• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИНИ ТАЪМИНЛАШДА НОДАВЛАТ НОТИЖОРАТ ТАШКИЛОТЛАРИ ВА ДАВЛАТ ОРГАНЛАРИ ҲАМКОРЛИГИ

Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Фуқаролик жамияти ҳафталиги доирасида “Инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлашда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва давлат органларининг ҳамкорлиги” мавзусида Миллий форум ўтказилди. Унда маҳаллий ва хорижий экспертлар, соҳага алоқадор вазирлик ва идоралар ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.

Форумда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар, қонунчилик, маъмурий ва суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар ва бу жараёнда давлат ва нодавлат ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди.

Шунингдек, янги таҳрирдаги Конституция, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси, шунингдек, 2021 — 2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси доирасида инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар тизимини такомиллаштириш, болалар, аёллар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг бошқа ижтимоий заиф қатламлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, гендер тенглигини таъминлаш, аёллар ва болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликларни бартараф этиш бўйича қонунчилик такомиллаштирилиб, муҳим чора-тадбирлар амалга оширилаётгани қайд этилди.

Тадбирда “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков сўзга чиқиб, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида инсон ҳуқуқ ва эркинларини таъминлашнинг устувор йўналишлари ҳақида гапирди. Шунингдек, Марказ раҳбари мазкур ҳужжатда нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган, жумладан, мамлакатимизни фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича хабга айлантириш борасида белгиланган вазифалар аҳамиятига тўхталди.

Таъкидланганидек, Стратегияда очиқлик сиёсатини изчил давом эттириб, фуқароларнинг ахборот олиш, ундан фойдаланиш ва тарқатишга бўлган ҳуқуқларини кафолатли таъминлаш, ижтимоий шерикликда амалга ошириладиган лойиҳалар сонини камида 3 бараварга кўпайтириш, давлат дастурларида иштирок этаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари сонини камида 80 тага етказиш каби аниқ вазифалар белгиланган.

Форум давомида сўзга чиққанлар мазкур ислоҳотлар давомийлигини, хусусан, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашда давлат органлари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотларининг ўзаро ҳамкорлигини ривожлантириш бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди. 

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати