• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ШҲТ медиа ва таҳлил марказлари САММИТИ ДОИРАСИДА ЎЗАРО ҲАМКОРЛИКНИ МУСТАҲКАМЛАШГА ҚАРАТИЛГАН УЧРАШУВЛАР ЎТКАЗИЛДИ

Жорий йилнинг 23-25 июль кунлари “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков Хитойнинг Хенан провинцияси маркази Чжэнчжоу шаҳрида бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти медиа ва таҳлил марказлари саммитида Ўзбекистон – Хитой стратегик ҳамкорлигига бағишланган маърузаси билан иштирок этди.  Шу билан бир қаторда, Марказ раҳбари саммит доирасида хорижий ташкилотлар, илмий ва академик доира, етакчи таҳлил марказлари ва ОАВ вакиллари билан учрашув ҳамда мулоқотлар ўтказди.

Хусусан, Элдор Туляковнинг Хитой ижтимоий фанлар академияси Россия, Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича тадқиқотлар институти директори Сун Чжуанжи, Шанхай Глобал бошқарув ва минтақавий тадқиқотлар академияси директори Янг Чен, Синхуа институти раҳбари Лю Ган, Туркиянинг “Мармара групп” стратегик ва ижтимоий тадқиқотлар фонди директори Аккан Сувер каби қатор хорижий ҳамкорлар билан учрашувлари ташкил этилди. 

Учрашувларда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасида Марказий Осиё мамлакатлари ва Хитой ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашда ОАВ ҳамда таҳлил марказларининг ҳамкорлигини янада фаоллаштириш, хусусан, илмий-тадқиқот муассасалари, таҳлил марказлари ва ОАВ ўртасида ахборот алмашинуви, минтақавий ва глобал жараёнларни прогноз қилишда ҳамкорлик механизмлари, интеллектуал ресурслардан самарали фойдаланиш, шунингдек, таҳлилчилар ўртасида тажриба алмашиш, минтақавий барқарорликни таъминлашда ШҲТнинг ролини мустаҳкамлаш каби долзарб масалалар муҳокама қилинди.

Бундан ташқари, кўп томонлама манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари, қўшма тадқиқот лойиҳалари ҳамда биргаликда тадбирлар ташкил этиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Саммит доирасида Элдор Туляков ХХРнинг етакчи оммавий ахборот воситалари, хусусан, Синхуа ахборот агентлиги вакиллари билан мулоқотлар чоғида журналистларга ўндан ортиқ интервью берди.

Марказ раҳбари ўз интервьюларида Ўзбекистоннинг ШҲТдаги фаол ва конструктив роли, хусусан, хавфсизлик, иқтисодий ҳамкорлик ҳамда маданий алмашинув йўналишларидаги ташаббусларининг аҳамияти, Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги тобора ривожланиб бораётган стратегик шериклик муносабатлари, қолаверса, ўтказилган саммитнинг ўзаро маълумот алмашинув, қўшма тадқиқотларни йўлга қўйиш ҳамда ҳамкорликнинг янги имкониятларини кўриб чиқишда умумий платформа сифатидаги ўрни хусусида сўз юритди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати