• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

СТРАТЕГИК РЕЖАЛАШТИРИШ БЎЙИЧА ЛАТВИЯ ТАЖРИБАСИ ЎРГАНИЛМОҚДА

Жорий йилнинг 21-28 июль кунлари Ўзбекистоннинг давлат ва нодавлат ташкилотларидан 13 нафар мутахассис Латвия Республикасида ташкил этилган ўқув семинарида иштирок этмоқда.

Белгиланган талаблар асосида саралаб олинган иштирокчилар “Ўзбекистонда давлат бошқаруви тизимида салоҳиятни оширишни қўллаб-қувватлаш” лойиҳаси доирасида шу кунгача амалга оширилган стратегик режалаштириш бўйича еттита ўқув модулини якунлади.

Ушбу ўқув семинари Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) кўмагида Латвиянинг Марказий молия ва шартномалар агентлиги (CFCA) ва Ўзбекистон Ресубликаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Тадбирда “Тараққиёт стратегияси” марказининг бўлим бошлиғи Жамшид Шарипов ҳамда Стратегик ислоҳотлар агентлиги, Иқтисодиёт ва молия, Инвестициялар, саноат ва савдо, Рақамли технологиялар, Мактабгача ва мактаб таълими,  Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги ва Энергетика вазирликлари, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат активларини бошқариш агентлигидан мутахассислар иштирок этмоқда.

Ўқув машғулотларида асосий эътибор стратегик режалаштириш соҳасида институционал салоҳиятни кучайтиришга қаратилган. Маълумки, 2006 йилдан буён Латвия стратегик режалаштириш соҳасида самарали тизимни шакллантирган ҳамда бу борада ягона ёндашувни жорий этган давлатлардан бири ҳисобланади.  

Семинар давомида иштирокчилар стратегик режалаштириш тизимининг ташкил этилиши, стратегик дастурларни молиялаштириш тизими, самарадорлик кўрсаткичларини белгилаш ва баҳолашдаги ёндашувлар, мазкур жараёнда фуқаролик жамияти иштироки ва бошқа долзарб масалаларда Латвиянинг тажриба ва ютуқлари билан яқиндан танишмоқда.

Ўрганилган тажриба асосида жорий стратегияларни янада самарали амалга ошириш, ҳисобот механизмларини такомиллаштириш ва уларни дастурий бюджетлаштириш тизими билан интеграция қилишда кенг фойдаланиш кўзда тутилган.

Бир ҳафталик ўқув жараёнларида ўзлаштирилган билимлар  амалий машғулотлар билан мустаҳкамланиб, тадбир якуни бўйича иштирокчиларга сертификатлар топшириш белгиланган.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати