• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

СЕМИНАР: ТАҲЛИЛИЙ ФАОЛИЯТДА КРЕАТИВ ФИКРЛАШ ВА ИННОВАЦИОН ЁНДАШУВЛАР

“Тараққиёт стратегияси” маркази ва Фридрих Эберт жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида “Таҳлилий фаолиятда креатив фикрлаш ва инновацион ёндашувлар” мавзусида семинар-тренинг ўтказилди. 29-30 ноябрь кунлари ташкил этилган семинар машғулотларида мамлакатимизда фаолият юритаётган ўнга яқин ақл марказларининг 30 нафардан ортиқ мутахассислари иштирок этишди.

Семинар-тренинг машғулотларини Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ва Давлат бошқаруви академияси, шунингдек, Президент Администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ҳамда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети қошидаги Истиқболли халқаро тадқиқотлар институтининг тажрибали мутахассислари олиб боришди.

Тренинг иштирокчилари икки кун давомида етакчилик, танқидий фикрлаш, катта маълумотлар билан ишлаш, уларни таҳлил қилиш ва таҳлилий амалиётни такомиллаштириш учун мўлжалланган инновацион услубларни ўрганишди.

Семинар доирасида “Етакчилик ва унинг ташкилот фаолияти муваффақиятидаги ўрни”, “Катта маълумотларни таҳлил қилиш ва уларни таҳлилий фаолиятда қўллаш”, “Таҳлилий марказларда жамоавий ишлаш ва лойиҳаларни бошқариш”, “Иқтисодиёт ва жамиятда трендларни таҳлил қилиш ва мавжуд трендларнинг турли соҳаларга таъсирини прогноз қилиш усуллари” каби ўнга яқин мавзуларга бағишланган интерактив сессиялар, маҳорат дарслари ва жамоа тузиш машқлари ўтказилди.

Маҳорат дарсларида асосий эътибор замонавий таҳлилий фаолият учун муҳим аҳамиятга эга бўлган кенг кўламли мавзуларни қамраб олиш, иштирокчиларда танқидий фикрлашни ривожлантириш, маълумотларни визуализация қилиш, иқтисодий тенденцияларни прогнозлаш ва муаммоларни тезкор ҳал этиш,  катта ҳажмдаги маълумотларни талқин қилиш учун замонавий воситалар ва услублардан фойдаланиш кўникмаларини шакллантиришга қаратилди.

Айтиш мумкинки, ушбу семинар-тренинг Ўзбекистоннинг етакчи таҳлилий марказлари вакиллари учун ғоялар ва тажриба алмашиш, шунингдек, келгусида иш фаолиятларини самарали ташкил этиш, янги лойиҳаларни муваффақиятли амалга ошириш бўйича фойдали билимларга эга бўлиш имконини яратди.

 “Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати