• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ФАВҚУЛОДДА ВАЗИЯТЛАР ВАЗИРЛИГИ АКАДЕМИЯСИДА ДАВЛАТ ДАСТУРИ ЛОЙИҲАСИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академиясида 2025 йилга мўлжалланган Давлат дастури лойиҳаси бўйича жамоатчилик муҳокамаси бўлиб ўтди. Унда Академия раҳбарияти, ҳарбий хизматчилари ва курсантлари учун “Тараққиёт стратегияси” маркази бўлим бошлиғи Авазбек Холбеков томонидан Давлат дастури лойиҳаси тақдимоти ўтказилди.

Таъкидландики, бу йил Давлат дастури лойиҳасида “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг устувор йўналишлари кесимида 2025 йил учун амалий чора-тадбирлар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар рўйхати ва мақсадли кўрсаткичлар назарда тутилмоқда.

Лойиҳада ижтимоий-иқтисодий, давлат бошқаруви, суд-ҳуқуқ, хавфсизлик ва ташқи сиёсат йўналишларида жорий йилга мўлжалланган кенг кўламли ислоҳотлар кўзда тутилган бўлиб, атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” масалаларига асосий эътибор қаратилган.

Марказ бўлим бошлиғи Авазбек Холбеков ўз тақдимотида Давлат дастури лойиҳасининг Фавқулодда вазиятлар ва глобал иқлим ўзгариши билан боғлиқ аҳоли ҳаётига хавф солувчи офатларнинг олдини олиш мақсади бўйича таклиф этилаётган чораларга алоҳида тўхталиб ўтди.

Ҳужжат лойиҳасида республика аҳолисининг барча қатламларини шаҳар ва туманлар ҳамда маҳаллалар кесимида – зилзиладан олдин, зилзила пайтида ҳамда зилзиладан сўнг ҳаракат қилиш қоидаларига ўргатиш кўрсаткичини 50% га етказиш, потенциал хавфли объектларга хизмат кўрсатувчи ФВВ ёнғин-қутқарув бўлинмалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, шунингдек, Тошкент, Наманган, Самарқанд, Жиззах, Бухоро, Хоразм вилоятлари ҳудудида баланд қаватли бинолар ва иншоотларга видеокузатув қурилмаларини ўрнатиш орқали атроф-муҳитни кузатиш ва ёнғинларни барвақт аниқлаш тизимини жорий этиш, ҳудудларнинг аҳоли кўп йиғиладиган жойлари (аэропорт, вокзал, бозорлар, йирик савдо ва ёпиқ турдаги кўнгилочар марказлар) бино ва иншоотларида юзага келган ёнғинлардан хабарловчи сигнализация тизимини ФВВ ҳудудий қуйи ёнғин-қутқарув қисмларининг ягона диспетчерлик хизматига улаш мақсад қилинмоқда.

Жамоатчилик муҳокамаси якунида иштирокчилар Давлат дастури лойиҳаси бўйича ўз ташаббус ва таклифларини билдириб ўтишди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати