• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ЛИТВАНИНГ ДАВЛАТ БОШҚАРУВИ ВА МАҲАЛЛИЙ ҲОКИМИЯТ ТИЗИМИДАГИ ТАЖРИБАСИ ЎРГАНИЛДИ

Ўзбекистон Республикаси делегацияси Европа мамлакатларида давлат бошқаруви ҳамда маҳаллий ҳокимият тизимини ташкил этиш бўйича илғор тажрибаларни ўрганиш мақсадида Литва Республикасига амалий ташриф билан борди. Ташриф Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори молиявий кўмагида ташкил этилди.

Литва Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Давлат бошқаруви ва маҳаллий ҳокимият департаменти, Литва парламенти (Сейм) ҳамда Зарасай тумани ҳокимлиги раҳбарияти билан учрашувлар ўтказилди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази вакиллари, Халқ депутатлари Фарғона вилояти ҳамда Тошкент шаҳар Кенгашлари депутатларидан иборат ўзбекистонлик делегация аъзолари дастлаб Литва Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги департаментда бўлди. 

Ўтказилган мулоқот чоғида маҳаллий давлат бошқаруви соҳасидаги қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш, маъмурий тартибга солиш ва маъмурий хизматлар кўрсатиш амалиёти, шунингдек, давлат органларининг ички бошқарув тизимини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди. 

Литвада давлат бошқарувини ривожлантиришда Европа Иттифоқи аъзоси бўлган мамлакатлар тажрибаларини ўрганиш ва уларнинг самарали моделларини миллий шароитга мослаштириш амалиёти билан танишдилар. Делегация аъзоларига давлат сиёсатини ишлаб чиқишнинг сифатини ошириш, хизматлар самарадорлигини таъминлаш ва институционал ҳисобдорликни мустаҳкамлаш бўйича маълумотлар берилди. 

Литва парламенти – Сеймда бўлиб ўтган учрашувда Иқтисодиёт қўмитаси раиси Саулиус Буцевичюс ҳамда Миллий хавфсизлик ва мудофаа қўмитаси раиси Римантас Синкявичюс билан миллий сиёсат ва маҳаллий бошқарув соҳасидаги амалий ёндашувлар, қарор қабул қилишдан тортиб ижро ва назоратгача бўлган яхлит тизим муҳокама этилди. Литва парламентининг маҳаллий кенгашлар фаолиятини қонунчилик орқали қўллаб-қувватлаш ва давлат бошқарувида ҳисобдорликни таъминлаш тажрибаси атрофлича кўриб чиқилди.

Зарасай тумани ҳокимлигида туман ҳокими Нийоле Гуобене ва жамоаси билан ўтган амалий мулоқот чоғида ҳоким ҳамда ижрочи директорнинг ваколатлари, маҳаллий кенгаш аъзоларининг фаолияти, сиёсий қарорларни қабул қилиш ва улар ижросини назорат қилиш механизмлари бўйича амалий тажриба ўрганилди. 

Шунингдек, туризм ва маданият йўналишларида ҳамкорлик қилиш имкониятлари муҳокама қилиниб, ўзаро ташрифлар уюштириш, халқлар ўртасида маданий мулоқотни кучайтириш, анъаналар ва таомлар билан танишиш орқали ўзаро англашувни чуқурлаштириш бўйича келишувга эришилди.

– Ташриф якунлари бўйича кўплаб устувор хулосалар қайд этилди, – дейди “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков. – Литвада маҳаллий кенгашлар Ўзбекистондан фарқли равишда пропорционал сайлов тизими асосида шакллантирилади. Муниципалитетлар кенг ваколатларга эга бўлиб, болалар боғчалари ва мактаб таълимини ташкил этиш, ижтимоий хизматлар кўрсатиш, маданиятни ривожлантириш, бошланғич тиббий ёрдамни таъминлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, маҳаллий транспорт ва аҳамиятга эга йўлларни бошқариш, энергия, иссиқ ва ичимлик суви билан таъминлаш, шаҳарсозлик, чиқиндиларни йиғиш ва қайта ишлаш, ёнғин хавфсизлиги ҳамда қутқарув хизмати каби йўналишларда фаолият юритади. 

Мамлакат миқёсида муниципалитетларни бирлаштириш ва йириклаштириш сиёсати изчил амалга оширилмоқда. Ҳокимлар тўғридан-тўғри сайланади; маҳаллий кенгашларга оид давлат сиёсатини шакллантириш Ички ишлар вазирлиги ваколатига киради. Конституция ва қонунларга риоя этилиши, шунингдек, Ҳукумат қарорлари ижроси устидан назорат Ҳукумат томонидан тайинланадиган ҳудудий вакиллар орқали таъминланади. Маҳаллий кенгашлар ҳузурида ҳудудий ҳисоб (аудит) палаталари ва қўмиталари фаолият кўрсатади ҳамда улар тўғридан-тўғри кенгашга бўйсунaди. Аксарият депутатлар  жамоатчилик асосида иш олиб боришларига қарамасдан ойлик маош оладилар, шу билан бирга, кенгаш раиси, унинг ўринбосари ва комиссия раислари доимий асосда меҳнат қиладилар.

Ўзбекистон делегацияси давлат бошқаруви ва маҳаллий ҳокимият тизимида тажриба алмашишни изчил давом эттиришга тайёрлигини таъкидлади.

Сафар жараёнида олинган билим ва тажрибалар мамлакатимизда идоралараро ҳамкорликни кучайтириш, фуқароларга йўналтирилган хизматлар тизимини ривожлантириш ҳамда марказий ва маҳаллий органлар фаолиятини мувофиқлаштиришда амалий аҳамият касб этади.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати