• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

РИМ ШАҲРИДА ЎЗБЕКИСТОНДАГИ СИЁСИЙ ИСЛОҲОТЛАР ВА ПАРЛАМЕНТ САЙЛОВИГА БАҒИШЛАНГАН ДАВРА СУҲБАТИ ТАШКИЛ ЭТИЛДИ

Жорий йилнинг 23 октябрь куни Ўзбекистоннинг Италиядаги элчихонаси ташаббуси билан Рим шаҳрида мамлакатимиздаги сиёсий ислоҳотлар ва бўлажак парламент сайловига бағишланган давра суҳбати ташкил этилди.

Ушбу тадбирда Италиянинг собиқ ташқи ва ички ишлар вазири Винченцо Скотти, шунингдек, парламент ва давлат идоралари, ақл марказлари экспертлари, хорижий элчихоналар, халқаро ташкилотлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Давра суҳбатида “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков  ва Ўзбекистон элчиси Абат Файзуллаев сўзга чиқиб, сўнгги йилларда мамлакат сиёсий, иқтисодий ва бошқа соҳаларда амалга оширилаётган жадал ислоҳотлар ҳамда эришилаётган ютуқлар тўғрисида иштирокчиларга гапириб берди. Хусусан, барча ислоҳотлар негизида инсон манфаатлари ва халқ билан мулоқот қилиш устувор аҳамият касб этаётгани тилга олинди.

Таъкидланганидек, янги таҳрирдаги Конституция, шунингдек, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган олий мақсадлар Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида изчил ва қатъий равишда амалга оширилмоқда. Мамлакат кучли фуқаролик жамиятини барпо этиш сари интилмоқда.

Бўлажак парламент сайлови мамлакатда инсон ҳуқуқлари ва демократия тамойилларини янада мустаҳкамлашга қаратилган ушбу сиёсий ислоҳотларнинг мантиқий давоми экани қайд этилди. Мазкур сайлов мазмун-моҳияти тўғрисида иштирокчиларга батафсил ахборот берилди.

Шунингдек, ўтган йили Ўзбекистон ва Италия ўртасидаги олий даражадаги учрашувлар, ўрнатилган стратегик шериклик алоқалари натижасида икки давлат муносабатлари сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилгани ва бу борада амалга оширилаётган ишларга тўхталиб ўтилди.

Ушбу тадбирда Италиянинг собиқ ташқи ва ички ишлар вазири Винченцо Скотти сўзга чиқиб, Ўзбекистон ва Марказий Осиё минтақасидаги геосиёсий жараёнлар бўйича ўз фикрларини билдирди.

— Ўзбекистон билан ишлашда яхши ва ижобий таассуротга эгаман. Узоқ йиллар аввал Римда ушбу давлат делегацияси билан илк бор учрашганман. Мамлакатингиздаги иқтисодий ва институционал ислоҳотларни муҳокама қилганмиз. Бугунги кунда Ўзбекистон минтақадаги турли қийинчилик ва муаммоларга қарамай, уларни ҳал этиш учун астойдил ҳаракат қилмоқда. Бундан ташқари, мамлакатда халқнинг турмуш даражасини яхшилашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар ўтказилмоқда, - деди Винченцо Скотти.

Италия халқаро ташкилотлар ҳамжамияти (SIOI) президенти Рикардо Сесса ўз нутқида Ўзбекистондаги сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларнинг таҳлили ҳамда Марказий Осиё минтақасидаги жадал ўзгаришлар юзасидан икки давлат ақл марказлари ўртасидаги ҳамкорлик муҳим эканлигини билдирди.

— Ҳозирда Европа, Болқон ва Ҳинд-Тинч океани минтақаси тўғрисида кўплаб таҳлиллар ўтказилмоқда. Шу билан бирга, Марказий Осиё ва Кавказ минтақасининг геосиёсий аҳамиятига эътибор қаратишимиз лозим. Шу боис, биз диққатимизни Марказий Осиёга қаратишга қарор қилганмиз ва бу борада ўтган йили Ўзбекистон билан илк ҳамкорлигимизни бошладик, - деди Рикардо Сесса.

Осиё бўйича Италия институти (ISIA) геосиёсий таҳлилчиси, Сиена университети профессори Фабио Индео “Ўзбекистон ташқи сиёсати ва Марказий Осиёдаги геосиёсий воқеликлар” мавзуида тақдимот қилди.

Профессор ўз тақдимотида сўнгги йилларда Ўзбекистондаги жадал ислоҳотлар унинг ташқи сиёсатида ҳам яққол намоён бўлаётгани, хусусан, хорижий давлатлар билан икки ва кўп томонлама алоқалар, авваламбор, Марказий Осиё давлатлари билан дўстона ва яқин қўшничилик тобора ривожланиб бораётганини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон ташқи сиёсатида Марказий Осиё минтақаси устувор йўналиш сифатида белгиланган. Сўнгги йилларда ушбу минтақадаги мамлакатлар ўртасида барча соҳаларда ўзаро дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик руҳидаги муносабатлар кузатилмоқда.

Италия-Ўзбекистон савдо палатаси президенти Жоржо Веронези “Ўзбекистоннинг савдо-иқтисодий ва инвестициявий салоҳияти, Италия билан ўзаро ҳамкорлик” мавзуида тақдимот қилиб, сўнгги йилларда мамлакатимизнинг иқтисодий тараққиёти, хорижий инвесторлар учун яратилган қулай шароитлар ва савдо имкониятлари тўғрисида иштирокчиларга батафсил ахборот берди.

Унинг сўзларига кўра, Италия компаниялари металлургия, муқобил энергетика, тўқимачилик, чарм-саноат, қишлоқ хўжалиги ва бошқа кўплаб соҳаларда ҳамкорлик қилишга интилмоқда.

Шунингдек, муҳандислик, геология ва қишлоқ хўжалиги таълим соҳаларидаги ўзаро ҳамкорлик иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. 

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати