• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ДАВЛАТ ДАСТУРИ ЛОЙИҲАСИ – ЎзЛиДеП ЁШЛАРИ НИГОҲИДА

ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, “Тараққиёт стратегияси” маркази ҳамда Юксалиш умуммиллий ҳаракати Тошкент шаҳар Кенгаши ҳамкорлигида “Давлат дастури лойиҳаси – ЎзЛиДеП ёшлари нигоҳида” мавзусида очиқ мулоқот ўтказилди.

Тадбирда сиёсий партиянинг волонтёр ёшлари ва олий таълим муассасалари талабалари қатнашди. Жамоатчилик муҳокамасида иштирок этган “Тараққиёт стратегияси” маркази бўлим бошлиғи Жамшид Шарипов ўз тақдимотида Давлат дастури лойиҳасида назарда тутилаётган муҳим вазифалар, хусусан, жамиятда атроф-муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш ва экологик маданиятни ошириш мақсадида таклиф этилаётган чора-тадбирлар ҳақида алоҳида тўхталди.

Жумладан, лойиҳага кўра Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университетини экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бўйича етакчи ОТМ этиб белгилаш, “циркуляр иқтисодиёт” таълим йўналишида кадрлар тайёрлаш амалиётини ҳамда ҳудудларда “яшил техникумлари” фаолиятини  йўлга қўйиш, давлат олий таълим муассасаларида ўқитиш жараёнига “Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва яшил ривожланиш” фани ва ўқув дастурларини киритиш назарда тутилмоқда.

Шунингдек, “Экофаол фуқаро” ҳаёт тарзини кенг тарғиб қилишга қаратилган “Бир миллион яшил оила” умуммиллий ҳаракати йўлга қўйилади, бунда:

  • аҳоли орасида кунлик юриш ва югуришни тарғиб қилиш;
  • “яшил транспортда”, шу жумладан, велосипедда ҳаракатланишни рағбатлантириш;
  • пластик маҳсулотлардан фойдаланишни камайтириш;
  • озиқ-овқат исрофгарчилигини олдини олиш;
  • сув, газ ва электр энергияси ресурсларидан оқилона фойдаланиш белгиланади.

Очиқ мулоқотда Давлат дастури лойиҳаси доирасида қабул қилиниши кутилаётган норматив ҳуқуқий ҳужжатларнинг аҳамияти ҳақида ҳам сўз юритилиб, тадбир иштирокчиларининг ҳужжат лойиҳасига муносабати, фикр ва таклифлари тингланди.

 “Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати