• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

МАРКАЗИЙ ОСИЁ ВА КЎРФАЗ ДАВЛАТЛАРИ ҲАМКОРЛИК КЕНГАШИ МАМЛАКАТЛАРИ ТАҲЛИЛ МАРКАЗЛАРИ ФОРУМИ ЎТКАЗИЛДИ

2025 йилнинг 21-22 апрел кунлари Тошкент шаҳрида Марказий Осиё мамлакатлари ва Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши мамлакатлари таҳлил марказларининг биринчи форуми бўлиб ўтди. Марказий Осиё Халқаро Институти ва «Bourse & Bazaar» тадқиқот фонди ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу форумда «Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори Элдор Туляков ҳамда Марказ экспертлари иштирок этди.

Тадбирда иштирокчилар томонидан савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда минтақалараро мулоқотни такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Сессия муҳокамаларида Э.Туляков асосий эътиборни Ўзбекистон Кўрфаз араб давлатлари билан икки ва кўп томонлама ҳамкорлик динамикасини изчил ошириб бораётганлигига қаратди. Таъкидландики, мазкур ҳамкорлик динамикаси, аввало, олий даражадаги саммитлар ҳамда ташқи ишлар вазирлари даражасидаги сиёсий мулоқотнинг фаоллашуви орқали таъминланмоқда.

Бундан ташқари, Марказий Осиё ва Кўрфаз араб давлатлари ўртасида ўзаро савдо ҳажмининг барқарор ўсиши, энергетика, озиқ-овқат, саноат, транспорт ва бошқа соҳалардаги етакчи компаниялар томонидан амалга оширилаётган инвестицияларнинг ортиши, айниқса, «яшил энергетика» ва бошқа йўналишларда, шунингдек, маданий-гуманитар ҳамкорликнинг кучайиши ҳудудлар ўртасидаги икки томонлама шерикликни янада чуқурлаштириш учун мустаҳкам асос яратмоқда.

Шунингдек, форум доирасида академик алмашинувлар, ёшлар дастурлари, туризм ва фуқаролик жамияти ташаббуслари, хусусан, қўшма таълим дастурларини яратиш, ёшлар форумлари ва маданий фестивалларини ўтказиш ҳамда минтақалараро гуманитар алоқалар соҳасида фаолият юритадиган ноҳукумат ташкилотларни қўллаб-қувватлаш имкониятлари муҳокама қилинди.

Сессиялар якунида икки минтақа ўртасидаги институтлаштирилган ҳамкорликни чуқурлаштириш йўлларини кўриб чиқилди. 2023 йилда Жидда шаҳрида бошланган «Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши» форматининг 2025 йилда Самарқандда давом эттирилиши алоҳида таъкидланиб, ушбу формат доирасида мунтазам равишда эксперт учрашувларини ҳам ўтказиш зарурлиги қайд этилди.

Форум якунида брифинг ўтказилиб, икки кунлик муҳокамалар натижалари умумлаштирилди.

Иштирокчилар форум доирасидаги муҳокамалар самарадорлигига тўхталиб, минтақавий ҳамкорликда янги босқичга – мақсадлардан амалий қадамлар, мулоқотдан барқарор ҳамкорлик шаклларига ўтиш зарурлигини яна бир бор қайд этишди.

«Тараққиёт стратегияси» маркази
Ахборот хизмати