• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ФУҚАРОЛИК ЖАМИЯТИ ҲАФТАЛИГИ ДОИРАСИДА МУНОСИБЛАР ТАҚДИРЛАНДИ

2024 йилнинг 2-6 декабр кунлари Тошкентда ўтказилган Фуқаролик жамияти ҳафталиги якунида тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унда фаолияти давомида жамиятда учраётган муаммоли масалаларга ечим излашда ташаббус кўрсатиб, ўз ғоя ва таклифлари билан турли соҳалар ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ ижтимоий фаоллар тақдирланди.

Жумладан, Парламент комиссиясининг қарорига мувофиқ мамлакатда ижтимоий шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш, фуқаролик жамияти институтларини шакллантириш ва ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшиб келаётган республика ва хорижий нодавлат нотижорат ташкилотларининг бир гуруҳ вакилларига “Фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун” кўкрак нишони топширилди. Ушбу мукофот билан “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков ҳам тақдирланди.

Шунингдек, аҳоли орасида ижтимоий фаолликни тарғиб қилиш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказилган “Орамиздаги қаҳрамонлар” ҳамда “Табиат ҳимоячилари” лойиҳалари ғолиблари аниқланиб, рағбатлантирилди.

Тадбирда сўзга чиққанлар Ўзбекистонда давлат ва жамият ўртасидаги ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш ва нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш йўналишида муҳим ислоҳотлар амалга оширилаётганини қайд этишди. Хусусан, бугунги кунда фуқаролар ҳуқуқини, демократик қадриятларни ҳимоя қилиш, таълим, тиббиёт, маданият ва бошқа соҳаларда қарийб 10 мингта нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолият юритаётгани, уларда 70 мингга яқин иш ўрни яратилгани, давлат ижтимоий лойиҳаларини амалга оширишда фуқаролик жамияти институтлари фаол иштирок этаётгани тилга олинди.

Фуқаролик жамияти институтлари томонидан илгари сурилаётган муҳим ташаббуслар ва ижтимоий аҳамиятга эга бўлган лойиҳалар қамровини янада кенгайтириш ҳамда уларни амалга ошириш борасида фикрлар билдирилди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати