• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА МЕЦЕНАТЛИКНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ИСТИҚБОЛЛАРИ
2122 | 29 Сен. 2025 й.

Жамшид Шарипов,
«
Тараққиёт стратегияси»

маркази бўлим бошлиғи

 

Хорижий амалиётда меценатлик маданият, фан ва таълим, соғлиқни сақлаш, экология, спорт ва ижтимоий ҳимоя соҳаларидаги ижтимоий аҳамиятга молик ташаббусларни ихтиёрий равишда беғараз қўллаб-қувватлаш ҳисобланади. Гуманитар соҳани модернизация қилиш ва фуқаролик жамияти иштирокини фаоллаштириш шароитида меценатликни ривожлантириш Ўзбекистон Республикасининг барқарор ривожланиши учун стратегик аҳамият касб этади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев 2023 йил 22 декабрь куни маданият ва санъат вакиллари билан учрашувда мамлакатимизда ушбу ҳаракатни мустаҳкамлаш зарурлигини таъкидлади ҳамда тўпланган тажрибани меценатликнинг барқарор ва самарали механизмига айлантириш мақсадга мувофиқлигини алоҳида қайд этди. У мисол тариқасида 2017 йилда «Ўзбекнефтгаз» компанияси иштирокида ташкил этилган ва маданият муассасаларига 85 миллиард сўмдан ортиқ ёрдам кўрсатган «Дўстлар клуби» фаолиятини келтирди[1].

Меценатликни ривожлантириш муаммолари

2019 йилдан бошлаб меценатлар, ёрдам олувчилар ва давлат органлари ўртасидаги муносабатларни тартибга солувчи «Меценатлик тўғрисида»ги Қонун (16.10.2019 йилдаги ЎРҚ-571-сон) амал қилмоқда. Қонунда ихтиёрийлик, шаффофлик ва беғаразлик тамойиллари мустаҳкамланган бўлиб, Маданият вазирлигининг ушбу фаолиятни мувофиқлаштириш бўйича ваколатлари белгиланган.

Бироқ, Қонуннинг амалдаги таҳририда меценатларни солиқ имтиёзлари билан рағбатлантиришнинг аниқ белгиланган механизми келтирилмаган, бу эса унинг амалий ижросини сезиларли даражада пасайтиради, хусусан:

•        Қонун билан имтиёзлар ва преференциялар берилиши белгиланган, бироқ уларни қўллашда ноаниқликлар мавжуд - қонун қоидалари Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг янги таҳририга интеграция қилинмаган;

• Меценатлик фаолиятини амалга оширувчи жисмоний шахслар учун солиқ чегирмаларининг чекланганлиги. Хусусан, Солиқ кодексининг 378-моддасида жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини ҳисоблаб чиқаришда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи солинадиган базанинг 50 фоизи миқдорида чегирма қилиш чегараси белгиланган бўлиб, бу меценатликни етарли даражада рағбатлантирмайди.

Шу билан бирга, меценатлик фаолиятининг маданият ва санъат соҳаси билан чекланганлиги, шунингдек, потенциал меценатларнинг қўллаб-қувватлаш имкониятлари ва механизмлари тўғрисида хабардорлигининг пастлиги ҳам меценатлик фаолиятининг ривожланишига таъсир кўрсатади.

Халқаро тажриба

Халқаро тажрибада қонунчилик ва институционал механизмлар орқали меценатликни рағбатлантиришнинг муваффақиятли мисоллари мавжуд, жумладан:

АҚШда: Солиқ кодекси жисмоний шахслар учун хайрия ташкилотлари кўмагида солиққа тортиладиган даромаднинг 60 фоизигача чегирмаларни тақдим этади. Шаффофлик нотижорат ташкилотларини мажбурий рўйхатдан ўтказиш ва оммавий ҳисобот бериш орқали таъминланади[2].

Буюк Британияда: Gift Aid дастури хайрия ташкилотларига ёрдам миқдорини 25 фоизга ошириб, хайрия солиғини қайтариш имконини беради. Шунингдек, ҳомийлар учун солиқ имтиёзлари, жумладан, маблағларни хайрияга ўтказганда мерос солиғидан озод бўлиш имкони мавжуд[3].

Францияда: Меценатлик тўғрисидаги қонун (2003) маданий, таълим ва илмий лойиҳаларни қўллаб-қувватлашда жисмоний шахслар учун 66% гача ва компаниялар учун 60% гача солиқ чегирмаларини тақдим этади. Рақамли платформалар орқали шаффоф ҳисобот бериш тизими меценатлик фаолиятига ишончни оширади[4].

БААда: Меценатлик давлат томонидан солиқ имтиёзлари ва хайрияларни рўйхатдан ўтказишнинг соддалаштирилган тартиби билан Dubai Cares каби фондлар орқали фаол қўллаб-қувватланади[5].

Бундан ташқари, БААда ҳомийлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида хайрия ташкилотлари ва давлат тузилмалари ўртасидаги товар хайриялари учун ҚҚСдан озод қилиш жорий этилган: йилига 5 миллион дирҳамгача бўлган бадалларга солиқ солинмайди, бу эса жамғармаларга юкни камайтиради ва кўпроқ маблағларни муҳтожларга ёрдам бериш ва ижтимоий лойиҳаларга йўналтириш имконини беради[6].

Сингапурда: Ҳомийлар учун максимал даражада қулай ва шаффоф шароитлар яратилган, хайрияни исталган банкнинг мобил иловаси орқали тўғридан-тўғри амалга ошириш мумкин, бунинг учун QR-кодни сканерлаш ёки ташкилотнинг ноёб рақамини киритиш кифоя. Бунда донор ўзининг солиқ идентификаторини (масалан, NRIC/FIN/UEN) кўрсатади, бу эса автоматик равишда солиқ чегирмасини олишни таъминлайди[7].

Данияда: Ҳомийлик солиқ имтиёзлари орқали қўллаб-қувватланади: 2025 йилдан бошлаб фуқаролар йилига 19 000 кронгача хайрия чегирмаларини олишлари мумкин, бунда солиқ маъмурияти киритилган сумманинг тахминан 26 фоизини қайтаради. Бундай механизм хайрияни бир вақтнинг ўзида ижтимоий аҳамиятли ва молиявий жиҳатдан фойдали қилади, меценатлик маданиятини ривожлантириш ва ижтимоий фойдали ташаббусларни кенгайтиришни рағбатлантиради[8].

Канадада: 1995 йилдан бери AFP (Маблағ йиғиш бўйича профессионаллар уюшмаси)нинг Катта Торонтодаги бўлими ҳар йили хайрия ютуқлари учун мукофотларни бериб боради. Ушбу мукофотлар меценатлар мисолида ҳомийлик ва кўнгиллиликнинг янги стандартларини шакллантириш ролини алоҳида белгилайди[9].

Ушбу мисоллар, самарали меценатлик аниқ солиқ имтиёзлари, шаффоф ҳисобот ва жамоатчилик эътирофини талаб қилишини  кўрсатадмоқда.

Меценатлик фаолиятини ривожлантириш юзасидан тавсиялар

Ўзбекистонда меценатлик фаолияти, айниқса сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш нуқтаи назаридан, катта салоҳиятга эга эканлигини инобатга олиб, қўйидагилар таклиф этилади:

  • таълим, соғлиқни сақлаш, экология, спорт, фан ва ижтимоий ҳимоя соҳалари ҳисобига меценатлик кўмагига олинадиган соҳалар рўйхатини кенгайтириш;
  • солиқ кодексига қуйидагиларни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритиш:
  • ЖШДСни ҳисоблашда жисмоний шахслар учун солиқ чегирмаларини солиқ солинадиган базанинг 70 фоизигача ошириш;
  • юридик шахслар учун меценатлик фаолиятини амалга оширишда солиқ солинадиган фойданинг 15 фоизигача бўлган миқдорда чегирмалар жорий этиш;
  • электрон солиқ платформалари билан интеграция қилиш орқали солиқ имтиёзларини тақдим этиш тартибини соддалаштириш.
  • фаол меценатлар ва амалга оширилаётган лойиҳаларни ҳисобга олиш ва оммалаштириш, меценатлик лойиҳаларини рўйхатга олиш ва мониторинг қилиш учун миллий платформани яратиш орқали меценатлар маблағларидан фойдаланишнинг шаффофлиги ва жамоатчилик назоратини таъминлаш учун рақамли платформалар имкониятларидан фойдаланиш;
  • алоҳида давлат ва жамоат мукофотларини таъсис этиш, фаол меценатларни рағбатлантириш учун миллий даражада «Йил меценати» унвонини жорий этиш, шунингдек, уларни тақдирлаш учун ҳар йили мукофотлар ва оммавий тадбирлар ўтказиш;
  • меценатлик фаолиятининг имкониятлари ва афзалликлари тўғрисида хабардорликни ошириш мақсадида олий ўқув юртлари ва корпоратив сектор учун таълим модулларини ишлаб чиқиш орқали молиявий саводхонлик дастурларига меценатликни киритиш;
  • тажриба алмашиш ва инвестицияларни жалб қилиш учун халқаро ташкилотлар ва жамғармалар билан ҳамкорликни ўз ичига олган меценатликни ривожлантириш бўйича миллий стратегияни ишлаб чиқиш;
  • Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузурида лойиҳаларни мувофиқлаштирадиган, меценатларга маслаҳатлар берадиган ва маблағларни сарфлашнинг шаффофлигини таъминлайдиган махсус меценатликни қўллаб-қувватлаш жамғармасини ташкил этиш.
 

[1] https://t.me/Press_Secretary_Uz/3675

[2] https://www.irs.gov/pub/irs-prior/p526--2023.pdf

[3] https://www.nptuk.org/philanthropic-resources/giving-perspectives/what-is-gift-aid/

[4] https://www.altertax-avocats.com/en/patronage-and-taxes-how-to-benefit-from-a-tax-reduction-to-support-causes-close-to-your-heart/

[5] https://u.ae/en/information-and-services/charity-and-humanitarian-work/ways-of-doing-charity-in-the-uae

[6] https://www.tasshamjit.com/uae-revises-vat-law-introducing-new-tax-exemptions-to-boost-investment-and-charitable-activities/

[7] https://www.sgh.com.sg/giving/make-a-gift

[8] https://skat.dk/borger/fradrag/fradrag-for-gaver-og-bidrag-til-velgoerende-foreninger

[9] https://afptoronto.org/philanthropy-awards/


1
Похожие новости