• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

МАРКАЗ ХОДИМИ «ХАЛҚ ДИПЛОМАТИ» КЎКРАК НИШОНИ БИЛАН ТАҚДИРЛАНДИ

15 июнь – Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ташкил топган кун. Сана муносабати билан Ўзбекистондаги ШҲТ Халқ дипломатияси маркази томонидан «Халқ дипломати» кўкрак нишонини топшириш маросими ўтказилди.

Мазкур эътирофга халқ дипломатияси ривожига муносиб ҳисса қўшган бир гуруҳ давлат арбоблари, олим, ёзувчи, фан, санъат ва маданият соҳаси вакиллари ҳамда фуқаролик жамияти фаоллари муносиб кўрилди. Жумладан, «Халқ дипломати» кўкрак нишони билан «Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори ўринбосари Нилуфар Дониёрходжаева тақдирланди.

Ушбу кўкрак нишони Марказ ходимига халқлар дўстлигини мустаҳкамлаш, маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорликни ривожлантириш ва ўзаро ҳурмат, бағрикенглик ғояларини кенг тарғиб қилиш йўлидаги фаол саъй-ҳаракатлари учун берилди.

Маълумот учун, «Халқ дипломати» кўкрак нишони ШҲТга аъзо давлатлар ўртасида ўзаро ишонч ва яхши қўшничилик, миллатлараро ва динлараро тотувликни мустаҳкамлаш, цивилизациялараро мулоқотни кучайтириш, ўзаро маданий – гуманитар алоқаларни кенгайтириш, фуқаролик жамияти институтлари, ёшлар ва хотин-қизлар ташкилотлари ўртасида дўстона ҳамкорлик муҳитини қарор топтириш, ШҲТ мақсади, вазифаси ва устувор йўналишлари ҳамда асосий тамойилларини тарғиб этишга йўналтирилган фаолиятни рағбатлантириш мақсадида 2021 йилда Халқ дипломатияси маркази томонидан таъсис этилган.

Ўз навбатида, Марказ жамоаси Нилуфар Дониёрходжаевани ушбу эътироф билан самимий табриклаб, мустаҳкам соғлик, келгусидаги меҳнат фаолиятида улкан муваффақият ва зафарлар ҳамроҳлигини тилаб қолади.

«Тараққиёт стратегияси» маркази
Ахборот хизмати