларнинг натижалари” мавзусига бағишланган сессиясида “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков иштирок этиб, очиқлик сиёсати, сўз эркинлигини таъминлашда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситаларининг ҳамкорлиги масалаларига тўхталди.

“Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва ОАВ ўртасида маълумотлар, янгиликлар ва тадқиқот натижаларини алмашиш фуқаролар орасида ахборот тарқатишни яхшилайди. Бундай ҳамкорлик фуқароларнинг ислоҳотлар жараёнидаги фаол иштирокини таъминлашда ҳам, давлат дастурларида белгиланган вазифалар ижроси устидан жамоатчилик назоратини ўрнатишда ҳам катта аҳамиятга эга. Масалан, чекка бир ҳудудда кўтарилган муаммоли масала ёки намунали ҳолат оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилса, бошқа ҳудудлар масъуллари ўз вақтида тўғри хулоса чиқариши ёки ўрнак олишига ижобий таъсир кўрсатади”,  – деди Элдор Туляков.

Шунингдек, Марказ раҳбари ўз нутқида, cоҳада рақамли технологиялар, хусусан, онлайн платформалардан кенг фойдаланиш жамият ва давлат ҳаётида, ижтимоий-сиёсий жараёнларда фуқароларнинг шахсий фикр-мулоҳазалари, муносабатларини тезкор билдириш имкониятларини кенгайтириб, уларнинг фаол иштирокини таъминлашга хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Форум давомида экспертлар томонидан оммавий ахборот воситаларининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни кучайтириш, уларнинг фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, кадрлар салоҳияти ва рақобатбардошлигини янада ошириш, журналистика соҳасини ривожлантириш бўйича фикр ва мулоҳазалар билдирилди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати