• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
ЎРТА ДАРОМАД ТУЗОҒИ: ИҚТИСОДИЙ ЎСИШНИНГ СЕКИНЛАШИШ САБАБЛАРИ НИМАДА?
6364 | 24 Апр. 2025 й.

Жамшид ШАРИПОВ,
«Тараққиёт стратегияси» маркази бўлими бошлиғи

 

Жаҳон банки томонидан ўрта даромадли (яъни, аҳоли жон бошига ЯИМ ҳажми 1 136 доллардан 13 845 долларгача ташкил этган) мамлакатларнинг имкониятлари ва муаммолари атрофлича таҳлил қилинган «World Development Report 2024: The Middle-Income Trap» (WDR 2024) номли навбатдаги ҳисобот чоп этилди[1].

Ушбу ҳисоботга кўра, 108 та давлатда, жумладан Ўзбекистонда киши бошига ЯИМ ҳажми АҚШ ўртача кўрсаткичининг 10 фоизидан ёки тахминан 8 000 доллардан паст даражада сақланиб қолса, улар «ўрта даромад тузоғи»га тушиб қолиш хавфи остида бўлиши қайд этилган.

Даромади ўртачадан паст бўлган давлатлар тоифасига кирувчи Ўзбекистон учун (2023 йилда аҳоли жон бошига ЯИМ тахминан 2 849 АҚШ долларни ташкил этган[2]) бу муаммо – глобал муаммолар, айниқса иқлим ўзгариши, протекционизмнинг кучайиши ва демографик ўзгаришлар шароитида долзарб бўлиб қолмоқда.

«Ўртача даромад тузоғи» – бу тушунча илк марта Жаҳон банки томонидан 2007 йилда An East Asian Renaissance ҳисоботига киритилган бўлиб, у мамлакатлар ўртача даромад даражасига етиб, иқтисодий ўсишнинг секинлашишига дуч келган ва юқори даромадли мамлакатлар мақомига ўта олмаган вазиятни намоён этади.

Ҳисоботда юқори даромадли давлатлар мақомига эришишга интилаётган ҳукуматлар учун «учта И стратегияси» тавсия этилади. Ривожланиш босқичига қараб, барча мамлакатлар изчил ва аста-секинлик билан мураккаброқ сиёсат тўпламини қўллашлари керак бўлади.

Паст даромадга эга давлатлар, фақат сармояни кўпайтиришга қаратилган сиёсат чораларига эътибор қаратиши мумкин, бу – «И-1» босқичи. Аммо улар даромади ўртачадан паст бўлган мамлакатлар тоифасига ўтиши биланоқ, тактикани ўзгартириши ва сиёсий чоралар мажмуини «И-2» босқичига, яъни сармояни хорижий технологияларнинг «инъекциялари» билан бирлаштирадиган, хусусан, уларни иқтисодиётнинг турли соҳаларига жорий этиш ва тарқатиш босқичи томон кенгайтириши лозим.

Ўртачадан юқори даромад даражасига эришгач, давлатлар ўз тактикасини яна ўзгартириб, сармоялар, технологик «инъекциялар» ва инновацияларни бирлаштирган якуний «И-3» босқичига ўтишлари зарур. Инновациялар босқичида мамлакатлар нафақат илғор жаҳон технологик чегараларидан ғояларни ўзлаштиради, балки бу чегараларни кенгайтиради ҳам.

Ушбу таҳлилий мақолада Ўзбекистондаги жорий вазият, барқарор ўсиш йўлидаги асосий тўсиқлар ва «ўртача даромад тузоғи»ни бартараф этиш чоралари ҳақида сўз боради.

Ўзбекистондаги жорий вазият

Ўзбекистон валюта бозорини либераллаштириш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш ва ўта қашшоқликни камайтириш каби 2017 йилда бошланган ислоҳотлардан сўнг барқарор иқтисодий ўсишни намойиш этиб келмоқда.

Жаҳон банки маълумотларига кўра, 2023 йилда Ўзбекистонда аҳоли жон бошига ЯИМ ҳажми 2 849 долларга етди, бу эса мамлакатни ўртача даромаддан паст даражадаги (1 100–4 300 доллар) давлатлар қаторига киришга имкон берди.

Кўламли ислоҳотлар, жумладан инфратузилмани модернизация қилиш ва сармояларни жалб этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар натижасида 2024 йилда Ўзбекистон иқтисодиёти ижобий динамикани кўрсатишда давом этди. Хусусан, камбағаллик даражаси 8,9 фоизгача, инфляция 9,8 фоизгача пасайди, ЯИМ ҳажми 6,5 фоизга ва экспорт 8,3 фоизга ўсди. Шу билан бирга, аҳоли таркибида ёш аҳоли улушининг ошиши (аҳолининг ўртача ёши 28 ёш), рақамлаштириш ва модернизация қилишга қаратилган «Ўзбекистон – 2030» стратегияси, мамлакатнинг ривожланиши учун янгидан-янги имкониятларни яратмоқда.

Нега давлатлар «ўрта даромад тузоғи»га тушиб қолди?

Жаҳон банки экспертларининг фикрига кўра, иқтисодиётнинг паст диверсификацияси, эскирган иқтисодий моделлар, институционал чекловлар, иқлим ўзгариши ва протекционизм давлатларни турғунликка олиб боради. Ушбу омиллар WDR 2024 ҳисоботида келтирилган «ўртача даромад тузоғи» тавсифига ҳам мосдир.

Ўзбекистон юқори даромад даражасига ўтишни секинлаштирувчи бир қатор таркибий, институционал ва ташқи тўсиқларга дуч келмоқда. WDR 2024 таҳлилига кўра, «ўртача даромад тузоғи» – давлатлар ушбу тўсиқларни енгиб ўта олмаганида ва янги иқтисодий воқеликларга мослаша олмаганида юзага келади. Шунингдек, ҳисоботда Ўзбекистонни «ўртача даромад тузоғи»да ушлаб турган асосий омиллар келтириб ўтилган, жумладан:

I. Таркибий турғунлик ва паст технологик мослашувчанлик. Жаҳон банки экспертларининг фикрига кўра, Ўзбекистон иқтисодиёти қишлоқ хўжалиги ва ресурсларни қазиб олишга йўналтирилган паст технологияли давлат сифатида қолмоқда.

Глобал технологияларга кириш бир неча сабабларга кўра чекланган. Биринчидан, Ўзбекистон халқаро таъминот занжирларига заиф интеграциялашган, бу эса, илғор технологиялар ва «ноу-хау» трансферини қийинлаштиради. Иккинчидан, илмий тадқиқотлар ва ишланмалар сектори етарли даражада молиялаштирилмаган, уларга қилинган харажатлар ЯИМнинг атиги 0,12 фоизини ташкил этади[3], бу, худди шундай даромадга эга бўлган давлатлар ўртача кўрсаткичи билан солиштирганда анча паст. Учинчидан, малакали кадрларнинг етишмаслиги муаммони янада чуқурлаштиради, саводхонлик даражаси юқори бўлишига қарамай, таълим тизими юқори технологиялар соҳасида мутахассислар тайёрлашга етарлича йўналтирилмаган. Мисол учун, олий таълим муассасалари битирувчиларининг атиги 14 фоизи техник мутахассисликларга тўғри келади, бу эса муҳандислик ва ахборот технологиялари бўйича мутахассислар танқислигини келтириб чиқаради[4].

II. Ташқи имкониятларнинг торайиши. Жаҳон банки тадқиқотларига кўра, геосиёсий кескинлик ва протекционизмнинг кучайиши Ўзбекистоннинг экспорт салоҳиятига, айниқса, Россия ва Хитой бозорларига таҳдид солмоқда. Юқори қарз юки ва капитал қўйилмаларга боғлиқлик молиявий мослашувчанликни камайтиради. Сув танқислиги ва ер деградацияси каби иқлим хавфлари иқтисодий барқарорликни янада мураккаблаштиради ва мослашишга сармоя киритишни талаб этади.

III. Энергетик заифлик. Ўзбекистон иқтисодиёти газга жуда боғлиқ (энергия балансининг 80-90 фоизи), Жаҳон банки экспертларининг ҳисоб-китобига кўра, 2060 йилга бориб газ импортига қарамлик 66 фоизга етиши мумкин[5], бу эса, ўз навбатида, мамлакатни углеродга қарамликни оширади ва декарбонизация бўйича глобал мақсадга эришишга салбий таъсир кўрсатади.

Ўз навбатида, қуйида келтирилган диаграммада қайта тикланувчи энергия манбалари бўйича сармоя қиймати ўртача даромаддан паст бўлган давлатларда, жумладан, Ўзбекистонда 8,5 фоиздан юқори эканлигини ва юқори даромадли мамлакатларга нисбатан икки баравар кўп эканлигини кўриш мумкин, бу эса «яшил» энергетикага ўтишда молиявий тўсиқларни келтириб чиқариш эҳтимоли юқорилигини кўрсатади. Жаҳон банки экспертларининг фикрига кўра, давлат корхоналарининг энергетика соҳасидаги устунлиги ва эскирган инфратузилма вазиятни янада мураккаблаштирмоқда.

 

«Ўртача даромад тузоғи»дан қандай қутулиш мумкин?

WDR 2024 ҳисоботи директорининг таъкидлашича, олдинга силжиш осон бўлмайди, аммо мамлакатлар бугунги мураккаб шароитда ҳам тараққиётга эришиши мумкин.

Даромади ўртачадан паст бўлган давлатлар каби Ўзбекистоннинг сармоялар орқали анъанавий ўсиш стратегияси ўзини тўлиқ оқламаётган мураккаб босқичда турибди. Шу муносабат билан, WDR 2024 «ўртача даромад тузоғи»га тушиб қолган давлатлар учун қуйидаги йўналишларда ислоҳотларни амалга оширишни тавсия этади:

I. «И-1» (сармоялар) босқичидан «И-2» (сармоялар + технологияларни жорий этиш) босқичига ўтиш. Ўзбекистон «ўртача даромад тузоғи»дан чиқиши учун WDR 2024 тавсиялари ва маҳаллий хусусиятларни ҳисобга олган ҳолда «И-2» (сармоялар + технологияларни жорий этиш) стратегиясини амалга ошириши зарур. Ушбу тузоқни муваффақиятли енгиб ўтишга мисол қилиб, Жанубий Корея, Польша ва Чили давлатлари тажрибасини келтириб ўтиш мумкин.

Жанубий Корея 1960 йилларда асосий инфратузилмага сармоя кирита бошлади, 1970 йилларда эса, хорижий технологияларни жорий этишга ўтди (мисол учун, Жанубий Кореянинг «Samsung» компанияси Япониянинг «Sanyo» ва «NEC» компанияларидан технологияларни лицензиялаб олди) ва кейинчалик инновациялар бўйича етакчига айланди, 2023 йилга келиб аҳоли жон бошига ЯИМ ҳажмини 33 000 долларга етказди.

Польша Ғарбий Европа технологиялари орқали меҳнат унумдорлигини оширди, Чили эса Норвегиядан лосось балиғини етиштириш бўйича технологияларни ўзига мослаштириб, йирик экспортчига айланди. Ушбу давлатлар «учта И» (сармоялар, технологиялар, инновациялар) босқичларидан изчиллик билан ўтиш ҳамда «ўртача даромад тузоғи»дан чиқиш имкони мавжудлигини кўрсатиб берди.

Иқлим ўзгариши, геосиёсий ва ижтимоий муаммолар шароитида «И-2» стратегиясига ўтишдан воз кечиш, «ўртача даромад тузоғи»да узоқ вақт қолиб кетишга олиб келиши мумкин.

II. Рақобатни кучайтириш. Давлат корхоналарини ислоҳ қилиш ва хусусий компанияларнинг кириши учун тўсиқларни камайтириш, ўз навбатида, инновациялар ва ўсишни рағбатлантиришга ёрдам беради. WDR 2024 ҳисоботида қайд этилишича, давлат корхоналарини ислоҳ қилиш хусусий сектор учун қўшимча ресурсларни яратади ва иқтисодиётнинг самарадорлигини оширади. Чунки Ўзбекистонда давлат корхоналари, асосан, паст унумдорлик билан ишлайди ва катта субсидияларни талаб қилади. Жаҳон банкининг «Ўзбекистоннинг иккинчи тизимли диагностикаси» ҳисоботида келтирилишича, давлат корхоналарига аниқ ва квази-фискал субсидиялар ҳажми ЯИМнинг қарийб 7 фоизини ташкил этади[6].

Шунингдек, Жаҳон банки экспертлари Ўзбекистонда қўлланиладиган мустақил регуляторларни мустаҳкамлашга қаратилган қонунларни жорий этишни тавсия этган.  Чунки тадқиқот натижалари шуни кўрсатадики, юқори сармоя қиймати (Ўзбекистон каби мамлакатлар учун 8,5 фоиз) «яшил» сармояларни тўхтатади. Польша (Urząd Regulacji Energetyki) мисолида бўлгани каби мустақил регуляторлар шаффоф қоидалар орқали ушбу қийматини пасайтириши мумкин, бу, Ўзбекистон энергетика соҳасига ҳам тааллуқли.

III. Инсон капиталига сармоялар. STEM-йўналишларда (фан, технология, муҳандислик, математика, АКТ) таълим олиш имкониятини кенгайтириш муҳим, бу, ёшлар салоҳиятидан фойдаланишни оширади ва «ўртача даромад тузоғи»ни енгиб ўтиб, Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсишини тезлаштиришга имкон беради.

Ўзбекистон Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, талабаларнинг тахминан 14 фоизи табиий фанлар ва АКТ йўналишларида таҳсил олади, бу эса, 1980 йилларда 30-40 фоизни ташкил этган Жанубий Корея каби юқори даромадли иқтисодиётга муваффақиятли ўтган давлатларга қараганда анча паст. STEM соҳасида мутахассисларнинг етишмаслиги инновациялар ва юқори технологияли тармоқларнинг ривожланишини чеклайди. Масалан, Ўзбекистонда юқори технологияли экспортнинг улуши экспорт умумий ҳажмининг атиги 1,4 фоизини ташкил этади[7], юқори даромадли мамлакатларда эса бу кўрсаткич ўртача 20 фоиздан ошади[8].

IV. Иқтисодиётнинг углеродга бўлган талабини камайтириш. Ўзбекистон энергия тежамкор технологияларни жорий этиши ва қайта тикланадиган энергия манбаларини (ҚТЭМ) субсидиялаш орқали газга қарамликни босқичма-босқич камайтириши зарур. WDR 2024 ҳисоботида келтирилишича, халқаро молиялаштириш орқали «яшил» лойиҳалар учун сармоя қийматини пасайтириш зарур, бу эса, барқарор иқтисодиётга ўтишни тезлаштириш учун муҳим қадамдир.

Ўзбекистонда энергетика секторининг табиий газга юқори даражада боғлиқлиги (мамлакатдаги газнинг 85 фоизи электр энергия ишлаб чиқариш учун ишлатилади) атмосферага чиқарилаётган умумий иссиқхона газларининг қарийб 75 фоизининг асосий манбаи бўлиб қолмоқда. Жаҳон банки ҳисоб-китобларига кўра, 2060 йилга бориб углерод нейтраллигига эришиш учун Ўзбекистон энергетикага ўтиш, жумладан, инфратузилмани модернизация қилиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришга 341 млрд. доллар сармоя киритиши зарур[9].  

Энергия тежамкор технологияларни жорий этиш орқали газ сарфини сезиларли даражада камайтириш мумкин. Мисол учун, ишлаб чиқарилаётган электр энергиянинг 80 фоиздан ортиғи эскирган иссиқлик электр станциялари ҳиссасига тўғри келади, уларни модернизация қилиш натижасида 20-30 фоизга яқин энергия йўқотишларини камайтириш мумкин. Бундан ташқари, саноат ва уй-жой секторида биноларни иссиқлик изоляцияси ва иссиқлик насосларидан фойдаланиш каби энергия тежамкор технологияларга ўтиши истеъмолнинг сезиларли қисмини (йилига тахминан 25 млрд. куб) ташкил этувчи иситиш газига бўлган талабни камайтириши мумкин.

Қайта тикланадиган энергия манбаларини субсидиялаш энергия балансини диверсификация қилишда муҳим роль ўйнайди. Ҳозирги вақтда мамлакатда электр энергияси ишлаб чиқаришнинг умумий ҳажмида қайта тикланадиган энергия манбаларининг улуши асосан гидроэнергия ҳисобига қарийб 10 фоизни ташкил этади[10], қуёш ва шамол энергияси салоҳияти эса деярли фойдаланилмай қолмоқда.

Ўзбекистон 2030 йилга бориб қайта тикланувчи энергия манбалари қувватини 25 минг мегаваттга ва унинг умумий истеъмолдаги улушини 40 фоизга етказишни, шунингдек атмосферага ифлослантирувчи моддалар чиқиндиларини 10,5 фоизга камайтиришни режалаштирмоқда[11]. Бироқ, юқори сармоя харажатлари «яшил» лойиҳаларни кенгайтириш учун тўсиқ бўлиб қолмоқда.

Ривожланаётган мамлакатларда, шу жумладан Ўзбекистонда, қайта тикланувчи энергия манбалари лойиҳалари учун кредитлар бўйича фоиз ставкалари камида 15 фоизни ташкил этади, бу эса, ривожланган мамлакатларга қараганда икки-уч баравар юқори. WDR 2024 ҳисоботида Халқаро молия корпорацияси ва Осиё тараққиёт банки каби ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш орқали ушбу харажатларни камайтириш мумкинлиги таъкидланган.

Мисол учун, Халқаро молия корпорацияси 2024 йилда Ўзбекистонга қуёш энергияси ва энергия сақлаш тизимлари лойиҳалари учун 240 млн. доллар ажратди, бу эса ҳар йили углерод чиқиндиларини 1,3 млн. тоннага камайтириш имконини беради[12]. Тўлов кафолатлари ва имтиёзли кредитлар каби механизмлар хусусий сармояларни жалб қилишда, хатарларни камайтиришда ва лойиҳаларни иқтисодий жиҳатдан самарали бўлишига имкон беради.

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистонда анъанавий ўсиш драйверлари бўлиб келган – инфратузилмага сармоялар ва хомашё экспорти бугунги кунда ўзининг долзарблигини йўқотмоқда, шу боис WDR 2024 ҳисоботида келтирилган тавсия ва хулосалар долзарб бўлиб қолмоқда. Таклиф этилган чора-тадбирларни амалга ошириш – технологик модернизация, институтларни мустаҳкамлаш, инсон капиталини ривожлантириш ва «яшил» трансформация – Ўзбекистонга иқтисодий ўсишни жадаллаштириш ва «Ўзбекистон – 2030» стратегиясида кўзда тутилган юқори даромадли давлат мақомини олишга имкон беради.

 

 

4
Похожие новости