• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

БУХОРО ВИЛОЯТИДА ДАВЛАТ ДАСТУРИ ИЖРОСИ ЎРГАНИЛМОҚДА

Жорий йилнинг 30 июнь – 2 июль кунлари “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан Бухоро вилоятида 2025 йилги Давлат дастури ижроси ҳолатини жамоатчилик мониторингини ташкил этиш мақсадида ўрганишлар ўтказилмоқда.

Жумладан, Бухоро шаҳрида Давлат дастурининг ижросига масъул бўлган тегишли идора ва ташкилотларнинг вилоятдаги ҳудудий бўлинмалари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида тадбир бўлиб ўтди.

Унда “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков иштирок этиб, жамоатчилик мониторинг тадбирларини ўтказишда эътибор қаратиладиган муҳим жиҳатларга тўхталиб ўтди. Таъкидланганидек, асосий мақсад – Стратегияда белгиланган устувор йўналишларни ҳаётга татбиқ этишда масъул ташкилотлар ва раҳбарлар билан очиқ мулоқот ўрнатиш, уларнинг мазкур дастурий ҳужжат ижросига бўлган шахсий масъулиятини ошириш, шунингдек, амалиётда учраётган муаммолар ва тўсиқларни аниқлаб, уларга биргаликда ечим топишдан иборат.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 30 январдаги
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги Фармонида “Тараққиёт стратегияси” маркази давлат дастурининг амалга оширилишини, шу жумладан, жойларга чиқиб, жамоатчилик фикрини инобатга олган ҳолда танқидий ўрганиб бориши белгиланган.

Шундан келиб чиққан ҳолда Марказ томонидан ҳудудларда таълим, соғлиқни сақлаш, ёшлар ва аёллар бандлиги, жамоат транспорти, ичимлик суви, экологик барқарорлик, спорт, “Яшил макон” ва “Яшил туризм” каби йўналишлар бўйича амалга оширилган ишлар, инфратузилма ривожи ҳамда аҳоли муаммоларини ҳал этиш борасидаги чора-тадбирларнинг амалий ҳолати мониторинг қилиб борилади.

Мазкур тадбирлар доирасида Марказ экспертлари уч кун давомида Бухоро вилоятидаги бир қатор ташкилот ва муассасалар ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинларида бўлиб “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида белгиланган вазифаларнинг ижро ҳолатини ўрганишмоқда.  

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати