• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

АДЛИЯ ВАЗИРЛИГИДА НОДАВЛАТ НОТИЖОРАТ ТАШКИЛОТЛАРИ ВАКИЛЛАРИ БИЛАН ОЧИҚ МУЛОҚОТ ЎТКАЗИЛДИ

Жорий йилнинг 6 декабрь куни Адлия вазирлигида Фуқаролик жамияти ҳафталиги доирасида нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари билан очиқ мулоқот ўтказилди. 40 нафарга яқин ННТ раҳбарлари ва жамоатчилик фаоллари қатнашган ушбу тадбирда “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков ҳам иштирок этди.

Мулоқотда асосий эътибор фуқаролик жамияти институтлари, хусусан, нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятида юзага келаётган муаммоларни самарали ҳал қилиш, фикр алмашиш, соҳада мавжуд ислоҳотларни муҳокама этишга қаратилди.

Тадбирда сўзга чиққанлар томонидан Ўзбекистонда сўнгги йилларда давлат ва жамият ўртасидаги ўзаро ишончни мустаҳкамлаш борасида сезиларли натижаларга эришилиб, амалга оширилаётган ислоҳотлар фуқаролик жамиятини ривожлантириш, нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, аҳолининг ижтимоий фаоллигини оширишда муҳим ўрин тутаётгани қайд этилди.

Таъкидландики, янги таҳрирдаги Конституцияда фуқаролик жамияти институтларига алоҳида боб ажратилди. Жумладан, жамоат бирлашмалари ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фуқаролик жамиятининг асосларини ташкил этиши белгилаб қўйилди.

Шунингдек, “Фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони қабул қилиниб, ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини ролини янада ошириш, уларнинг фаолиятини ривожлантиришга қаратилди.

Мазкур ҳужжат фуқаролик жамияти институтларининг давлат ва жамият бошқарувидаги бевосита иштироки учун янги имкониятлар ва ижтимоий шериклик институтини ривожлантириш бўйича ташкилий-ҳуқуқий шароитлар яратиб, давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати таъсирчанлигини оширишга хизмат қилади.

Очиқ мулоқот давомида иштирокчилар Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар, қонунчиликдаги ўзгаришлар, ННТлар учун қўшимча имкониятлар борасида ўз фикрларини билдиришди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати