• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

“РАҲБАР АЁЛЛАР МАКТАБИ” ДАСТУРИДА “ЎЗБЕКИСТОН - 2030” СТРАТЕГИЯСИ ВА ДАВЛАТ ДАСТУРИ ТАҚДИМОТ ҚИЛИНДИ

Бизнес ва тадбиркорлик олий мактабида “Раҳбар аёллар мактаби” 4-мавсуми доирасида “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков иштирокида маҳорат дарси бўлиб ўтди. Тадбир давомида раҳбар аёллар учун “Ўзбекистон - 2030” стратегияси ҳамда 2025 йилги Давлат дастури тақдимоти ўтказилди.

Дастлаб, тингловчиларга “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг устувор йўналишлари, мақсад ва вазифаларининг мазмун-моҳияти етказилди.

Таъкидландики, Стратегиянинг устувор йўналишларида ҳар бир инсоннинг ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун муносиб шароитлар яратиш, соғлом ва билимли авлодни тарбиялаш, кучли иқтисодиётни шакллантириш ҳамда адолат, қонун устуворлиги ва хавфсизликни кафолатлаш мақсадлари акс этган. Асосий вазифа мамлакат тараққиёти ва амалга оширилаётган ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган.

Жумладан, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини кучайтириш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини, хусусан, гендер тенгликни таъминлаш сиёсатини давом эттириш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини янада рағбатлантириш орқали бошқарув лавозимларидаги аёллар улушини 30 фоизга ошириш каби мақсад ва вазифалар белгиланган.

Шунингдек, Марказ раҳбари иштирокчиларга “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги Президент Фармонида белгиланган вазифаларнинг мазмун-моҳияти ҳақида маълумот берди.

Таъкидландики, бу йил Давлат дастурида ижтимоий-иқтисодий, давлат бошқаруви, суд-ҳуқуқ, хавфсизлик ва ташқи сиёсат йўналишларида жорий йилга мўлжалланган ислоҳотлар кўзда тутилган бўлиб, атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” масалаларига асосий эътибор қаратилган.

Тадбир якунида тингловчилар Стратегия ва Давлат дастурига оид ўзларини қизиқтирган саволларига жавоблар олишди. Шунингдек, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва мазкур жараёнда хотин-қизларнинг иштироки бўйича фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
ахборот хизмати